Қишлоқ аёллари шарафланди
Термиз шаҳридаги “Афрўз” тантаналар саройида 15 октябрь –Халқаро қишлоқ аёллари куни муносабати билан “Қишлоқ аёлига эҳтиром” мавзуида маданий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
15 октябрь –Халқаро қишлоқ аёллари куни
Термиз шаҳридаги “Афрўз” тантаналар саройида 15 октябрь –Халқаро қишлоқ аёллари куни муносабати билан “Қишлоқ аёлига эҳтиром” мавзуида маданий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Сурхондарё вилояти ҳокими ўринбосари, вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси М.Қобулова ва бошқалар сўнгги йилларда мамлакатимизда хотин-қизлар ҳар тарафлама қўллаб-қувватланиб, уларнинг ижтимоий фаоллигини оширишга юксак эътибор қаратилаётганини алоҳида таъкидлади. Бу жараёнда жамиятимизнинг гултожи бўлган қишлоқ аёлларининг саломатлигини муҳофаза қилиш, бандлигини таъминлаш, улар учун муносиб турмуш шароити яратишга катта эътибор берилмоқда. Қишлоқларда барча замонавий шароитга эга янгиланган лойиҳалар асосидаги намунавий уй-жойлар барпо этилаётир. Олис ва чекка ҳудудларда хотин-қизлар учун турли ишлаб чиқариш корхоналари, хизмат кўрсатиш шохобчалари қурилиб, уларнинг бандлик масаласи ҳал этилмоқда. Хотин-қизлар тиббиёт, таълим ва бошқа ижтимоий соҳаларда меҳнат қилаётир. Тадбиркорлик ва фермерлик билан шуғулланиб, юрт тараққиётига муносиб ҳисса қўшмоқда.
Маълумотларга кўра, айни пайтда вилоятда 622 мингдан ортиқ оила бўлиб, 1 миллион 283 минг хотин-қиз обод ва тўкин турмуш кечираётир. Уларнинг 590 дан ортиғи қишлоқ жойларда яшайди. Сўнгги беш йилда давлат мукофотлари билан тақдирланган 60 дан зиёд хотин-қизнинг 65 фоизи қишлоқ аёлларидир. 146 нафар хотин-қиз фермер хўжаликларини бошқариб, пахта, ғалла, мева, сабзавот, пилла ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришда барчага ибрат бўлаётир. Шунингдек, воҳада тадбиркор аёллар сафи ҳам йил сайин кенгайиб бормоқда.
Тадбирда бир гуруҳ қишлоқ аёллари вилоят ҳокимлигининг фахрий ёрлиқ ва қимматбаҳо совғалари билан тақдирланди.