Иш соати ўзгарса, саломатлик ҳам ўзгарадими?
Янги тадқиқотга кўра, иш соати ойма-ой кескин ўзгариши ходимлар саломатлигига салбий таъсир кўрсатиши мумкин экан. 61 000 дан зиёд америкалик ишчи маълумоти таҳлил қилинганда натижа эркак ва аёлларда айни ҳолат турлича намоён бўлишини кўрсатган.
Эркакларда иш вақти беқарорлашган сари саломатлик ёмонлашиши эҳтимоли ошган. Масалан, бир ой 20 соат, кейинги ой 60 соат ишлангандаги кескин ўзгариш саломатликка кўпроқ босим берган. Иш соати барқарор кишиларда соғлик ёмонлашиши эҳтимоли 28 фоиз, энг юқори ўзгарувчанликда эса 38 фоизга етган.
Аёлларда бошқа манзара кузатилган. Ишда қолганлар орасида беқарор жадвал ва саломатлик ёмонлашиши ўртасида аниқ боғлиқлик топилмаган. Соғлиғи туфайли иш вақтини қисқартирган, вақтинча тўхтатган ёки ишдан кетганлар ҳам ҳисобга олинганда, муаммо яққол кўринган. Бундай чекловга дуч келиш эҳтимоли иш вақти энг барқарор ҳолатдаги 2,5 фоиздан энг беқарор даражада қарийб 8 фоизгача ошган.
Олимлар иш шароитини баҳолашда фақат маош ёки умумий иш соатига қараш етарли эмаслигини таъкидламоқда. Кескин ўзгариб турадиган иш жадвали ҳам саломатлик учун хавф омили бўлиши мумкин. Тадқиқот муаллифлари бундай беқарорликнинг эркаклар ва аёлларга таъсирини алоҳида ўрганиш зарурлигини қайд этган.
Мусулмон Зиё, ЎзА