Ишлаб чиқарувчилар форуми
Самарқандда вилоятдаги йирик саноат корхоналари ҳамда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари иштирокида ҳудудий саноат ярмаркаси ва кооперация биржаси бўлиб ўтмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 13 мартдаги “2015 йилда халқаро саноат ярмаркаси ва кооперация биржасини ташкил этиш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ташкил этилган тадбирда вилоятда фаолият юритаётган 250 дан зиёд йирик ва кичик ишлаб чиқариш корхоналари, хусусий тадбиркорлар мингдан ортиқ турдаги маҳсулотлари билан иштирок этмоқда.
Ярмарканинг очилиш маросимида Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимизда маҳаллий хомашё асосида тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ишлаб чиқариш, йирик саноат корхоналари ва кичик бизнес субъектлари ўртасидаги иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди. Хусусан, маҳаллийлаштириш дастурининг самарали амалга оширилиши туфайли ишлаб чиқариш корхоналари ўртасидаги кооперация алоқалари мустаҳкамланмоқда, маҳсулот тури ва сифати ошмоқда. Энг муҳими, экспорт ўрнини босувчи, рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда.
Ҳар йили анъанавий ўтказиб келинаётган ҳудудий ва халқаро саноат ярмаркаси ҳамда кооперация биржалари бу борадаги ишлар кўламини кенгайтириш ва ишлаб чиқарувчилар ўртасидаги алоқаларни кучайтиришга хизмат қилмоқда.
– Ўтган йили октябрь ойида фаолият бошлаган корхонамизда асосан эркаклар костюм ва курткалари ишлаб чиқарилади, – дейди Тайлоқ туманидаги “Jumabozor Development” масъулияти чекланган жамияти бош муҳандиси Мурод Гадоев. – Мазкур ярмарка ўз маҳсулотларимизни намойиш этиш ва ҳамкорларимиз сафини кенгайтиришда қулай имконият бўлди. Вилоятдаги бир неча корхона билан ҳамкорлик қилиш ва маҳсулот етказиб бериш бўйича шартномалар имзоладик.
Кўргазмада намойиш этилаётган қурилиш материаллари, гилам ва мебеллар, хомашё ва бутловчи буюмлар, трикотаж ва халқ истеъмоли моллари, озиқ-овқат маҳсулотларини харид қилувчилар айниқса кўп. Улар шу ернинг ўзида шартнома имзолаб, ўзаро келишувга эришдилар. Вилоятдаги тижорат банклари, Савдо-саноат палатаси вилоят бошқармаси ва бошқа мутасадди ташкилотлар бу борада уларга услубий ва амалий ёрдам кўрсатмоқда.
– Саноат ярмаркасида ҳар йили қатнашиб, маҳсулот харид қилиш бўйича ишлаб чиқарувчилар билан тўғридан-тўғри шартномалар тузамиз, – дейди Қўшработ туманидаги “Зармитан бунёдкори” хусусий корхонаси раҳбари Бекмурод Жамолов. – Бу, аввало, бир вақтнинг ўзида кўплаб корхоналар фаолияти билан танишиш, улар таклиф этаётган маҳсулотнинг сифати, нархи ва бошқа жиҳатларини ўзаро таққослаб кўриш имкониятини беради. Бугун ҳам бир неча ташкилот билан шартнома тузишга эришдик. Жумладан, “Asl nafis” масъулияти чекланган жамияти томонидан ишлаб чиқарилаётган чинни буюмлардан олиш мақсадида эллик миллион сўмлик шартнома имзоладик.
Тадбирда Самарқанд вилояти ҳокими З.Мирзаев сўзга чиқди.