Ислом Абдураҳмонов талаба-ёшлар билан очиқ мулоқот ўтказди
Бугунги кунда мамлакатимизда ёшлар билан ишлаш, уларнинг ташаббус ва ғояларини қўллаб-қувватлаш, таълим билан ишлаб чиқариш ўртасида узвий боғлиқликни кучайтириш давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Бунда, айниқса, инженерлик, энергетика ва гидротехник соҳаларда кадрлар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
“Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамияти томонидан “Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти” Миллий тадқиқот университети талаба-ёшлари билан ташкил этилган очиқ мулоқотда ҳам бу масалалар атрофлича таҳлил этилди.
Тадбирда университет ректори Баҳодир Мирзаев ва “Ўзбекгидроэнерго” АЖ бошқаруви раиси Ислом Абдураҳмонов ёшларга яратилаётган кенг имкониятлар ҳақида тўхталиб ўтди. Шунингдек, “Ўзбекгидроэнерго” АЖ фаолияти, мамлакатда амалга оширилаётган йирик гидроэнергетик лойиҳалар, соҳада жорий этилаётган замонавий технологиялар ҳамда истиқболли инвестициявий дастурлар ҳақида батафсил маълумот берилди. Шу билан бирга, талабаларга амалиёт ўташ имкониятлари, ишга жойлашиш механизмлари ва кадрлар захирасини шакллантириш тизими бўйича ҳам кенг тушунтиришлар берилди.
Учрашувда Ислом Абдураҳмонов гидроэнергетика соҳаси мамлакат иқтисодиёти учун стратегик аҳамиятга эга эканини таъкидлади.
– Бугун гидроэнергетика нафақат энергия манбаи, балки барқарор ривожланишнинг муҳим асосидир. Биз учун энг катта устувор вазифа - билимли, масъулиятли, замонавий технологияларни пухта эгаллаган ёш мутахассисларни тайёрлашдир. Шунинг учун “Ўзбекгидроэнерго” тизимида таълим муассасалари билан ҳамкорликни янада кучайтириш, талабалар учун реал амалиёт майдонларини яратиш ва уларни ишлаб чиқариш жараёнларига тўлиқ жалб этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўз навбатида, ёшларнинг ҳар бир ташаббуси қўллаб-қувватланиши ва уларнинг ғоялари амалиётга жорий этилиши биз учун муҳим, –деди у.
[gallery-28667]
Самимий, очиқ ва конструктив руҳда ўтган учрашув давомида талабалар фаол иштирок этиб, ўзларини қизиқтирган саволларни берди. Улар соҳадаги амалиёт, иш ўринлари, инновацион лойиҳалар ва стартап имкониятлари бўйича таклиф ва фикрларини билдирди.
Учрашув якунида “Энг яхши ғоя” танловида фаол иштирок этган иқтидорли талабаларга совғалар ва фахрий ёрлиқлар берилди.
Қолаверса, тадбирда фаол иштирок этган 3 нафар иқтидорли талабани “Ўзбекгидроэнерго” АЖ тизимига ишга жойлаштириш бўйича тегишли масъулларга аниқ топшириқ берилди.
Насиба Зиёдуллаева,
Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА