Ислоҳотлар янги босқичга чиқмоқда
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатимизда аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, оқова сув тизимларини модернизация қилиш ҳамда муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини тубдан янгилаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Сўнгги йилларда бу борада қабул қилинган қарор ва дастурлар нафақат шаҳарлар, балки чекка қишлоқлар аҳолиси учун ҳам муносиб турмуш шароитини яратишга хизмат қилмоқда.
Бугун сув таъминоти соҳасида амалга оширилаётган ҳар бир лойиҳа — инсон қадрини улуғлаш, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ва келажак авлодлар учун мустаҳкам инфратузилма барпо этишга қаратилган эзгу мақсадларнинг амалий ифодасидир.
Ана шу кенг кўламли ислоҳотларнинг амалий натижалари билан танишиш мақсадида “Ўзсувтаъминот” акциядорлик жамияти бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Тоҳир Хайдаров хизмат сафари билан Бухоро вилоятида бўлди. Сафар давомида ҳудудда амалга оширилаётган йирик инвестиция лойиҳалари, сув тозалаш иншоотлари фаолияти ҳамда аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифати атрофлича ўрганилди.

Хизмат сафари дастлаб “Бухоро сув таъминоти” акциядорлик жамиятида ўтказилган кенгайтирилган йиғилишдан бошланди. Унда корхона раҳбарияти, Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки лойиҳаларини мувофиқлаштириш гуруҳи вакиллари, халқаро экспертлар, лойиҳачи ташкилотлар ҳамда пудратчи корхоналар масъуллари иштирок этишди.
Йиғилишда Бухоро вилоятида амалга оширилаётган инвестиция лойиҳаларининг бугунги ҳолати ҳар томонлама таҳлил қилинди. Қурилиш-монтаж ишларининг бориши, лойиҳа ҳужжатларининг тайёргарлик даражаси, халқаро консултантлар фаолияти, мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этиш чоралари муҳокама марказида бўлди.

Муҳокамалар давомида айрим лойиҳаларда кузатилаётган кечикишлар танқидий таҳлил қилиниб, қурилиш ишларини жадаллаштириш, халқаро стандартлар асосида сифат назоратини кучайтириш, барча масъул ташкилотлар ўртасидаги ҳамкорликни янада такомиллаштириш юзасидан аниқ вазифалар белгилаб берилди. Шу билан бирга, ҳар бир амалга оширилаётган иш аввало инсон манфаатига хизмат қилиши, қурилиш жараёнларида хавфсизлик, сифат ва шаффофлик тамойилларига сўзсиз амал қилиниши алоҳида таъкидланди.
Мазкур йирик инвестиция дастури тўлиқ амалга оширилгач, Бухоро вилоятидаги 195 та маҳаллада яшовчи 1 миллион 254 минг нафар аҳоли марказлашган ичимлик суви билан таъминланади. Шунингдек, 165 минг нафар аҳоли замонавий оқова сув хизматларидан фойдаланиш имкониятига эга бўлади. Бу эса нафақат аҳоли турмуш сифатини юксалтириш, балки ҳудуднинг экологик барқарорлигини таъминлаш ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини мутлақо янги босқичга олиб чиқишда муҳим аҳамият касб этади.

Хизмат сафари доирасида Бухоро туманида жойлашган “Зарафшон” сув тозалаш ва узатиш иншооти ҳам кўздан кечирилди. Мазкур объектда яқинда амалга оширилган кенг кўламли рекултивация ишлари натижасида умумий ҳажми 400 минг куб метр бўлган тиндиргич ҳавзалари қарийб бир аср мобайнида тўпланган чўкиндилардан тозаланди.
Бу ишлар сувни тозалаш жараёни самарадорлигини сезиларли даражада ошириш, иншоотнинг узлуксиз ва ишончли ишлашини таъминлаш ҳамда аҳолига етказиб берилаётган ичимлик суви сифатини янада яхшилаш имконини бермоқда. Айни пайтда ушбу иншоот орқали Бухоро, Жондор, Ромитан ва Пешку туманларида яшовчи 60 мингдан ортиқ аҳоли сифатли ичимлик суви билан таъминланмоқда.

Иншоот фаолияти билан танишиш жараёнида мавжуд қувватлардан янада самарали фойдаланиш, энергия тежовчи технологияларни кенг жорий этиш, ишлаб чиқариш жараёнларини модернизация қилиш ҳамда ёз мавсумида ичимлик сувига бўлган юқори талабни барқарор қондириш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқлар берилди.
Бугун Бухоро вилоятида амалга оширилаётган бу каби кенг қамровли ишлар Президентимиз раҳбарлигида сув хўжалиги соҳасида бошланган тарихий ислоҳотларнинг амалий самарасидир. Давлатимиз раҳбарининг ушбу соҳага қаратаётган доимий эътибори, илғор технологияларни жорий этиш, халқаро молиявий институтлар билан ҳамкорликни кенгайтириш ва аҳолини сифатли коммунал хизматлар билан таъминлашга қаратилган ташаббуслари халқимиз фаровонлигини таъминлашда муҳим омилга айланмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири