Испания: автобусда ёзилган таассуротлар
Испанлар ҳар бир қарич ернинг қадрига бориб, оқилона фойдаланади. Сувга бўлган муносабати ҳам ўрнак олса, арзигулик.
Европа Иттифоқининг молиявий кўмагида “Ўзбекистонда барқарор сув ва экологик ривожланиш учун ҳамкорлик ва хабардорликни ошириш. Компонент 3” (UzWaterAware) лойиҳаси доирасида Марказий Осиё минтақавий экологик маркази томонидан ташкил этилган стади-тур доирасида Испаниянинг Альмерия шаҳри томон автобусда йўл олар эканмиз, бу ернинг тоғларигача яшилликка бурканганига гувоҳ бўлдик.
Испанлар ҳар бир қарич ернинг қадрига бориб, оқилона фойдаланади. Сувга бўлган муносабати ҳам ўрнак олса, арзигулик. Бадомохон сув омбори билан танишиш чоғида бу неъмат улар учун ниҳоятда қадрли эканига гувоҳ бўлдик.
15 минг гектар майдонни суғоришга мўлжалланган ушбу сув иншооти 2000 йилда қурилган. Шу боис, бу ерда замонавий технологиялар асосида сув тақсимланади.

– Бу ерда атиги уч нафар ишчи ишлайди. Сув омбори стратегик объект эмас. Агар кимдир нимадир қилмоқчи бўлса, ўша одам ўзига ёмонлик қилган бўлади. Кейин сувнинг нархи қиммат эканини билган ҳар бир фойдаланувчи унга онгли муносабатда бўлади-да, – деди мазкур иншоот раҳбари Педро Эскрибано.
Чиндан ҳам бу заминда сув ва ернинг қадри баланд экан. Тоғлар, адирлар ва текисликларга дарахтлар экилган. Шу даражада ишлар режали ва тартиб билан амалга оширилганки, испанларнинг меҳнатсеварлигига қойил қолмаслик мумкин эмас. Сув омбор атрофида зайтун ва бодом дарахтлари парваришланади. Майдоннинг тўқсон фоизи эса зайтун ҳосилига тўғри келади.
Мана, бугун сафаримизнинг еттинчи куни. Шу вақт давомида Мадрид, Толедо, Кордоба, Альмерия шаҳарларида бўлдик. Уларнинг ҳар бири ўзгача олам. Архитектураси, гўзал манзаралари, бинолари бири иккинчини такрорламайди.
Аввало, икки оғиз Испания ҳақида. Бу давлат Қирол

лик асосида бошқарилади. Испаниянинг ҳудуди шарқ ва жанубда Ўртаер денгизи, ғарбда эса Атлантика океани сувлари билан ўралган. Иқлими кескин ўзгарувчан. Аҳолиси деярли 40 миллионни ташкил этади. Давлат дини — рим-католик. Испанияликларнинг деярли 95 фоизи католикдир.
Испаниянинг пойтахти бўлган Мадрид сайёҳлар шаҳри ҳам экан. Уларни тарихий обидалар, яна спорт ишқибозларини Реал-Мадрид футбол жамоасининг бетакрор ўйинлари лол қолдириб, бу заминни кўришга келади.
Бизнинг гуруҳимизда ҳам унинг ишқибозлари кўп экан. Дастлаб биз икки қаватли очиқ автобусда шаҳар айланиб, стадион биноси олдига ҳам бордик. Биз стадион олдига расмга тушиш билан кифоялансак, чин ишқибозлар 25 евро тўлаб, унинг ичини ҳам томоша қилишди.
Испанлар учун якшанба куни ҳақиқий дам олиш куни бўлиб, шаҳарга сайрга чиқишни хуш кўрар экан. Шу сабабли, шаҳар кўчалари одамлар билан гавжум. Улар бир-бирига жуда ҳурмат билан муомалада экани билиш қийин эмас. Очиғи, фиғони чиққан одамларни кўрмадик. Аксинча, ҳаммаси хотиржам, ўз иши, ўз олами билан яшамоқда. Шаҳарнинг асосий аҳолиси беш миллион, ерга келиб-кетиб ишлайдиганлар бир миллионни ташкил этади.
Толедо шаҳрини мен эртаклар шаҳрига ўхшатдим. Нега қадимий бинолари, тор йўллари ва бетакрор обидалари шу даражада бир-бирига уйғунлашиб кетган. Шаҳар ичидаги йўллар шунчалик торки, бу на ҳайдовчига ва на пиёда халақит бермайди. Ҳамма ўз йўлида кетаверади.
– Бу ердаги ҳар бир тарих бўлаги биз учун қадрли, – деди халқаро эксперт, сафар координатори Алехандро Пастрана. – Шу боис, ҳеч ким шаҳар бинолари, кўп қаватли уйларнинг ташқи кўринишини бузиши мумкин эмас. Бу давлатнинг қаттиқ тартиби ва қонуни. Масалан, Толедонинг шаҳридаги яқинидаги қўп қаватли уйлардан бирида чизилган гуллар 1955 йилдан буён ўз ҳолича сақланмоқда. Бу гулларни ўчириш, ёки уни қайта ўзгартириш мумкин эмас. Бу қўп қаватли уйларнинг кўриниши суратларга олиб қўйилади. Уй эгалари фақат ички томонини таъмирлаш ҳуқуқига эга.

