Ишлаб чиқарувчиларга янги имтиёзлар
Мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, корхоналарнинг ишлаб чиқариш салоҳиятини ошириш ва соҳага илғор технологияларни кенг жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, корхоналарнинг ишлаб чиқариш салоҳиятини ошириш ва соҳага илғор технологияларни кенг жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар самарасида бугун хусусий сектор нафақат ялпи ички маҳсулотни шакллантиришда, балки аҳоли бандлигини таъминлаш ва фаровонлигини юксалтиришда ҳам алоҳида аҳамият касб этаётир. Айни пайтда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар маҳсулотлари бозорларимиз тўкинлигини таъминлаш баробарида давлатимиз экспорт салоҳиятини оширишга ҳам салмоқли ҳисса қўшмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 15 майдаги “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижроси ва унинг соҳа ривожидаги аҳамиятига бағишлаб Қаршида ўтказилган семинарда шулар ҳақида сўз юритилди.
Мазкур фармон мамлакатимиз иқтисодиётида хусусий мулкнинг ўрни ва ролини тубдан ошириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш йўлидаги тўсиқ ва сунъий чекловларни бартараф этиш, иқтисодиётда давлат иштирокини камайтириш, ялпи ички маҳсулотда хусусий ишлаб чиқарувчилар улушини изчил оширишда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
– Мазкур ҳужжатга мувофиқ 2015 йил 1 июлдан эътиборан хўжалик юритувчи субъектларда режали текширишлар даврийлиги ва муддатлари, қўзғатилган жиноий ишлар бўйича текширишлар ўтказиш тартибига ўзгартишлар киритилди, – дейди Қашқадарё вилояти прокурори Салом Самадов. – Фармоннинг 2-бандига кўра, барча назорат органлари учун режали текширишлар даврийлиги бирхиллаштирилди. 2015 йил 1 июлдан бошлаб назорат қилувчи органлар томонидан микрофирма, кичик корхона ва фермер хўжаликлари фаолиятидаги барча режали текширишлар кўпи билан тўрт йилда бир марта, бошқа тадбиркорлик субъектларида эса кўпи билан уч йилда бир марта Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика кенгаши қарори асосида амалга оширилади. Молия-хўжалик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган режали текширувлар ўтказиш муддати 10 календарь кунидан ошмайди.
Семинарда иштирок этган туман ва шаҳар ҳокимлари, тадбиркор ва фермерлар “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Яккабоғ тумани кенгаши қошида ташкил этилган “Китоблар уйи” ҳамда туман “Ягона ойна” маркази фаолияти билан танишди.
– Тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текширишларнинг такомиллаштирилаётгани, айниқса, кичик бизнес субъектларидаги текширишлар янада қисқартирилаётгани соҳа равнақида муҳим аҳамият касб этади, – дейди Деҳқонобод тумани ҳокими, сенатор Абдушукур Омонов. – Яккабоғда тадбиркорларга кўмаклашиш, уларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасида салмоқли ишлар амалга оширилаётганига гувоҳ бўлдик. Бу каби ташаббусларни бошқа туманларда ҳам қўллаш яхши самара беради. Шу маънода мазкур семинар барча учун фойдали бўлди.
Тадбир доирасида тадбиркорлар Президентимизнинг 2015 йил 28 апрелдаги “Иқтисодиётда хусусий мулкнинг улуши ва аҳамиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан инвестиция мажбурияти эвазига “ноль” қийматида сотилиши мўлжалланган объектлар, давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг улушлари стратегик хорижий инвесторларга сотилиши лозим бўлган акциядорлик жамиятлари, очиқ савдолар орқали тўлиқ хусусий мулк қилиб бериладиган объектлар билан ҳам танишди.
Тадбирда Қашқадарё вилояти ҳокими З.Рўзиев сўзга чиқди.