Ишлаб чиқариш самарадорлиги: корхоналарнинг транспорт базаси мустаҳкамланмоқда
“Ўзбекгидроэнерго” АЖ тизимидаги энергия ишлаб чиқарувчи корхоналарга JAC русумли пикап автомобиллари тантанали равишда топширилди.
Маросимда тизимда эришилган юқори ишлаб чиқариш кўрсаткичлари муносиб эътироф этилди. Таъкидланганидек, корхоналарнинг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш, ишлаб чиқариш жараёнларининг узлуксизлигини таъминлаш ҳамда Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида соҳа меҳнат жамоаларини рағбатлантириш мақсадида тизимда транспорт базасини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу эса, ўз навбатида, иш жараёнларини тезкор ташкил этиш, меҳнат унумдорлиги ва ишлаб чиқариш самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

Маросим якунида “Ўзбекгидроэнерго” АЖ томонидан “Ўрта Чирчиқ ГЭСлар каскади” филиалига “JAC 8”, “Фарҳод ГЭС” филиалига “JAC 9”, Сардоба сув омборига “JAC 9”, “Самарқанд ГЭСлар каскади” филиалига “JAC 8”, “Норин ГЭСлар каскади” филиалига “JAC 8”, “Ҳисорак ГЭС” филиалига “JAC 8”, “Қамчиқ ГЭС” филиалига “JAC 8” ҳамда Юқори Тўпаланг ҳудудида амалга оширилаётган истиқболли лойиҳалар учун “JAC 8” автомобилидан бир донадан топширилди.
– Янги транспорт воситаларининг фойдаланишга топширилиши энергетика объектларида техник хизмат кўрсатиш ва эксплуатация ишларини янада тезкор ташкил этиш, хизмат кўрсатиш ҳудудларида ходимларнинг ҳаракатчанлигини ошириш ҳамда юклатилган вазифаларни ўз вақтида ва сифатли бажариш имкониятларини кенгайтиради.
Бу, айниқса, гидроэнергетика объектларининг аксарияти тоғли ва мураккаб рельефга эга ҳудудларда жойлашганини инобатга олганда, муҳим аҳамият касб этади. Янги автомобиллар куз-қиш мавсумида ноқулай об-ҳаво ва мураккаб йўл шароитларида объектларга етиб бориш, техник хизмат кўрсатиш ҳамда зарур ишларни тезкор амалга оширишда қўшимча имконият яратади.

Транспорт базасининг мустаҳкамланиши нафақат корхоналарнинг моддий-техник имкониятларини кенгайтиради, балки ГЭСлар ва бошқа энергетика объектларининг барқарор ишлашини таъминлаш, ишлаб чиқариш жараёнларида тезкорлик ва самарадорликни оширишда муҳим аҳамиятга эга.
Мазкур ташаббус “Ўзбекгидроэнерго” АЖ тизимида 2026 йилнинг биринчи ярим йиллигида эришилган юқори ишлаб чиқариш натижаларининг муносиб эътирофи сифатида аҳамиятлидир, – деди жамият ахборот хизмати раҳбари Равшан Бойқулов.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА