Ишончли вакил номзоднинг дастурини тарғиб этади
Жиззахда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Жиззах вилояти кенгаши томонидан жорий йилнинг 24 октябрида бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови олдидан журналистлар учун брифинг ташкил этилди.
Ушбу тадбирда Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Президентликка номзод Ш.Мирзиёевнинг Жиззах вилояти бўйича ишончли вакили Байрамбек Узаков, партия Жиззах вилоят кенгаши раиси Эркин Холматов, маҳаллий кенгаш депутатлари, партия фаоллари, республика ва маҳаллий оммавий ахборот воситаларининг вакиллари ҳамда блогерлар иштирок этди.
Тадбирда сайлов Кодексига кўра, сайловолди ташвиқоти номзодларни рўйхатга олиш учун белгиланган охирги куннинг эртасидан, яъни бугун – жорий йилнинг 20 сентябридан эътиборан бошланиши ва овоз беришга бир кун қолганда тўхтатилиши таъкидлаб ўтилди.
Номзодлар ташвиқоти учун берилган ана шу муддат давомида ишончли вакил вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида, турли ташкилот, муассаса ва корхоналарда турли соҳа вакиллари билан юзма-юз мулоқот қилиши, жумладан оммавий учрашувлар ўтказиши режалаштирилган.
Мулоқотларда ишончли вакил фаолиятининг бош мақсади –Президентликка номзод дастурида белгиланган асосий ғоя ва мақсадларни фуқароларга жонли, ҳаётий мисоллар орқали, самимий суҳбат ва савол-жавоблар асносида тушунтиришга, шу билан бирга жойларда мавжуд масалалар юзасидан ҳам фикр алмашишга асосий эътибор қаратилади.
Брифинг сўнгида журналист ва блогерлар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан батафсил жавоблар олди.
[gallery-3966]
А.ҚАЮМОВ, Ж.ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА