Ислом цивилизацияси ва янги Ўзбекистоннинг глобал маърифат ташаббуси
Бугунги глобаллашув жараёнлари инсоният олдига нафақат иқтисодий ёки технологик, балки маънавий ва цивилизациявий аҳамиятга эга бўлган муҳим вазифаларни қўймоқда. Дунёнинг турли минтақаларида кузатилаётган зиддиятлар, экстремизм ва радикализм хавфининг сақланиб қолаётгани, маънавий қадриятларнинг емирилиши каби ҳолатлар жаҳон ҳамжамиятини бир ҳақиқат ҳақида жиддий ўйлашга ундамоқда. Бу ҳақиқат шундан иборатки, барқарор тараққиётнинг энг ишончли кафолати – тинчлик, бағрикенглик ва илм-маърифатдир.
Янги Ўзбекистонда кейинги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ҳам айнан ана шу эзгу ғояларга асосланади. Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатда буюк мутафаккир аждодларимиз қолдирган бой илмий-маънавий меросни чуқур ўрганиш, унинг глобал аҳамиятини очиб бериш, ислом цивилизациясининг ҳақиқий инсонпарварлик моҳиятини жаҳон ҳамжамиятига етказиш давлат сиёсатининг устувор йўналиши ҳисобланади. Буни биз давлатимиз раҳбарининг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида юксак минбардан туриб, ислом маърифатини кенг тарғиб этиш, ислом илм-фани ва цивилизациясини дунё афкор оммасига етказиш мақсадида Ўзбекистонда Ислом цивилизацияси маркази ҳамда Имом Бухорий мажмуаларини бунёд этиш бўйича илгари сурган муҳим ташаббусларида ҳам кўришимиз мумкин.

Шу эътибордан, биринчи халқаро ислом цивилизацияси форумининг Тошкент, Самарқанд ва Термиз шаҳарларида ўтказилаётгани ҳам диний-маърифий соҳада олиб бораётган сиёсатнинг амалий ифодаси бўлди. Мазкур форум турли мамлакатлардан келган давлат арбоблари, нуфузли халқаро ташкилотлар раҳбарлари, муфтийлар, олимлар, тадқиқотчилар ва экспертларни ягона мақсад – ислом цивилизациясининг инсонпарварлик ғояларини кенг тарғиб этиш атрофида бирлаштиришга хизмат қилади.
Форумнинг энг муҳим жиҳати шундаки, у оддий илмий анжуман эмас, балки Янги Ўзбекистоннинг маърифат дипломатиясини намоён этувчи йирик халқаро майдон вазифасини бажаришига шубҳа йўқ. Форум доирасида ўтказиладиган ялпи мажлислар, шўъбалар ва халқаро конференциялар ислом цивилизациясига оид долзарб масалаларни илмий асосда муҳокама қилиш имконини беради.
Тошкентдаги асосий ялпи мажлисларда ислом илм-фани ва цивилизацияси, Янги Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, интеллектуал салоҳият, маданий меросни асраш, қўлёзмаларни рақамлаштириш ва халқаро илмий ҳамкорлик каби стратегик масалалар муҳокама қилиниши кутилмоқда.
Форум доирасида Имом Мотуридий ва мотуридийлик таълимотини ўрганишга ҳам алоҳида эътибор қаратилаётгани диққатга сазовор. Бу, аввало, Имом Мотуридий таълимотининг бугунги кундаги долзарблиги билан изоҳланади. Имом Мотуридий инсоният тарихида ақл ва нақл уйғунлигини мукаммал асослаб берган, илмни эътиқоднинг ажралмас қисми сифатида талқин қилган буюк мутафаккир сифатида тан олинади. Унинг мероси ислом тафаккурида мўътадиллик, бағрикенглик ва адолат тамойилларини мустаҳкамлаган илмий мактабни шакллантирди. Бугун турли мафкуравий таҳдидлар кучайиб бораётган шароитда айнан мотуридийлик таълимоти инсон онги ва қалбини экстремистик ғоялардан муҳофаза қиладиган энг мустаҳкам маърифий асослардан бири ҳисобланади.
Самарқанд шаҳрида ташкил этиладиган “Имом Мотуридий мероси: мўътадиллик, бағрикенглик ва илм-маърифат пойдевори” мавзусидаги халқаро конференция айнан шу ҳақиқатни яна бир бор намоён қилди. Конференциянинг очилиш маросимида ал-Азҳар, Туркия, Малайзия, Финляндия, Ҳиндистон, Тожикистон каби давлатлардан келган нуфузли уламолар ва давлат арбоблари қатнашиши кутилмоқда.

Форумнинг яна бир муҳим хусусияти шундаки, у ислом цивилизациясини ўрганишни алоҳида йўналишлар кесимида эмас, балки яхлит цивилизацион жараён сифатида талқин қилади. Шу боис Самарқандда бир вақтнинг ўзида “Имом Мотуридий мероси: мўътадиллик, бағрикенглик ва илм-маърифат пойдевори”, “Имом Бухорийнинг “ал-Жомиъ ас-саҳиҳ” асари – уммат китоби” ва “Ислом цивилизацияси ва замонавий дунё: мерос, мулоқот ва тараққиёт”, Термизда эса “Термиз ҳадис мактаби: алломалар мероси ва замонавий тадқиқотлар” мавзуларида халқаро конференциялар ўзаро уйғун ҳолда ташкил этилади.
Ислом цивилизацияси алломаларининг математика, астрономия, оптика, фалсафа, тиббиёт, география, тарих каби дунёвий фанлар, тафсир, ҳадис, калом, фиқҳ ва тасаввуф каби исломий илмлар ривожига қўшган бебаҳо ҳиссасини ўрганиш ва кенг тарғиб этиш, шунингдек, ислом динининг тинчлик, бағрикенглик ва илм-маърифат ғояларини жаҳон ҳамжамиятига етказиш нафақат муайян бир давлатнинг, балки бутун мусулмон оламининг умумий вазифасига айланмоқда. Ўзбекистон эса ана шу халқаро ҳамкорликнинг ташаббускори сифатида майдонга чиқмоқда. Зотан, Ўзбекистон Республикаси Президенти таъкидлаганидек, буюк аждодларимиз қолдирган илмий-маънавий меросни чуқур ўрганиш, уни ёшлар тарбияси ва жамият тараққиётига хизмат қилдириш Янги Ўзбекистоннинг устувор вазифаларидан бири ҳисобланади.
Бугун барча соҳаларда янги тараққиёт босқичини бошлаган Янги Ўзбекистон маънавий юксалиш йўлидан ҳам дадил илгариламоқда. Бу йўлнинг энг мустаҳкам пойдевори эса аждодларимиз қолдирган бебаҳо илмий меросдир. Имом Мотуридий, Имом Бухорий, Имом Термизий, Баҳоуддин Нақшбанд, Абу Райҳон Беруний, Ибн Сино ва бошқа юзлаб алломаларнинг асарлари нафақат ўтмиш ёдгорлиги, балки келажак тараққиётининг ҳам интеллектуал манбаи ҳисобланади.
Биринчи халқаро ислом цивилизацияси форуми ана шу ҳақиқатни бутун дунёга яна бир бор намоён этди. Энг муҳими, у Ўзбекистоннинг ислом цивилизациясини ўрганиш бўйича глобал марказлардан бирига айланаётганини халқаро илмий жамоатчилик олдида яна бир карра тасдиқлади.
Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази жамоаси бундан кейин ҳам буюк алломамиз меросини чуқур тадқиқ этиш, унинг асарларини академик нашрлар асосида эълон қилиш, замонавий тилларга таржима қилиш, рақамлаштириш, ёш тадқиқотчиларни қўллаб-қувватлаш ва халқаро ҳамкорликни янада кенгайтириш йўлида изчил фаолият олиб боради.
Зеро, илмга таянган тараққиёт – барқарор тараққиётдир. Маърифатга таянган жамият – мустаҳкам жамиятдир. Имом Мотуридий таълимотига таянган маънавий юксалиш эса Янги Ўзбекистоннинг Учинчи Ренессанс сари ишончли қадамларининг энг муҳим маънавий асосларидан бири бўлиб қолаверади.
Комилжон ШЕРМУҲАМЕДОВ,
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори, доцент
Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори.
ЎзА