Иш унумдорлиги ва сифати янада ошади
Бухоро вилояти Олот туманида янги йўллар қурилиши ва таъмири борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Аҳоли талаб ва мурожаатларидан келиб чиққан ҳолда таъмирлаш, асфальт бостириш ва шағаллаштириш тадбирлари давом этмоқда.
Туман йўлсозлари томонидан жорий йилда 47 километрдан ортиқ умумфойдаланув ва ички йўлларда жорий таъмирлаш ишлари амалга оширилди. 25 километрдан ортиқ йўлга асфальт бостирилган. “Ўзбекистон”, “Қиртай” ва “Шайхлар” маҳалла фуқаролар йиғинларининг ҳар бирида 2 километр, “Оқ Олтин” маҳалла фуқаролар йиғинида 1,4 километр, шунингдек, “Нуробод”, “Жайхунобод” ва “Бўстон” маҳалла фуқаролар йиғинларининг ҳар бирида 2,4 километрдан ички қишлоқ йўллари асоси тайёрланди. Улардан ярмига асфальт бостирилгани аҳоли ва йўловчилар учун яна бир қулайлик бўлди.
Туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси томонидан ҳудуддан ўтган халқаро аҳамиятдаги автомобиль йўлларини жорий таъмирлаш ишлари бўйича лойиҳа смета ҳужжатларига асосан ажратилган маблағ ҳисобидан “М-37” русумидаги “Самарқанд – Бухоро – Туркманбоши” автомобиль йўлининг 331-340 километр қисмида жорий таъмирлаш ишлари бажарилди. Тунги ёритиш тизимларини ўрнатиш ишлари, йўл қатнов қисмининг пиёдалар ўтиш жойини умумий 400 метр энликда сариқ ва оқ бўёқ билан бўяш ишлари тўлиқ амалга оширилган.

Маҳаллий аҳамиятга эга “4-К-202” русумли “Эшакчи қ.—Баҳромбаёт қ.—Ҳасанёр қ.—Солақоровул қ.—Қўнғирот қ.” автомобиль йўлининг “Оқ олтин” маҳалла фуқаролар йиғинидан ўтувчи қисмининг 14-17 километрларини мукаммал таъмирлаш ишлари якунига етказилган. Бунда махсус техника ва механизмлардан фойдаланаётган жамоа томонидан йўл юза қатлами кўчирилди. Қоплама қисмига иссиқ асфальт-бетон қоришмаси ётқизилган. Янги йўл ва унинг инфратузилмасини халқаро андозалар даражасида ривожлантириш борасида амалга оширилаётган бу лойиҳага 1 миллиард 200 миллион сўмдан зиёд маблағ сарфланган.
Йўлсозлар жамоаси маҳаллий аҳамиятдаги “4К-202” русумли “Эшакчи қ.—Баҳромбаёт қ.” автомобиль йўлининг 5-9 километр қисмини асфальтлаштириш ишларини ўз вақтида тугаллаб, фойдаланишга топширган. Жумладан, Денов маҳалласи ҳудудидан ўтувчи “4Р-77” русумли “Қоракўл ш. - Янгибозор қ.- Хўжадавлат темир йўл станцияси” автомобиль йўлининг 15-37 километр қисмини жорий таъмирлаш ишлари ҳам туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси томонидан ўз вақтида ва сифатли амалга оширилган. Бундай манзилли лойиҳаларни яна давом эттириш мумкин.

Айни пайтда корхонада 125 нафардан ортиқ ишчи-мутахассис фаолият олиб боряпти. Улар тасарруфида ҳозирда 20 тадан ортиқ махсус техника, шундан 1 дона бульдозер, 7 та юк ташувчи, 5 та махсус транспорт воситаси мавжуд. Корхонанинг моддий техник базасини яхшилаш, туман ҳудудидаги йўлларга хизмат кўрсатиш сифатини янада ошириш мақсадида йўлсозлар жамоасига бугун Хитойда ишлаб чиқарилган янги автогрейдер –йўл созловчи транспорт машинаси топширилди.
Юқори унумдор транспорт рамзий калитини йўлсозлар жамоасининг тажрибали машинисти Арслон Ғайбуллаев туман раҳбари Наргиза Неъматовадан қабул қилиб олди.
–Эндиликда ёз жазирамаси, қишнинг изғирин, совуқ кунларидан чўчимасдан йўл таъмирини олиб боришимиз мумкин, – дейди тизимда 30 йилдан ошиқ ишлаб келаётган машинист Арслон Ғайбуллаев. – Бу техника имкониятларини яхши билганим учун шундай деяпман. Маҳалла ва қишлоқларимиз йўлларини равон, одамлар узоғини яқин қилишда жуда қўл келадиган автомашина.
Зариф Комилов, ЎзА