Ислоҳотлар йўлида ҳамкорлик
Урганч шаҳридаги вилоят “Кенгашлар уйи”да “Халқ депутатлари Кенгашларининг фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорлиги масалалари” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Давра суҳбати халқ депутатлари Хоразм вилояти Кенгаши котибияти ҳамда Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази Хоразм вилояти ҳудудий бўлинмаси ҳамкорлигида ташкил этилди.
Унда Халқ депутатлари Хоразм вилояти, туман ва шаҳар Кенгашлари котибият мудирлари ва ходимлари, сиёсий партиялар ва депутатлик гуруҳи раҳбарлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.
– Давра суҳбатида маҳаллий Кенгаш ва котибиятлар фаолиятини кучайтиришнинг муҳим жиҳатлари, аҳоли муаммоларини ўрганиш ва ҳал этишда маҳаллий Кенгашларнинг фуқаролик жамияти институтлари билан ўзаро ҳамкорлиги, ҳудудий ижтимоий муаммоларни ҳал этишда давлат грантларидан самарали фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди, – дейди Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази Хоразм вилояти ҳудудий бўлинмаси мутахассиси Асқарбек Султонов. – Шунингдек, тадбир давомида маҳалла еттилиги ва маҳаллий Кенгашлар ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик, кенгашлар томонидан қарорлар қабул қилишда жамоатчилик фикрини инобатга олиш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
[gallery-29810]
Тадбирда экспертлар томонидан маҳаллий кенгашларнинг самарали фаолият юритишида котибиятлар, сиёсий партия депутатлик гуруҳлари ва доимий комиссиялар ролини янада ошириш, вакиллик органлари ва фуқаролик жамияти институтлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда нодавлат-нотижорат ташкилотларнинг фаоллигини ошириш юзасидан таклифлар билдирилди.
Аҳмаджон Шокиров,
Беҳзод Саидов(сурат), ЎзА мухбирлари