Ислоҳотлар шамоли олис қишлоқларгача етиб бормоқда
Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз туманидаги Кўл қишлоғи денгиз сатҳидан қарийб 4 минг метр баландликда, энг баланд чўққилардан бири Ҳазрати Султон чўққиси этагида жойлашган. Ушбу қишлоққа хизмат сафари билан ҳар йили борамиз. Аммо ҳар борганда бир ўзгаришнинг гувоҳи бўламиз.
Ўтган йили борганимизда тоғнинг машаққатли паст-баланд йўллари бизни жуда толиқтириб қўйган эди. Ҳисорак МФЙ марказидан ўтирганимиз УАЗ машинаси кучаниб чиққанди. Ўша қийинчиликлар ҳамон хотирамизда қолгани учун бу гал ҳам Ҳисорак МФЙ марказигача ўзимизнинг машинада келиб, қолганига “Нева” машинасида кетдик. Аммо бу гал йўллар текис ва равон. Шаҳрисабз туманида туризмни ривожлантириш баҳонасида тоғли қишлоқлар ҳисобланган Ғилон қишлоғигача асфальтлаштириш режа қилинибди. Шу боис тошлоқ йўллар асфалть ётқизишга тайёрланган. Оғир техникаларда суриб текисланган. Тик нишабликларни ҳисобга олмаганда қийналмадик ҳисоби.
Тепага қараб ўрлаб борар эканмиз, пастдаги иссиқ ҳаво ўрнини салқин ва ёқимли шабада эгаллай бошлади. Дарё ўзани секин-секин жарликда қола бошлади. Пастда аллақачон ғарқ пишиб, йиғиштириб олинган мевалар бу ўлкаларда эндигина ранг ола бошлаган. Ниҳоят Кўл қишлоғига етиб келдик. Бизни Кўл МФЙ раиси Исмоил Бобоев қарши олди.
Биринчи эътиборимизни тортган бино янги қурилаётган замонавий боғча бўлди.
– Қишлоғимизда 1 минг 400 га яқин аҳоли яшайди, – дейди Кўл МФЙ раиси Исмоил Бобоев. – Мамлакатимизда инсон қадрини ўйлаб амалга оширилаётган ислоҳотлар шамоли бизнинг қишлоққача етиб келмоқда. Мана қишлоғимизда ҳам 140 ўринли замонавий боғча барпо қилинди. Бино деярли тайёр. Жиҳозлар келтирилса, фойдаланишга топширамиз. Шу кунгача қишлоғимиз болалари боғча таълимидан бебаҳра эди. Энди улар ҳам боғча таълимини замонавий боғчаларда олишади. Йўлларимиз анчагина тартибга келиб қолди. Энди бемалол енгил машиналарда ҳам қишлоғимизга чиқиб келса бўлади. Бундан ташқари, қишлоқ оилавий поликлиникаси ҳам янгидан қуриб берилди. Уни ҳам сентябрь ойида очилиши режалаштирилмоқда. Хуллас ўзгаришлар катта. Албатта бўлаётган бу ишлардан халқимиз жуда миннатдор.
Маҳалла раиси ҳамроҳлигида қишлоқни айланар эканмиз одамларнинг ҳаётдан хурсанд эканига гувоҳ бўлдик. Қайси бири билан гаплашманг шукроналик туйғуларини изҳор қилишади.
Дарҳақиқат, биз борган куни вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ва туман тиббиёт бирлашмаси ҳамкорлигида Кўл қишлоғи аҳолиси чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилаётган экан. Кўчада тез ёрдам машинаси келиб қолди. Бир хонадон олдига келиб тўхтади. Машинадан тушган тиббиёт ходимларини суҳбатга чорладик.
МФЙ
– Бугун олис тоғ қишлоғи ҳисобланган Кўл маҳалласида тиббиёт ходимларимиз билан биргаликда аҳолини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказяпмиз, – дейди Шаҳрисабз туман тиббиёт бирлашмаси даволаш бўйича директор ўринбосари Дилобар Далиева. – 12 нафар вилоят мутахассислари, 8 нафар қўшни туманлардан ташкил этилган мутахассислар, 18 нафар Шаҳрисабз тумани марказидан тор соҳа мутахассислари жалб қилиниб, бригадалар 3 та УТТ аппарати, 1 та кольпоскоп, 2 та лаборатория текширувлар учун анализаторлар, 3 та ЭКГ, офтольмоскоп ва бошқа тиббий жиҳозлар билан таъминланди. 1 та мобиль бригада ташкил қилиниб, уйда ётиб қолган ногиронлар, қариялар, чилла давридаги оналар ва уларнинг фарзандлари уй шароитида тиббий кўрикдан ўтказилмоқда.
[gallery-13392]
Қишлоқдаги энг катта янгиликлардан бири қишлоқ оилавий шифокорлик пункти қурилгани бўлибди. Икки қаватли, замонавий типдаги бу муассаса нафақат янгилик балки, қишлоқнинг кўрки бўлди. Туман марказидан қарийб тўқсон километр олисдаги қишлоқ аҳли учун бу узоқ йиллик орзулардан бири эди, дейди сухбатдошларимиз.
– Туман марказидан қишлоғимиз 85 келометр узоқликда жойлашган. Йўлимиз узоқ бўлганлиги учун ҳамда тоғли қишлоқ бўлганлиги учун аҳолимиз ҳа деганда бориб чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўта олмайди, – дейди Аслиддин Ҳакимов. – Давлатимиз ва соғлиқни сақлаш вазирлиги қўллаб қувватлаши туфайли ҳар йили қишлоқ врачлик пунктига келиб, шифокорлар барча соҳалар бўйича аҳолини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиб, дардларига шифо бўлишади. Бу инсон қадрининг амалдаги исботи деб ўйлайман. Мана бу йил қишлоқ оилавий врачлик пунктимиз очилиши арафасида. Биносининг қурилиш ишлари битган. Жиҳозлари қолган. Бундан ташқари, тоғ шароитида юрадиган тез ёрдам машинаси берилди. Бундан халқимиз жуда мамнун.
Илк саёҳатларимизда Кўл қишлоғи одамлари ўз орзулари ҳақида гапирганда айнан бугун биз гувоҳи бўлган масалаларга тўхталиб ўтган эди. Орадан икки йил ўтиб ўтмай бугун қишлоқда бу орзулар бўй кўрсатмоқда. Тоғлар бағридаги манзиллар ҳам ислоҳотлардан янгиланишларни туймоқда. Аҳоли бундан хурсанд, инсон қадрини улуғлаш йўлида олиб борилаётган бу каби ўзгаришларни ўз тақдирлари мисолида кўраётганларидан миннатдорлигини уларнинг хотиржам нигоҳларидан ҳам сезиш мумкин эди.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат) ЎзА.