Ишончли вакил сайловчилар билан учрашди
Мамлакатимизда жорий йилда сиёсий жараён – Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови ўтказилади. Шу муносабат билан айни кунларда жойларда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларнинг сайловолди тарғибот-ташвиқот тадбирлари ўтказилмоқда.
Қорақалпоғистон Республикаси Амударё туманида ўтказилган сайловолди тарғибот тадбирида Ўзбекистон Республикаси Президентлигига Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партиясидан номзод Алишер Қодировнинг ишончли вакили, партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси, Жўқорғи Кенгес депутати Тажибай Романов сайловчилар билан учрашди.

Унда ишончли вакил йиғилганларни Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзоднинг таржимаи ҳоли ҳамда сайловолди дастури билан таништирди.
Қайд этилишича, номзоднинг сайловолди дастурида таълим-тарбия соҳасида, давлат бошқаруви тизимида, мамлакат иқтисодиётини ривожлантириш бўйича, ижтимоий адолат, қадриятларга ҳурмат ва фуқаро эркинликларини таъминлаш, ташқи сиёсат соҳаларида қатор янги ўзгаришлар амалга оширилиши белгиланган.

Хусусан, таълим-тарбияда “Янги авлод” дастури қабул қилиниб, унга кўра, бола туғилганидан мактабни тугаллагунигача бўлган даврни ўз ичига олган тарбия ва таълим дастури ишлаб чиқилиши учун ягона «Оила-боғча-мактаб» тизими яратилади.
Шунингдек, дастурда «Таълим инспекцияси» Олий Мажлис ҳузурида қайта ташкил қилиниши, педагоглар тайёрлаш тизими тубдан ислоҳ қилиниши, тарбиянинг ажралмас қисми сифатида Миллий киноиндустрия ислоҳ қилиниши белгиланганлиги таъкидланди.

Келтирилишича, сайловолди дастурида давлат бошқаруви тизимида маҳаллий кенгашларнинг ваколатлари ва фаолияти қайта кўриб чиқилиши, суд-ҳуқуқ тизимида туб ислоҳотлар амалга оширилиши кўрсатилган.
Қолаверса, дастурда мамлакат иқтисодиётини ривожлантириш бўйича давлат иштирокини тугатиш бўйича 5 йиллик давлат инновацион дастури қабул қилиниши, иш берувчилар учун ходимларни мажбурий суғурталаш мажбурий этиб белгиланиши, кам таъминланган аҳолини қўллаб-қувватлашнинг қадриятларга таянган янги тизими жорий этилиши борасида устувор тамойиллар белгиланган.
Шу билан бирга, партия сайловолди дастурида ижтимоий адолат, қадриятларга ҳурмат ва фуқаро эркинликларини таъминлаш соҳасида миллий урф-одат, анъаналар, шаклланган қадриятларга ҳурматсизлик учун жавобгарлик жорий қилиниши, ўзбек тили кенг қўлланиладиган, замонавий тараққиётга уйғун тилга айланиши учун ҳуқуқий асослар кучайтирилиши, сўз эркинлиги ва жамиятни демократлаштириш давом эттирилиши, Халқ қабулхоналари бепул юридик маслаҳат марказларига айлантирилиши, алимент фонди ташкил этилиши каби устувор вазифаларни амалга ошириш кўрсатилган.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партиясидан номзод Алишер Қодировнинг ишончли вакили йиғилганлар томонидан берилган саволларга жавоб берди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА