Ислоҳотлар сув таъминоти тизимида ҳам ўз самарасини бермоқда
Инсон қадри, аҳоли фаровонлиги ва муносиб турмуш шароитини таъминлаш мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг устувор мақсадларидан биридир. Бу жараёнда аҳолини сифатли ва узлуксиз ичимлик суви билан таъминлаш, муҳандислик-коммунал инфратузилмани модернизация қилиш, сув ва энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш муҳим вазифалардан саналади. Бу борада амалга оширилаётган ишлар ҳақида “Навоий сув таъминоти” АЖ директори Отабек Зарипов мухбиримиз билан бўлган суҳбатда қуйидагиларни гапириб берди:
– Бугунги кунда вилоятимизда ичимлик суви таъминотини изчил яхшилаш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, 2019 йилда аҳолининг марказлашган ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси 53,2 фоизни ташкил этган бўлса, амалга оширилган кенг кўламли лойиҳалар ва тизимли чора-тадбирлар натижасида 2026 йил январь ҳолатига ушбу кўрсаткич 34,7 фоизга ошиб, 87,9 фоизга етди. Жорий йилда амалга оширилаётган дастурлар доирасидаги ишлар якуни билан эса ушбу кўрсаткични 88,5 фоизга етказиш белгиланган.
Бугунги кунда соҳада ёндашув тубдан ўзгариб, мавжуд тармоқларни сақлаш ва таъмирлаш билан бир қаторда, инфратузилмани янгилаш, замонавий технологияларни жорий этиш, энергия сарфини камайтириш, хизматларни рақамлаштириш ҳамда истеъмолчилар учун қулайликларни кенгайтиришга устувор аҳамият берилмоқда.
Айни пайтда вилоятдаги мавжуд 310 та маҳалланинг 198 таси тўлиқ, 90 таси қисман марказлашган ичимлик суви билан таъминланган. Қолган 22 та маҳаллага эса марказлашган ичимлик суви ҳали етиб бормаган. Ушбу маҳаллалар асосан дашт, тоғ ва тоғ олди ҳудудларда жойлашганлиги сабабли техник жиҳатдан тармоқ тортиш имконияти йўқлиги боис уларнинг 4 тасига сув ташиш техникалари орқали етказиб берилмоқда. Шунингдек, 18 та маҳалла аҳолиси эса сувни табиий булоқлардан, шахсий қудуқлар орқали истеъмол қилади. Мазкур йўналишда ҳам аҳоли эҳтиёжларини таъминлашга қаратилган амалий чоралар кўрилмоқда.

Жорий йилда давлат дастурлари доирасида республика бюджетидан 176,9 миллиард сўм маблағ ажратилиб, 466,4 километр ичимлик ва оқова сув тармоқларини қуриш ишлари олиб борилмоқда. Жумладан, инвестиция дастури доирасида 3 та объект учун 55,1 миллиард сўм, драйвер лойиҳалар доирасида 1 та объект учун 1 миллиард сўм, бошқа дастурлар бўйича 52 та объект учун 120,8 миллиард сўм маблағ йўналтирилди.
Жорий йилнинг саккиз ойида 130 миллиард сўм маблағ ўзлаштирилиб, йиллик режа 64 фоизи бажарилди. Мазкур ишлар доирасида қарийб 200 километр янги ичимлик суви тармоғи қурилди, 3 та сув иншоотида қурилиш-монтаж ишлари амалга оширилди.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 11 февралдаги “2026 йилда Навоий вилоятини барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Навоий, Зарафшон шаҳарлари, Учқудуқ тумани ва Конимех туманининг Зафаробод қўрғонидаги тортилганига узоқ йиллар бўлган носоз ҳолатдаги ичимлик ва оқава сув тармоқларини тўлиқ реконструкция қилиб, янгисига алмаштириш белгиланган.

Бугунги кунда ушбу объектлар юзасидан ишлаб чиқилган лойиҳа-смета ҳужжатлари ўрнатилган тартибда экспертиза хулосасини олиш учун тизимга киритилган. Лойиҳани амалга ошириш муддати 2026-2027 йилларни ташкил этади.
Бундан ташқари, жамиятнинг ўз маблағлари ҳисобидан 100 тадан ортиқ насос агрегати, 25 километрдан зиёд ичимлик суви тармоғи ва 2 километрга яқин оқова сув тармоғи жорий ҳамда мукаммал таъмирдан чиқарилди. Натижада 55 минг нафардан ортиқ аҳолининг ичимлик суви таъминоти ва хизмат кўрсатиш сифати сезиларли даражада яхшиланди.
Соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг муҳим жиҳати эътибор фақат янги тармоқлар қуришга эмас, балки мавжуд тизимни иқтисодий жиҳатдан самарали бошқаришга ҳам қаратилмоқда. Жумладан, давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 12 декабрдаги “Навоий вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида Навоий шаҳри, Кармана тумани ва Конимех туманининг бир қисмини ичимлик суви билан таъминловчи сув иншоотлари ҳамда насос станцияларини реконструкция қилиш, уларни замонавий энергия тежамкор ускуналар билан жиҳозлаш ва автоматлаштириш ишлари учун 13,6 миллиард сўм бюджет ссудаси ажратилди.

