Испан дунёсига бир назар
Испаниянинг 3 миллион 700 минг гектар майдони қишлоқ хўжалигига мўлжалланган. Сув омборларида йиғилган сувнинг 78 фоизи шу соҳа учун ишлатилади.
Мигель де Сервантес испанларнинг севимли ёзувчиси. Унинг қаламидан яралган Дон Кихот образи испанлар қаторида ўзбекларнинг ҳам севимли қаҳрамонига айланган. Бу китобни ўқиш жараёнида испан халқининг тантилиги, ҳатто ўша даврларда уларнинг яхши яшашга интилганини кўриш мумкин. Гарчи Дон Кихот образида олим, ёки рассом ҳаёти тасвирланмаса-да, кўз ўнгимизда ламанчлик соддадил фуқаронинг яшаш тарзи гавдаланади. Ўқувчига қанчалик кулги, юмор ва қувонч улашган Дон Кихот заминининг табиати қайсидир маънода бизнинг Ўзбекистонимиз иқлимига ўхшашлиги, эҳтимол яна, испан халқининг ўзбеклардек меҳнатсеварлиги билан боғласак ҳам нотўғри бўлмас...
Марказий Осиё минтақавий экологик марказининг мамлакатимиздаги филиали Европа Иттифоқининг молиявий кўмагида “Ўзбекистонда барқарор сув ва экологик ривожланиш учун ҳамкорлик ва хабардорликни ошириш. Компонент 3” (UzWaterAware) лойиҳаси доирасида Испания давлатига ташкил этилган стади-тур юртимиз қишлоқ, сув хўжалиги соҳаси ва экологик барқарорликка эришишда испанлар тажрибасини ўрганиш ва улардан мақбулини амалиётга қўллашда ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишда муҳим аҳамият касб этади.
2016 йилдан буён республикамизда ушбу лойиҳа бўйича бир қатор амалий ишлар бажарилиб, унда Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги миллий ҳамкор сифатида фаол иштирок этиб келмоқда. Шу сабабли, Испания сафарига айнан шу йўналишда фаолият кўрсатаётган нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари қаторида Сув ва Қишлоқ хўжалиги вазирликларининг масъул ходимлари таклиф этилди.
Испаниянинг айрим ҳудудларида қурғоқчилик сезилса, айрим жойларида тошқинлар бўлиб туради. Испан табиатидаги инжиқликларга ҳукумат томонидан доим ечим топишга ҳаракат қилинади ва бу ўзининг амалий натижасини бериб келади. Шу билан бирга, бу юртда сув танқислиги ҳам сезилади. Уларда бу муаммо ҳам испан халқини сувдан оқилона фойдаланишга ундаган. Маълумотларга кўра, сувни тежаб ишлатиш тажрибаси арабларнинг Испания давлатини истило қилиши ва улар билан боғлиқ азалий удумлар асосида тўпланган экан. Испан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш бўйича Европа давлатларидан анча устун.
Испания иқлими ҳам Ўзбекистон иқлимига ўхшашлиги, бизда ҳам қурғоқчил ҳудудларнинг мавжудлиги, сув танқислиги ва қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантиришга қўйилган янги қадамлар бу юрт тажрибасини ўрганиш ва амалиётга қўллашга имкон яратилганига ҳар қанча қувонсак, арзийди.
Испания атроф-муҳит ва демографик вазият вазирлиги
Испанияда 1200 сув омборлари мавжуд. Улар орасида иккита сув омбори I-II асрларда бунёд этилган ва улар ҳозиргача фаолиятда. Яна бир муҳим маълумот шуки, 711 йил араблар истило қилган испан ерлари чўл ҳудудларига тўғри келади. Улар ўша пайтда қурғоқчил манзилда унумли фойдаланиш ва суғориш бўйича яхши бошқарув тизимини ярата олган. Бу тизим испанларга яхши мактаб бўлиб, ҳозирги кунгача мазкур бошқарув амалиётда қўл келмоқда.
Испаниянинг 3 миллион 700 минг гектар майдони қишлоқ хўжалигига мўлжалланган. Сув омборларида йиғилган сувнинг 78 фоизи шу соҳа учун ишлатилади.
Яна бир аҳамиятли жиҳати, Испанияда сувни ресурсларини бошқариш ва ундан фойдаланиш бўйича қонунчилик ҳужжатлари ҳам йиллар давомида такомиллаштирилган. Масалан, 1866 йилда Сув ҳақида қонуни қабул қилинган ва унга 1879 йилда ўзгартиришлар киритилган. Бу қонун юз йил амалда бўлган. Унга кўра, сувни бошқариш ва тақсимлашни турли ташкилотлар бошқарган. 1985 йилдан эса сув ресурслари давлатга тегишли экани белгиланган.
Испанияда 25 сув ҳавзаси мавжуд. Улардан 15 таси ярим оролда, 10 таси орол ҳудудидадир. Сув ҳавзаларининг олтитаси халқаро аҳамиятга эга. Мазкур сув ҳавзаларининг аксарияти Испания ва Португалия чегараларига туташиб кетган. Шу сабабли, сувнинг тозалигини сақлаш, ўзаро ахборот алмашув ва сувни тақсимлаш бўйича икки давлат ўртасида Альбуфейра келишуви дастлаб 1964 йилда, кейинчалик Европа Иттифоқи талабларига мос 1998 йилда ўзаро ҳамкорлик яна қайта мустаҳкамланган.
Cajamar бирлашмаси Las Palmerillas тажриба маркази
Ушбу ҳудудда иссиқхоналар кўплигидан маҳаллий аҳоли “пластикли денгиз” деб аташида ҳам катта маъно бор экан. Чунки, узоқдан иссиқхоналар денгиз мисоли кўринар экан. Улар фаолиятида Cajamar бирлашмасининг алоҳида ўрни бор. Бирлашманинг Las Palmerillas тажриба маркази ҳам мавжуд.
Las Palmerillas тажриба маркази директори Хуан Хосе Уэсонинг таъкидлашича, Cajamar молиявий бирлашма ва у кооператив банкдир. Испания бўйлаб фаолият юритадиган мазкур ташкилот мамлакатда 964 офиси ва унда 5486 ишчи-ходимига эга. Умуман, бирлашма давлатнинг озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган қишлоқ хўжалиги секторида етакчилик қилади. У озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш ҳамда чорвачиликка ихтисослашган. Ташкилот давлатнинг озиқ-овқат маҳсулотларининг 15 фоизини назорат қилади. Бирлашма таълим , агротаҳлил, янги ихтиролар ва ишланмаларни амалиётга татбиқ этиш каби йўналишлар бўйича шуғулланади.
Бугунги кунда “Las Palmerillas” иссиқхоналарида папая, питая, маракуйя, литчи етиштирилади. Аҳамиятли жиҳати, бу ерда озиқ-овқат маҳсулотларини етиштиришда кимёвий усуллар билан эмас, аксинча, биологик ўғитлардан, ўсимликлар зараркунандаларини бартараф этиш учун эса ҳашаротлардан унумли фойдаланилади. Ҳатто бу ерда ҳосил поялари, барглари ва палаги ҳам ташлаб юборилмайди. Масалан, фойдаланилмаган тарвуз қайта ишланади ва ундан парчаланувчи пластик ишлаб чиқарилади. Одатда, пластикни зарарли модда сифатида кўрилади. Бироқ бу ерда уни қайта ишлатаркан. Пластикнинг таркиби мутлақ бошқа ва у майдаланади. Гул учун тувакларда у жуда қўл келади.
“Суюқ олтин” сирлари
Ўрта ер денгизига яқин жойлашган Андалусиянинг баланд адиру кенгликлари зайтун дарахтлари билан қопланганки, бу испан деҳқонларининг ҳақиқий уста миришкор эканидан далолат беради. Уларнинг касби ва сувга бўлган алоҳида эътибори натижасида замонавий технологияларни амалиётга татбиқ этиб, Зайтун дарахтларини томчилатиб суғориш орқали парваришлаши кишининг ҳайратини оширмасдан қолмайди.
Бундан ташқари, испан деҳқонлари буғдой, жавдар, сули, маккажўхори, арпа, дуккаклилар, картошка, қанд лавлаги, пахта, тамаки, шакар қамиши, сабзавотлар, узум етиштиришда ҳам яхши тажрибага эга.
Мурсияда AZUD ва Novagric компаниялари
Компания ходими Пабло Хумилла иштирокчиларга томчилаб суғориш технологиялари ҳақида батафсил таништирар экан, суғоришда мазкур замонавий ускуналарнинг қўлланилиши нафақат Испанияда, балки бошқа давлатларда ҳам қўл келишини таъкидлади. Айнан компания сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ечимларини топишда ўз ишини янада мустаҳкамлайди ва тарғиб этиб бораверади.
Бу шаҳарда қишлоқ хўжалиги соҳасида муҳим бўлган Novagric компанияси ҳам фаолият кўрсатади. У қишлоқ хўжалигини тўлиқ автоматлаштирилган иссиқхоналарни яратишга ихтисослашган. Унда бир бутунлик ишлаб чиқарилади, яъни булар – суғориш, дренаж, иқлимни бошқариш, сувни тозалаш, ўсимликларни ҳимоялаш, экран ва аксессуарлардир. Компания маҳсулотлари билан танишишда унинг ҳудудида яратилган катта шоурум – иссиқхона намойиши янада яқиндан ёрдам беради.
Мурсияда қишлоқ хўжалиги соҳаси яхши ривожланган бўлиб, бу манзилдан мамлакатга ва Европага мева-сабзавот ва гул экспорт қилинади.
Мурсия ҳақида гап кетганда, бу шаҳар Испаниянинг жануби-шарқидаги автономиянинг маъмурий маркази ҳисобланади. Кардинал Белуга майдони шаҳарнинг асосий юраги. Чунки бу ерда жуда кўркам ва ҳашамдор безатилган Биби Марям черкови жойлашган. Шаҳар аҳолиси дам олиш кунлари кўчаларда сайр қилишни хуш кўради. Умуман, Испания Европа давлатларига нисбатан озиқ-овқат ва кийим-кечаклари арзонлиги билан алоҳида ажралиб туради.
Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА