Ислоҳотлар аҳоли манфаатига хизмат қилади
Ватанимиз мустақиллигининг ўттиз икки йиллиги арафасида Навоий вилоятида бирламчи тизим моддий техник базасини янада мустаҳкамлаш мақсадида 10 миллиард сўмлик, Конимех ва Қизилтепа туманлари тиббиёт бирлашмаларида хирургия хизматини ривожлантириш мақсадида 2 миллиард сўмлик тиббий жиҳозлар харид қилинди.
Беш йил аввал вилоятда 128 бирламчи тиббий ёрдам муассасалари бўлган бўлса, бугунги кунда уларнинг сони 246 тага етди. Ўтган икки йил давомида эса вилоятда 27 оилавий шифокор пункти, 2 оилавий поликлиника ҳамда 89 маҳалла тиббиёт пунктининг фаолияти йўлга қўйилди.
– Ушбу муассасаларни қуриш-таъмирлаш ва жиҳозлаш учун маҳаллий бюджетдан 17,4 миллиард сўм, республика бюджетидан эса 8,6 миллиард сўм маблағ ажратилди, – дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Нурали Сафоев. – Шунингдек, бирламчи тиббиёт муассасалардаги кундузги шифо ўринлари 458 тадан 882 тага оширилди ҳамда иш вақти 08:00 дан 20:00 гача этиб белгиланди. Вилоятда малакали мутахассисларни тайёрлаш ва муассасаларни замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан таъминланиши натижасида охирги беш йилда 85 турдаги амалиётлар 142 турга етказилди. Вилоятда янги тиббий амалиётларни жорий қилиш ва хориж тажрибасини ўзлаштириш мақсадида жорий йилнинг ўтган даврида 403 нафар шифокор республика муассасаларида, 102 нафар мутахассислар хорижий давлатларнинг нуфузли клиникалари ва университетларига малака оширишга юборилди.
[gallery-13348]
А.Бўриев,
С.Аслонов (сурат), ЎзА