Ушбу маблағлар ҳисобидан “Навоий сув таъминоти” АЖ балансидаги 3-кўтарув ичимлик суви насос станциясида мавжуд 6 та насос агрегати алмаштирилиб, 10 та частотани ўзгартириш қурилмаси ўрнатилди. Натижада йиллик электр қуввати истеъмолини 24 миллион киловатт-соатдан 17 миллион киловатт-соатгача, яъни 30 фоизгача камайтириш имконияти яратилди.
Натижада ўтган йилнинг апрель-июнь ойларида 7,5 миллион киловатт-соат электр энергияси истеъмол қилинган бўлса, жорий йилнинг шу даврида бу кўрсаткич 4,2 миллион киловатт-соатни ташкил этди. Натижада 3,3 миллион киловатт-соат ёки 3,3 миллиард сўмлик электр энергияси иқтисод қилинди.
Сув таъминоти тизимида “яшил” технологиялардан фойдаланиш кўлами ҳам кенгаймоқда. Сув иншоотлари ҳудудларидаги бўш ер майдонларига умумий қуввати 2,5 МВт бўлган қуёш электр панеллари ўрнатилди. Жорий йилнинг январь-июнь ойларида ушбу панеллар орқали 1,5 миллион киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарилди. Натижада жамиятга 300 миллион сўм миқдорида даромад олиш имконияти яратилди.
Рақамлаштириш соҳадаги ислоҳотларнинг яна бир муҳим йўналиши сифатида намоён бўлмоқда. Навоий вилоятида тажриба тариқасида кўп қаватли уйнинг 68 та хонадонига масофадан туриб ичимлик сувини тармоқдан узиш-ёқиш ва онлайн маълумот узатиш имконини берувчи сув ҳисоблагичлари ўрнатилди. Натижада мазкур хонадонларда сув ҳисоби тўлиқ рақамлаштирилди.

Эътиборли жиҳати шундаки, онлайн ҳисоблагичлар ўрнатилишидан олдин 68 та хонадонда 34 миллион сўм дебитор қарздорлик мавжуд бўлган бўлса, кейинчалик ушбу қарздорлик тўлиқ ундирилди ва сув учун тўловларни олдиндан амалга ошириш тизими йўлга қўйилди.
Рақамлаштириш сувдан тежамкор фойдаланишга ҳам таъсир кўрсатмоқда. Ҳисоблагичлар ўрнатилишидан олдин ушбу хонадонларда 1 400 куб метр сув истеъмол қилинган бўлса, кейинчалик бу кўрсаткич 1 000 куб метрга тушди.
Ислоҳотларнинг аҳоли учун қай даражада самара бераётганини истеъмолчилар сонининг ортиши мисолида ҳам кўриш мумкин. 2025 йил 1 сентябрь ҳолатига жамият томонидан 216 255 та истеъмолчига ичимлик ва оқова сув хизматлари кўрсатилган бўлса, 2026 йилнинг шу даврига уларнинг сони 227 370 тага етди. Демак, истеъмолчилар сони бир йилда 11 115 тага кўпайди.
Шу билан бирга, сув ҳисоблагичларини ўрнатиш ишлари ҳам жадал олиб борилмоқда. 2025 йил 1 сентябрь ҳолатида 14 439 та истеъмолчи сув ҳисоблагичисиз меъёр тарифи асосида фойдаланган бўлса, 2026 йилнинг мос даврида бундай истеъмолчилар сони 7 858 тага тушди. Яъни, уларнинг сони 6 581 тага қисқарди. Бу эса ҳисоб-китобларни аниқ ва шаффоф юритиш, истеъмол қилинган сув ҳажмини назорат қилиш имкониятларини яратмоқда.
Соҳадаги ислоҳотларнинг муҳим вазифаларидан бири молиявий интизомни мустаҳкамлаш, кўрсатилаётган хизматлар учун тўловларни ўз вақтида ундириш ва корхонанинг барқарор ишлашини таъминлашдан иборат.
2026 йил 1 январь ҳолатига жамиятда дебитор қарздорлик 21,4 миллиард сўмни ташкил этган бўлса, бугунги кунда ушбу кўрсаткич 18 миллиард 411 миллион сўмга туширилди. Яъни, йил бошига нисбатан қарздорлик 2 миллиард 990 миллион сўмга камайди.
Истеъмолчилар билан ҳисоб-китобларни тартибга солиш, қонун бузилишларининг олдини олиш мақсадида ҳам тизимли ишлар олиб борилмоқда. 2026 йил давомида ўтказилган ўрганиш ва рейд тадбирлари натижасида 789 та ҳолат бўйича далолатнома расмийлаштирилди. Шундан 77 таси ичимлик ва оқова сув тармоқларидан ўзбошимчалик билан фойдаланиш, 712 таси эса сув таъминотидан фойдаланиш қоидаларини бузиш ҳолатларидир.

Аниқланган 789 та ҳолатнинг 770 таси аҳоли, 19 таси юридик истеъмолчилар ҳиссасига тўғри келган. Уларга жами 683 миллион сўм миқдорида қайта ҳисоб-китоб қилинган бўлиб, шундан 482 миллион сўми ундирилди.
Дебитор қарздорликни ундириш мақсадида 2026 йил мобайнида суд органлари ҳамда нотариал идораларга 824 та истеъмолчи бўйича 787 миллион сўмлик даъво аризалари киритилди. Шунингдек, тўловларни ўз вақтида амалга оширмаган 750 та истеъмолчи ичимлик суви тармоғидан вақтинча узилди.
Энг муҳими, сув таъминоти тизимида амалга оширилаётган ҳар бир янги лойиҳа, ҳар бир модернизация жараёни ва ҳар бир рақамли ечим истеъмолчиларга қулайликлар яратишга хизмат қилмоқда.
Абдували Бўриев, ЎзА мухбири