Ишлаб чиқарувчи корхона ва ташкилотларга экологияга зарар етказмасликлари учун қандай мажбурият юклатилган?
Маълумки, ишлаб чиқарувчи корхона, муассаса ва ташкилотларга экологик хавфсизликни таъминлаш, табиатдан оқилона фойдаланиш ҳамда атроф-муҳитни ифлослантирмаслик бўйича қатъий мажбуриятлар юкланган.
Хусусан, корхоналар атроф-муҳитга таъсирнинг йўл қўйиладиган энг юқори даражаларини (чекланган меъёрдан ортиқ чиқинди, оқова сув ва газ чиқармалари) қатъий назорат қилишлари шарт.
Тошкент давлат юридик университети Юридик клиникаси ходими Имомали Туев мазкур масала юзасидан қонунчилик асосида жавоб берди:
–Фаолияти атмосфера ҳавосига ифлослантирувчи моддаларни, биологик организмларни, иссиқхона газлари ва озонни бузувчи моддаларни чиқариш ҳамда унга физикавий омилларнинг зарарли таъсир кўрсатиши билан боғлиқ бўлган корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар атмосфера ҳавосига чиқариладиган чиқиндиларни тозалаш ва унга зарарли физикавий таъсирни камайтириш учун иншоотлар, қурилмалар ва асбоб-ускуналардан, шунингдек уларнинг устидан назорат қилиш воситаларидан фойдаланиш ҳамда уларнинг ишлаш қоидаларига риоя этиши лозим.
Саноат корхоналарининг атроф-муҳитга салбий таъсирини камайтиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисидаги Вазирлар Маҳкамасининг 783-сонли қарорида юқори самарадорликка эга чанг-газ тозалаш ускуналари ва маҳаллий сув тозалаш иншоотларини ўрнатиш белгилаб қўйилган.

Корхонада экологик кўрсаткичларни яхшилаш учун юқори самарадорликка эга чанг-газ тозалаш ускуналари ҳамда локал сув тозалаш иншоотларини жорий этиш ва модернизация қилиш ишлари амалга оширилади.
Жумладан, ушбу тадбирлар доирасида чиқинди оқимларини тўлиқ қамраб олувчи фильтрлаш мосламаларини ўрнатиш асосий технологик ечим сифатида белгиланади, яъни корхона муассаса ва ташкилотларнинг мажбуриятларидан бири - қувурларига фильтрлаш мосламаларини ўрнатишидир.
Экологияга етказилган зарар (агар у юзага келса) ўз вақтида бартараф этилиши ва табиатга етказилган зарар учун компенсация тўловлари тўланиши шарт.
Гулноза Бобоева, ЎзА