Ишлаб чиқариш салоҳияти юксалмоқда
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 8 октябрдаги 2013-2016 йилларда Жиззах вилояти саноат салоҳиятини ривожлантириш дастури асосида вилоятда жорий йилнинг биринчи чорагида 18 лойиҳа амалга оширилиб, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 9,4 фоизга ўсди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 8 октябрдаги 2013-2016 йилларда Жиззах вилояти саноат салоҳиятини ривожлантириш дастури асосида вилоятда жорий йилнинг биринчи чорагида 18 лойиҳа амалга оширилиб, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 9,4 фоизга ўсди.Саноат ишлаб чиқаришининг бундай юқори суръатлар билан ўсишида янги корхоналарнинг ишга туширилиши, мавжудларида модернизация, техник ва технологик янгилаш ишларининг амалга оширилаётгани муҳим омил бўлмоқда. Замонавий технологиялар билан қайта жиҳозланган корхоналарда рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми ошаётир.
“Jizzax kenteks” масъулияти чекланган жамиятининг ип йигириш корхонаси ишлаб чиқараётган маҳсулотларга талаб йилдан-йилга ортмоқда. 6,4 миллион евролик замонавий ип-йигирув, пахта титиш ва ленталаш ускуналари билан жиҳозланган корхона йилига 6 минг тонна ип-калава ишлаб чиқариш қувватига эга.
– Давлатимиз томонидан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, улар фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасида яратилаётган шароит ва имкониятлардан фойдаланиб, ишлаб чиқариш ҳажмини ошираётирмиз, – дейди корхона раҳбари Мўмин Сиддиқов. – “Асакабанк”нинг вилоят филиалидан олинган 6,2 миллион евролик кредит маблағи эвазига замонавий дастгоҳ ва ускуналар келтирилди. Айни пайтда кунига 15 тонна маҳсулот ишлаб чиқарилаётган корхонада уч сменада 200 га яқин ишчи меҳнат қилмоқда. Уларнинг аксарияти Жиззах енгил саноат касб-ҳунар коллежини битирган ёш мутахассислардир. Маҳсулотларимиз Хитой, Туркия ва Россия каби давлатларга экспорт қилинмоқда.
“Жиззах” махсус индустриал зонасининг барпо этилиши вилоят саноатини ривожлантиришда янги босқични бошлаб берди. 2014 йилда ҳудудда йилига 50 мингта қуёш коллектори ишлаб чиқарувчи дастлабки корхона фаолият бошлаган эди. Бу йил ҳудудда янги корхонларни ишга тушириш бўйича 10 лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилган. Улардан учтаси – автомобиль тормозлари колодка ва накладкаларини ишлаб чиқарувчи “Auto pad systems”, бурама мих ва металл профиллар тайёрловчи “Master screw systems”, полипропилен қувурлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Master bilding products” корхоналари иш бошлаши билан саноатчилар сафи янада кенгайди.
Вилоятда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришга йўналтирилган лойиҳаларни банк кредитлари билан қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, жорий йилнинг биринчи чорагида тижорат банклари томонидан кичик бизнес субъектларига ажратилган 81,7 миллиард сўмлик кредитнинг 23,4 миллиард сўми саноат соҳасини ривожлантиришга йўналтирилди.
Саноатнинг ривожланиши фақат ички бозорни тўлдирибгина қолмай, маҳсулотни экспорт қилиш имкониятини ҳам кенгайтирмоқда. 2015 йилнинг ўтган даврида ҳудудий тасарруфдаги корхоналар томонидан 3,8 миллион АҚШ доллари миқдорида маҳсулот ва хизматлар экспорти амалга оширилди. Шунингдек, бандлик дастурига мувофиқ 8 минг 160 янги иш ўрни яратилишида саноат соҳасидаги лойиҳаларнинг амалга оширилиши муҳим ҳисса бўлиб қўшилди.