Исломда ҳалол луқма ва пора ҳақида нима дейилади?
Аллоҳ таоло инсониятни яратгач, уларни Ер юзида ҳалол ризқ талаб қилишга амр этиб, унинг акси бўлмиш ҳаромдан ҳазар қилишга буюрди ҳамда ҳалол ва ҳаром бўлган нарсаларни баён қилди.
Демак, ҳар бир инсон ҳалол ризқ талаб қилиши билан бирга, бировнинг ҳақидан ҳазар қилиши ва ўзгаларнинг молини ноҳақ йўллар билан ўзлаштирмаслиги ўта муҳимдир. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай деган: “Эй, имон келтирганлар! Мол-мулкларингизни ўртада ноҳақ (йўллар) билан емангиз!...” (Нисо сураси, 29-оят).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мол-дунёни гўзал йўл билан талаб қилиш ҳақида шундай марҳамат қилганлар: “Эй, одамлар! Аллоҳдан қўрқинг ва мол-дунёни гўзал йўл билан талаб қилинг. Ҳар бир инсон ўзининг ризқини мукаммал олмагунча, жони узилмайди. Унга белгиланган ризқ бироз кечикиши мумкин, аммо барибир келади. Шунинг учун Аллоҳдан қўрқинг ва мол-дунё талаб қилишда гўзал йўлни танланг. Ҳалолини олинг, ҳаромини тарк қилинг” (Имом Ибн Можа ривояти).

Демак, ҳадисдан маълум бўлмоқдаки, киши ризқ йўлида минг ҳаракат қилса ҳам, Аллоҳ таоло унга ёзган ризқ-насибасидан ортиғини қўлга кирита олмайди. Видолашув ҳажида Пайғамбаримиз кўп нарсаларни васият қилдилар. Шулар қаторида кишиларнинг молини зулм билан ейиш ҳаромлигини уқтириб, шундай дедилар: "Огоҳ бўлинглар, албатта Аллоҳ таоло қонларингиз ва молларингизни бир-бирингизга ҳаром қилди" (Имом Бухорий ривояти).
Ҳалол луқма қалбга нур, тилга ҳикмат бўлиши ҳақида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар: “Ким қирқ кун ҳалол луқма еса, Аллоҳ таоло унинг қалбини мунаввар қилади ва қалбидаги ҳикмат булоқларини тилига чиқаради” (Имом Абу Нуайм ривояти).
Ҳазрат Анас разияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга: “Ё, Расулуллоҳ, дуо қилинг, Аллоҳ мени дуоси ижобат бўладиган кимсалардан қилсин”, – дедилар. Шунда Пайғамбаримиз: “Эй, Анас! Луқмангизни ҳалол қилинг, киши ҳаром луқмани оғзига кўтарса (еса), қирқ кун дуоси ижобат бўлмайди”, – дедилар (Имом Байҳақий ривояти).
Демак, ҳар бир иймонли киши тановул қилаётган луқмасига қаттиқ эътибор қилиши, бировдан алдов, фирибгарлик йўллари билан маблағ, мол-мулк олмаслиги, яъни пора олиш орқали луқма топмаслиги, фақат ҳалол йўл билан даромад топиши лозим. Бу ҳақда ҳадиси шарифда шундай келади: “Ким мол-дунёни қаердан топаётганига парво қилмаса, Аллоҳ таоло ҳам у кишини дўзахнинг қайси эшигидан киргизишига парво қилмайди” (Имом Дайламий ривояти).
Бировнинг ҳақидан қўрқмай, нотўғри йўллар билан мол-дунё топиш мўмин-мусулмонга умуман муносиб эмаслиги ва қилинган ибодатлари бекор бўлиши ҳақида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Қиёмат кунида айрим кишиларни олиб келишади. Уларнинг Туҳома тоғича келадиган яхшиликлари бўлади. Улар келтирилгач, Аллоҳ уларнинг яхшиликларини тўзғиган ғуборга айлантириб қўяди, ўзлари эса дўзахга улоқтирилади”. Шунда “Ё, Расулуллоҳ, бундай бўлишининг боиси недир?” – деб сўрашди. Пайғамбаримиз: “Улар намоз ўқир, рўза тутар, ҳаж қилар эдилар, бироқ бирон-бир ҳаром нарсага дуч келсалар, уни олишар эди. Шу боис, Аллоҳ уларнинг амалларини йўққа чиқарди”, – деб жавоб бердилар (Имом Табароний ривояти).
