Ишсиз фуқароларга ер ажратилмоқда
Ҳисоб-китобларга кўра, 1 гектар майдонда етиштирилган пахтага нисбатан узумдан 7 баравар, гилосдан 6 баравар, ёнғоқдан 5 баравар кўп даромад олиш имкони мавжуд. Агарда пахта ва ғалладан қисқартирилаётган майдонларда боғдорчилик, узумчилик, полиз ва сабзавотчилик, дуккакли ва мойли экинлар етиштирсак, бозорларимизда мўл-кўллик ортиб, кўриладиган фойда бир неча баробар ортиши ҳам бор гап.
Мисол учун, 10 сотих майдонда 300 килограмм картошка уруғи қадалса, ўртача бир килограмм уруғ 8000 сўмдан 2,4 миллион сўм, ер тайёрлаш, ўғит ва бошқа харажатларга 1,6-1,7 миллион сўм сарфланади. 10 сотихдан 2,5-3 тонна ҳосил олинса, картошканинг ўзидан 10 миллион сўм ва ундан кўпроқ даромад қилиш мумкин. Такрорий ва тўқсонбости экинлар туфайли бу рақамлар яна бир неча баробар ошиши мумкин.
Президентимизнинг 2021 йил 23 ноябрда қабул қилинган “Мева-сабзавотчилик ва узумчиликда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, қишлоқ ҳўжалиги ишлаб чиқаришида деҳқон хўжаликларининг улушини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори аҳолининг даромад топишга қаратилган тадбиркорлик ташаббусларини молиявий қўллаб-қувватлаш, аграр тармоқда ўз бизнесини ташкил этишга кўмаклашиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда деҳқон хўжаликларининг улушини ошириш каби вазифалар ижросини таъминлашда қўл келмоқда.
Унга кўра, 2022-2025 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда фермер хўжаликлари ва кластерлар фойдаланишидаги паст ҳосилли пахта ва ғалла экинларидан жами 200 минг гектардан ортиқ ер майдони қисқартирилади. Ушбу ерлар ҳисобидан фуқароларга 0,10 гектардан 1 гектаргача бўлган ўлчамда очиқ электрон танлов орқали ижара ҳуқуқи асосида ер майдонлари ажратиш белгиланган.
Шу асосда Навоий вилоятининг Кармана туманида 88 та фермер хўжалигининг ерларидан 786 гектар аукцион савдоларга чиқарилди. Пахта экилган ерлардан 503 гектар, ғалла майдонларидан 89 гектар ер майдони қисқартирилди. Натижада ушбу майдонлар янги ташкил қилинган 2346 деҳқон хўжаликларига берилди. Ушбу деҳқон хўжаликлари ҳозирда 442 гектарда сабзавот экинлари етиштирмоқда. Жумладан, 97 гектарда сабзавот, 18 гектарда картошка, 108 гектар соя экинлар экилди.
Ҳудудда ғалла ҳосилидан бўшаган майдонларни ижтимоий ҳимояга муҳтож ва ишсиз фуқароларга деҳқончилик мақсадида ажратиб бериш амалиёти ҳам яхши самара беришига шубҳа йўқ. Аҳамиятли жиҳати, бу майдонларда аграр тармоқ экинлари етиштириш учун керак бўладиган минерал ўғит, техникалар, уруғликлар, ниҳоллар ва бошқа зарур материалларни фермер хўжалиги ва “Томорқа хизмати” МЧЖ раҳбарлари етказиб беради. Шунингдек, улар етиштирилган озиқ- овқат маҳсулотларини кафолатли харид қилиш борасида уч томонлама шартномалар тузишмоқда.
Умирзоқ Раҳматов, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ходими