Кордоба ҳам Испаниянинг тарихий шаҳри. 711 йил бу ерда араблар истилосидан кейин шаҳар меъморчилигида уларнинг услублари асосида бунёд этилган иморатлар бугун давлатнинг бой тарихига айланган . Масалан, шаҳардаги Кордоба мачити улардан бири. VIII асрда қурилиши бошланган ушбу мачит икки аср давомида бунёд этилган. Арабларнинг ўзига хос меъморий асари бўлган ушбу иморат қурилишида араб халифаларининг алоҳида ҳиссаси бўлган. Мачит 1412 йилгача мачит бўлган. Кейин эса черковга айлантирилган. Яна энг муҳими, испанларнинг сувдан оқилона фойдаланиш бўйича орттирган тажрибаси ҳам араблар билан боғлиқ бўлиб, ушбу тажриба йигирма асрлик тарихга айланган.
Биз бу шаҳар тарихи билан бир қаторда Кордоба сув ҳавзалари фаолияти билан танишдик.
Альмерия шаҳри Испаниянинг тропик ўлкаси ҳисобланади. Агар Кордобага яқин ҳудудларда асосан зайтун етиштирилса, Альмерия ўзининг тропик ўсимликлари парвариши билан маълум машҳур. Яна Альмерия Испаниянинг энг бой провинцияси бўлиб, бу ерда етиштирилган тропик маҳсулотлари билан бутун Европани таъминлар экан.
Алехандро Пастрананинг маълумот беришича, Испанияда 75 минг гектарда иссиқхоналар мавжуд. Шундан 33 минг гектари Альмерия ҳудудига тўғри келади.

Бугун стади-тур иштирокчилари бу ердаги “Cajamar” илмий-экспериментал маркази ва унинг иссиқхоналари фаолиятини ўрганишди. Марказнинг умумий майдони 15 гектар бўлиб, унда 30 та иссиқхона мавжуд. Бу ерда очиқ ҳолда мевалар ҳам етиштирилади.
Марказ директори Хуан Хосе Уэсо Мартиннинг таъкидлашича, бу ерда тропик ўсимликлар парвариши билан боғлиқ тадқиқот, синов ва тажрибалар амалга оширилади. Унинг умумий майдони 15 гектар бўлиб, унда 30 та иссиқхона мавжуд. Бу ерда очиқ ҳолда мевалар ҳам етиштирилади.
Сафар чоғида Испаниянинг ўзига хос тартиблари, қизиқарли одатларини ҳам билиб олдик. Масалан, автобус юриб кетаётган пайтда ўрнидан турган пиёда 300 евро жарима тўлар экан. Испанлар ҳар бир ишга пунктуаллик билан ёндашади. Агар кимдир учрашув вақтидан кечикиб келса, қарсаклар билан “жазолаш“ одатга айлаган. Шунинг учун уларнинг ҳар бир ишида сифат ва тартиб муҳим ўрин ўрин эгалласа, ажаб эмас!
Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА