Ислом цивилизацияси маркази хорижлик меҳмонларда илиқ таассурот қолдирмоқда
Пойтахтимизда ўтаётган V Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида Ўзбекистонга ташриф буюрган юқори мартабали меҳмонлар Президентимиз ташаббуси билан бунёд бўлган Ислом цивилизацияси маркази фаолияти билан танишди.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ҳамроҳлигида Озарбайжон Республикаси Бош вазири Али Асадов, Беларусь Республикаси Бош вазири Александр Турчин, Тожикистон Республикаси Бош вазири Қоҳир Расулзода ҳамда Қирғиз Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Раиси – Президент администрацияси раҳбари Адилбек Қасималиев марказ экспозициялари, илмий-маърифий лойиҳалар ва замонавий интерактив технологиялар асосида яратилган кўргазмаларни кўздан кечиришди.
Меҳмонларга Ўзбекистон ҳудудидаги исломгача бўлган давр тарихи, ислом цивилизациясининг шаклланиши ва тараққиёти, буюк алломалар мероси, миллий маданий бойликлар ҳамда мамлакатнинг илмий-маърифий салоҳияти ҳақида атрофлича маълумот берилди.

Қирғизистон ҳукумати раҳбари, фурсатдан фойдаланиб, икки давлат муносабатлари кейинги йилларда мутлақ янги босқичга кўтарилганини алоҳида қайд этди:
– Бугун Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги муносабатлар жуда яхши ва мустаҳкам. Савдо-иқтисодий ҳамкорлик, маданий алоқа изчил кенгаймоқда. Давлат раҳбарлари белгилаб берган вазифаларни амалга ошириш бўйича яқин ҳамкорлик қиляпмиз. Ҳар қандай масала юзасидан доимий мулоқот мавжуд, бюрократик тўсиқлар йўқ, масалалар тезкор ҳал этилмоқда.
Адилбек Касималиев яқин ойларда бўлиб ўтадиган ҳукуматлараро комиссия йиғилиши, Ўзбекистон Президентининг Қирғизистонга давлат ташрифи ҳамда Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари учрашуви икки мамлакат ўртасидаги стратегик шерикликни янада мустаҳкамлашига ишонч билдирди.

Юқори мартабали меҳмонлар марказда яратилган замонавий мультимедиа, ноёб қўлёзма ва тарихий экспонатларни эътироф этаркан, марказнинг халқаро миқёсдаги аҳамиятини юқори баҳолади.
Маълумки, V Тошкент халқаро инвестиция форумига дунёнинг кўплаб давлатлари ва халқаро ташкилотлардан делегациялар ташриф буюрмоқда. Ислом цивилизацияси маркази эса мамлакатнинг бой тарихи, маданий мероси ва замонавий тараққиётини намоён этувчи муҳим маърифий маскан ўлароқ, уларда жиддий қизиқиш уйғотмоқда.
Дилшод Ҳакимов, Аслиддин Алижонов (сурат), ЎзА