Испания Миллий кутубхонасида Галилейнинг бешта китоби йўқолган
Испания Миллий кутубхонасида Галилео Галилейнинг битта эмас, нақ бешта китоби йўқолгани маълум бўлди, деб хабар беради РИА Новости мамлакат маданият вазирлиги берган маълумотга таяниб.
Март ойининг ўрталарида мамлакат бош кутубхонасидан 1610 йилда нашр қилинган Sidereus Nuncius трактати ғойиб бўлгани аниқланди. Кутубхона ходимлари 2014 йилда ушбу нодир асарнинг асл нусхаси қалбакисига алмаштирилганини билиб қолган, лекин полицияга 2018 йилда хабар қилган, оммага эса яқинда маълум бўлди.
Текширувлар шуни кўрсатмоқдаки, кутубхонада базага киритилган қарийб 15 мингта китоб ва ҳужжатларни топишнинг имкони бўлмаяпти. Уларнинг катта қисми 1980-1990- йилларда йўқолгани маълум бўлди. 1987 йилда кутубхонада ўғирлик содир этилган эди, йўқолган китобларнинг аксарият қисми ушбу воқеа билан боғлиқ, дейилади Миллий кутубхонанинг апрель ойи ҳисоботида.
Йўқолган китоблар орасида Галилейнинг битта эмас, нақ бешта китоби ҳам борлигини махсус ташкил этилган комиссия аниқлаган.
Хабарда айтилишича, барча йўқолган китобларнинг рўйхати Миллий полицияга топширилган.