Ишончли ҳамкорлик самаралари
Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимизда яратилаётган қулай инвестицион муҳит, хорижлик сармоядорлар учун берилаётган қатор имтиёзлар ўз самараларини бераётир. Юртимиздаги тинчлик, иқтисодий барқарорлик ишбилармонларнинг ўзаро тенг манфаатли ҳамкорлигини янада ривожлантириш имконини кенгайтирмоқда.
Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимизда яратилаётган қулай инвестицион муҳит, хорижлик сармоядорлар учун берилаётган қатор имтиёзлар ўз самараларини бераётир. Юртимиздаги тинчлик, иқтисодий барқарорлик ишбилармонларнинг ўзаро тенг манфаатли ҳамкорлигини янада ривожлантириш имконини кенгайтирмоқда.Сурхондарё вилоятида Жанубий кореялик сармоядорлар иштирокида иккита қўшма корхона фаолият юритмоқда. Замонавий технологиялар билан жиҳозланган ушбу корхоналарда ўсимлик ёғи ва пахта толасидан ип-калава ишлаб чиқарилмоқда. Айни пайтда Қумқўрғон туманида пайпоқ ишлаб чиқаришга ихтисослашган яна бир қўшма корхонани ташкил этиш ишлари бошлаб юборилган.
Термиз шаҳрида пахта толасидан жаҳон бозорида харидоргир ип-калава ишлаб чиқараётган масъулияти чекланган жамият шаклидаги “Shindong-Spinning-Termiz” Ўзбекистон – Жанубий Корея қўшма корхонасининг ташкил этилганига жорий йилда саккиз йил тўлади. Икки давлат ишбилармонларининг ўзаро манфаатли шериклиги асосида фаолият юритаётган корхонанинг модернизация қилиниб, техник ва технологик янгилаб борилаётгани дунё бозорида рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқариш кўламини кенгайтиришга хизмат қилаётир.
Ўтган йили қўшма корхонада 5 миллиард сўмлик ип-калава ишлаб чиқарилиб, 800 минг АҚШ доллари қийматидаги маҳсулот экспорт қилинди. Корхона маҳсулотларига Хитой, Туркия, Россия давлатларининг енгил саноат корхоналари харидор бўлаётир. Корхонанинг экспорт салоҳияти йилдан- йилга ошмоқда. Жорий йилнинг дастлабки чорагида икки миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, 670 минг долларлик ип-калава хорижга сотилгани бунинг яққол тасдиғидир.
Цехларни модернизация қилиш ва янгилаб боришда чет эл сармояси иштирокидаги корхоналарга берилган имтиёзлар хорижлик ишбилармонларда катта қизиқиш уйғотмоқда. Замонавий тежамкор янги ускуналар ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш баробарида қўшимча янги иш ўринлари яратишда муҳим омил бўлаётир. Маҳсулот сифати янада ошиб, электр энергияси сарфида тежамкорликка эришилмоқда.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, Сурхондарёда етиштирилаётган пишиқ толали пахта саноатбоплиги билан ажралиб туради. Ундан олинган ип-калава жуда пишиқ ва мустаҳкам бўлиб, енгил саноат корхоналарида рақобатбардош, жаҳон стандартларига мос тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришда, айниқса, қўл келади. Олинаётган даромад эвазига барқарор ривожланиб, аҳоли, биринчи навбатда, ёшларни иш билан таъминлашга кўмаклашаётган корхонада дастлаб 200 га яқин киши меҳнат қилган бўлса, айни пайтда уларнинг сони 250 дан ошди. Цехлардаги замонавий хориж дастгоҳларини юксак маҳорат билан бошқараётган ишчиларнинг асосий қисми касб-ҳунар коллежини битирган ўғил-қизлардир.
– Цехлар кенг, ёруғ ва озода, – дейди калавалаш бўлими устаси Ҳусниддин Жумаев. – Барча ишлар тўлиқ хориж ускуналари ёрдамида бажарилади. Ишлаб чиқариш жараёни компьютер орқали бошқарилади. Замонавий технологиялар ўрнатилаётгани янги қулайликлар яратиш баробарида иш жараёнини енгиллаштирмоқда.
Корхонанинг тижорат ишлари бўйича директори Гулмурод Тўхташевнинг айтишича, корхонада ходимларни ижтимоий ҳимоя қилишга қаратилаётган алоҳида эътибор ишлаб чиқариш самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Ишчиларни махсус кийим ва иссиқ овқат билан таъминлаш, бепул транспорт хизмати кўрсатиш йўлга қўйилган. Тиббиёт ходимлари ишчи-хизматчилар соғлиғини назорат қилиб боради. Ишдан бўш вақтларида мазмунли дам олиши учун ҳам барча шароит мавжуд.
Корхонада тайёрланаётган ип-калава замонавий ускуналар ўрнатилган лаборатория назоратидан ўтказилади. Бу маҳсулот сифатини доимий назорат қилиш ҳамда ишлаб чиқариш самарадорлигини бир меъёрда сақлаш имконини бермоқда.
– Замонавий компьютер ускуналари ўрнатилган лабораторияда ип-калава сифатини узлуксиз назорат қилиб турамиз, – дейди лаборатория ходими Холида Орзиқулова. – Маҳсулот сифатининг жаҳон талабларига жавоб бериши компьютер экранида кўриниб туради. Дунё бозорида рақобат кучайган бир пайтда маҳсулотимизга маҳаллий ва чет элдаги корхоналардан кўплаб буюртмалар келиб тушмоқда.
Қўшма корхонада халқаро стандарт талабларига мувофиқ сифат менежменти тизимидан фойдаланган ҳолда ўралган ип-калава тайёрланаётгани маҳаллий ва чет эллик буюртмачиларга манзур бўлаётир. Бундай юксак ишончни янада мустаҳкамлаш учун эскирган ускуналар ўрнига хорижда ишлаб чиқарилган замонавий, тежамкор технологияларни ўрнатишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жорий йилда 200 минг доллар эвазига ип тўқиш ускуналарини тўлиқ янгисига алмаштириш режалаштирилган.
Мустаҳкам дўстлик алоқалари доирасида руёбга чиқарилаётган бундай эзгу ишлар мамлакатимизда хусусий секторни изчил ривожлантиришга қаратилаётган улкан эътибор ва чет эл инвестицияси иштирокидаги корхоналарни қўллаб-қувватлаш, ривожлантириш учун яратилаётган қулай муҳит ва юртимиздаги тинчлик, осойишталикнинг амалдаги ифодасидир.