Ишбилармонлик муҳити – самарадорлик омили
Жорий йилда Жиззах вилоятида тадбиркорлар томонидан 1 минг 457 янги лойиҳа амалга оширилиши кўзда тутилган.
Жорий йилда Жиззах вилоятида тадбиркорлар томонидан 1 минг 457 янги лойиҳа амалга оширилиши кўзда тутилган.
Президентимизнинг 2014 йил 7 апрелда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида инвестиция иқлими ва ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ҳамда шу йилнинг 15 апрелидаги “Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш ва давлат хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ тартиботларни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим омил бўлмоқда.
Вилоятда мазкур фармон ва қарор асосида тадбиркорликни янада ривожлантириш, хусусий мулк устуворлигини таъминлаш, текширишларни қисқартириш бўйича муайян чора-тадбирлар амалга оширилаётир. Хусусан, ҳафтанинг ҳар жумаси тадбиркорлар учун “очиқ эшиклар куни” деб эълон қилинган.
Тадбиркорлик фаолиятини кенгайтиришда кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича мурожаатларни интернет орқали қабул қилиш, ер ажратиш бўйича аризаларни ўз муддатида ҳал этиш, ҳисоботларни тўлиқ электрон шаклда қабул қилиш қўл келмоқда.
– Ишбилармонлик муҳитининг яхшиланиши тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида йирик лойиҳаларни амалиётга татбиқ этиш имкониятини бермоқда, – дейди вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Дилмурод Абдураҳимов. – Кейинги уч йилда 455,1 миллиард сўмлик 3 минг 70 лойиҳа ишга тушди. Мазкур лойиҳаларни амалга ошириш учун тижорат банклари томонидан 210 миллиард сўмликка яқин кредит маблағлари ажратилди.
Вилоят маркази ва туманларда пахта толасини қайта ишлашга ихтисослашган “Jizzax plasteks” Ўзбекистон-Германия қўшма корхонаси, “Jizzax kenteks”, “Jizzax Toshtepa tekstil”, “Mir Ulugbek MX” масъулияти чекланган жамиятлари ташкил этилди. Айни пайтда Жиззах шаҳридаги собиқ “Зилолатекс” корхонаси ўрнида 11 миллион АҚШ долларилик инвестиция ҳисобига тўқувчилик ва тайёр кийим ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилаётир.
Қишлоқларда тадбиркорликни ривожлантириш аҳоли бандлиги ва турмуш фаровонлигини оширишда муҳим аҳамиятга эга. Ғаллаорол туманида 5 миллиард сўмлик инвестиция эвазига тикувчилик фабрикаси, Қўйтош кони корхонаси ўрнида қиймати 20 миллион АҚШ долларилик қурилиш ашёлари ишлаб чиқариш лойиҳаси ишга туширилмоқда. Бу юзлаб янги иш ўринлари яратиш имконини беради.
Айни пайтда вилоятда 8 минг 328 тадбиркорлик субъекти рўйхатга олинган.
– Президентимиз раҳнамолигида тадбиркорлик ва кичик бизнес субъектларини қўллаб-қувватлаш ва янада ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар ўз самараларини бераётир, – дейди вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Носир Мавлонов. – Шу йилнинг 1 июлидан бошлаб қурилиш материаллари, енгил ва озиқ-овқат саноати кичик корхоналарида ишловчилар сони икки баробар оширилиб, уларнинг чекланган миқдори 200 нафардан зиёд қилиб белгилангани бу тармоқлардаги тадбиркорлар имкониятини янада кенгайтирди. Шу билан бирга, уларда соддалаштирилган тартибда солиқ тўлаш имкони сақлаб қолинди. Ушбу имтиёзнинг самараси вилоятдаги 14 корхона мисолида таҳлил қилиб кўрилганда, 1 минг 652 янги иш ўрни яратилиши, 3 миллиард 250 миллион сўм маблағ корхоналар ихтиёрида қолиши маълум бўлди.
Ҳокимликлар, адлия ва прокуратура органларида ташкил этилган “ишонч телефони” тадбиркорлик субъектлари мурожаатларини қисқа муддатларда қонуний ҳал этиш имконини бермоқда. “Ишонч телефони” орқали бўлаётган мурожаатларда айрим давлат бошқаруви идоралари ходимларининг нотўғри ҳаракати ёки ўз хизмат вазифасига нисбатан совуққонлик билан қараш ҳолатлари вақтида бартараф этилаётир.
Тадбиркорларнинг иқтисодий-ҳуқуқий билимини ошириш, уларга давлатимиз раҳбари ва ҳукуматимиз томонидан қабул қилинган меъёрий ҳужжатларнинг мазмун-моҳиятини тушунтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бу йўналишда йилнинг ўтган даврида барча туманларда тадбиркорларга давлатимиз томонидан яратилган имконият ва имтиёзларнинг аҳамиятини тушунтиришга қаратилган ўқув-семинарлар, тренинг, очиқ мулоқот, давра суҳбатлари ўтказилди ва вилоят прокуратураси, адлия, солиқ идоралари, тижорат банклари, хўжалик суди, статистика органлари томонидан зарур маълумотлар берилди. Бу борадаги ишлар давом эттирилмоқда.