Ривоят қилишларича, Абу Дардо разияллоҳу анҳу масжидга эрта келиб, кеч қайтардилар. Намоздан кейин Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суҳбатларини диққат билан тинглардилар. Бироқ хурмо пишиғида Абу Дардо аввалгидан кечроқ келиб, эртароқ кетадиган бўлдилар. Бу ҳол Пайғамбаримизнинг диққатларини тортди. Абу Дардони ёнларига чақириб: “Сенинг масжидга келиб- кетишингда ўзгариш кўряпман. Нима бўлди?” – деб сўрадилар.
Абу Дардо разияллоҳу анҳу узрли оҳангда шундай жавоб бердилар: “Шу кунларда қўшнимизнинг хурмо мевалари пишиб, тўкила бошлади, хурмолар бизнинг ҳовлига ҳам тушяпти. Болаларим қўшнимдан сўроқсиз уларни еб қўйишмасин, деган хавотирдаман. Бомдодга келишдан олдин тўкилган хурмоларни тўплаб, қўшнимизникига олиб чиқиб бераман. Шу сабаб масжидга кеч келяпман. Мен масжиддалигимда ҳам дарахтлардан хурмо тўкилади. Уларни йиғиб, қўшнимникига чиқаришга шошиламан”.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Дардо разияллоҳу анҳунинг бу сўзларидан мамнун бўлдилар ва унинг ҳақига дуо қилдилар.
Инсоннинг умри шамолдек ўтиб борар экан, инсоният ҳар хил дарду ташвишлар, савобли ва хайрли ишлар билан бўлиб тонг отиши-ю, қуёш ботиб, умр ўтганини сезмай ҳам қолар экан. Демак, ҳар бир кун, ҳар дақиқани ғанимат билиб, инсон фазилатига хос бўлмаган иллатлардан узоқ юрайлик, солиҳ амалларни бажарайлик. Афсуски, жамиятимизда коррупция аталмиш кушанда мавжуд. Бу – ҳамма яхши ниятларнинг офати, орзуларни пайҳон қиладиган, умидларни топтайдиган, адолат илдизига болта уриб, инсон қаддини букиб қўйишга қодир ички душмандир.
Яна бошқача айтганда, коррупция инсон ақлини оздириб, нафсининг қулига айлантиришга қодир мўрт туйғу, ёлғонларда ялтираб кўринган сохта жавоҳир, гуллаб турган ҳаёт рангини хиралаштирадиган, одамлар хавфсизлигига таҳдид солиб, уюшган жиноятчилик, терроризм ва бошқа хунук ҳодисаларнинг илдиз отиб кетишига шароит яратиб берадиган иллат. Коррупция аралашган жойда истеъдод чекиниб, бачканалик ўзини намоён эта бошлайди. Мағлубиятга мукофот тегиб, ютуқ ва малака ғолиблик майдонини тарк этади. Амал курсисига ўрнашиб олган субутсизлик сабаб, ривожланиш жараёни чириш босқичига кўчади. Юқорида айтиб ўтганимиздек, коррупция ва порахўрликнинг зарарли иллатлари Ислом шариатида қаттиқ қораланади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қатъий тарзда “Пора берган ҳам, пора олган ҳам дўзахийдир”, деб айтганлар. Демакки, пора талаб қилиш, пора бериш, ҳатто улар ўртасида воситачилик қилиш ҳам ҳаром амалдир.
Шунинг учун биз ниятимизни тўғри қилиб, Аллоҳ таолодан сўраб, касбу ҳунар қилсак, бировнинг ҳақига хиёнат қилмасак, берган ризқига шукрона қилсак, иншоаллоҳ турмушимиз фаровон, охиратимиз обод бўлади.
Баҳромжон ТУРСУНОВ,
Фарғона шаҳар “Жўйдам” масжиди имом-хатиби.
ЎзА