Ишлаб чиқаришда инновацион лойиҳалар самараси
Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида Ўзбекистон кимё-фармацевтика илмий тадқиқот институти билан ҳамкорликда хлорли газларни ютиб қолувчи Маҳаллий Ўз-АД-1 адсорбенти, “Фан ва тараққиёт” ДУК билан ҳамкорликда нефт хомашёси таркибидаги эмулцияларни бузиб сув ва туздан тозалаш мақсадида кимёвий реагент “Деемулгатор” олиш технологияси ишлаб чиқилди.
Ўзбекистон кимё-фармацевтика илмий тадқиқот институти билан ҳамкорликда фаоллаштирилган алюминий оксиди ишлаб чиқариш технологиясини ишлаб чиқиш ва турли газлар ҳамда азотни қуритишда жорий этиш ва Ўзбек-Япон ёшлари инновацион маркази билан ҳамкорликда водород сулфидли коррозияга қарши юқори самарали импорт ўрнини босувчи маҳаллий коррозия ингибитори ишлаб чиқиш юзасидан илмий тадқиқот ишларини амалга ошириш ишлари давом этмоқда.
Тармоқлараро кооперация алоқаларини кенгайтириш бўйича жорий йилнинг ўтган тўққиз ойи давомида “Квалитет Восток Гроуп” МЧЖ билан ҳамкорликда ЕВРО-4,5 дизель ёқилгиси учун мойловчи присадка, “Фарғонаазот” АЖ билан ҳамкорликда тринатрийфосфатнинг кимёвий реагент, “Штурвал” МЧЖ билан ҳамкорликда газларни аминли тозалаш қурилмаси фаоллаштирилган кўмири ва УНА ва А ҳавосини қуритиш қурилмасида фойдаланиладиган силикагел импорт ўрни босилди.
“Навоий Эко-карбон” МЧЖ ва “Штурвал” МЧЖ томонидан ишлаб чиқарилган кўмирларни Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи керосинини димеркаптанлаш қурилмасида қўлланилиши юзасидан ва “Ўзкимёсаноат” АЖ тармоқ корхоналари томонидан лаборатория шароитида ишлаб чиқарилган алюминий сулфат реагентининг завод оқава сувларини тозалаш бўйича лаборатория таҳлиллари ўтказилди.
Жорий йилда ўтказилган республика ҳудудий тармоқлараро ярмаркаларида 33 та меморандум ва 3 та йул хариталари имзоланди. 2020-2021 йилларда "Янги маҳсулотлар" ишлаб чиқариш дастури доирасида ультра паст даражада олтингугурт сақлаган Евро-4,5 тоифасидаги дизель ёқилғиси, эксплуатацион хоссалари яхшиланган Аи-95 "QuWatt" маркасидаги янги автомобиль бензини, техник суюқ кислород, АИ-98 русумли юқори октанли автомобиль бензини ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.
Заводда жорий йил янги асбоб-ускуналардан фойдаланиш режасига кўра тасдиқланган тадбир асосида 12 та тадбир амалга оширилмоқда. Маҳаллийлаштириш дастурининг бажарилиши жорий йил 9 ойи якунлари бўйича режага нисбатан 121,83 фоизни ташкил этмоқда. Заводда жорий йил 9 ойида 718,05 минг АҚШ доллари миқдоридаги импортни қисқартириш ишлари амалга оширилди.
Рационализаторлик фаолияти бўйича жорий йил 9 ойи давомида 12 та рационализаторлик таклифлари келиб тушди. Шундан 8 таси қабул қилинган. 6 таси ишлаб чиқаришда қўлланилган. Завод ишчи-ходимларини рационализаторлик ва ихтирочилик фаолиятига жалб қилиш мақсадида 2021 йил 27 мартдаги 103-сонли буйруққа асосан “Бухоро НҚИЗнинг энг яхши рационализаторлик ” танлови эълон қилинган.
[gallery-4337]
Зариф Комилов,
Тоҳир Истатов (сурат), ЎзА