Иш излаганлар учун 500 дан ортиқ имконият
Сардоба туман ҳокимлиги ташаббуси билан «Sardoba Universal Cluster» корхонасида ташкил этилган ярмаркада туманнинг 14 та маҳалласидан 200 нафардан ортиқ иш изловчи иштирок этди. Улар корхона ва ташкилотлардаги бўш иш ўринлари, меҳнат шароитлари ҳамда иш ҳақи миқдори билан танишишди.

Ярмарканинг ўзига хос жиҳати шундаки, иш изловчилар бўш иш ўринлари ҳақида маълумот олиш билан чекланмади. Номзодлар иш берувчилар билан суҳбатлашиб, ўзларига мос лавозимлар бўйича таклифларни ўрганди. Айрим ҳолларда суҳбатнинг ўзида ишга қабул қилиш ва меҳнат шартномасини расмийлаштириш масалалари ҳал этилди.

Иштирокчиларга турли соҳалардаги бўш иш ўринлари таклиф этилди. Иш берувчилар эса зарур мутахассисларга қўйиладиган талаблар, иш жараёни ва меҳнат шароитлари ҳақида маълумот берди.


Бундай ярмаркаларда иш берувчи ва иш изловчининг бир майдонда учрашиши ҳар икки томон учун ҳам қулай. Фуқаро ўз малакаси ва қизиқишига мос иш ўрнини танласа, корхона ва ташкилотлар бўш лавозимларга муносиб номзодлар билан бевосита танишади.


— Меҳнат ярмаркасида ўзимга мос иш топганимдан хурсандман. Яқингача хорижда, фарзандларимдан узоқда меҳнат қилиб келаётгандим. Энди эса ишлаш учун хорижга боришга ҳожат қолмади. Насиб қилса, «Sardoba Universal Cluster»да меҳнат фаолиятимни бошлайман. Бу ерда оиламга яқин бўлиб, ўз юртимда ишлаш имкониятига эга бўлаётганим мен учун катта қувонч. Муҳими, бундай меҳнат ярмаркалари мен каби иш излаётган, меҳнат қилиш истагида бўлган ёшлар учун жуда қулай. Бу ерда бир вақтнинг ўзида бир нечта корхона ва ташкилотдаги бўш иш ўринлари билан танишиб, ўзимизга мос ишни танлаш имконияти бор. Иш берувчилар билан бевосита суҳбатлашиб, иш шароити ва талаблар ҳақида маълумот олиш ҳам анча осон, — дейди Дўстлик маҳалласидан меҳнат ярмаркасида иштирок этган Мурод Қувватов.

Сардоба туманида ташкил этилган мазкур меҳнат ярмаркаси аҳоли бандлигини таъминлаш, иш излаётган фуқароларни доимий даромад манбаига йўналтириш ҳамда иш берувчилар эҳтиёжини қондиришга қаратилган амалий мулоқот майдони бўлди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири