Иш излаган ёшлар энди касб ва даромад эгасига айланишмоқда
Ёшнинг қўлида касб бўлса, унинг меҳнат бозорида ўз ўрнини топиши ва барқарор даромад манбаига эга бўлиши учун имконияти кенгаяди. Шу боис ёшларни касб-ҳунарга ўқитиш, иш билан таъминлаш ва тадбиркорликка йўналтириш бандлик сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади.
Президент Шавкат Мирзиёев 2026 йил 24 февраль куни ёшлар билан очиқ мулоқотида ёшларни тил ва касб-ҳунарга ўргатиш, меҳнат бозорида ўз ўрнини топиши ва даромадли бўлиши учун имкониятларни кенгайтириш вазифаларига алоҳида эътибор қаратди. Давлат раҳбари ҳар йили 600 минг нафар ёш меҳнат бозорига кириб келаётганини қайд этиб, уларнинг қобилияти ва қизиқишига мос иш топиши учун шароит яратиш зарурлигини таъкидлади. Бу вазифалар бугун ҳудудларда аниқ амалий ишлар ва натижаларда ўз ифодасини топмоқда. Мирзаобод туманида ҳам ёшларни касбга йўналтириш, бандлигини таъминлаш ва даромад манбаини шакллантириш бўйича манзилли ишлар олиб борилмоқда. Туманда 192 нафар ишсиз ёшнинг 181 нафари бандлиги таъминланди. Жумладан, 25 нафари доимий ишга жойлаштирилди, 108 нафарига деҳқончилик билан шуғулланиш учун ер майдони ажратилди, 9 нафарига тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун кредит берилди.

Яна 5 нафар ёш асбоб-ускуналар билан таъминланди, 20 нафари ўзини ўзи банд қилиш фаолиятига йўналтирилди. 2 нафар ёш муддатли ҳарбий хизматга юборилди, 1 нафари олий ва профессионал таълим муассасасига ўқишга қабул қилинди. 11 нафар ёш касб-ҳунар ва замонавий касбларга ўқитилди. Бундай натижага ёшлар билан манзилли ишлаш орқали эришилмоқда. Тумандаги ишсиз ёшлар вилоят ва туман даражасидаги раҳбарларга бириктирилиб, ҳар бирининг қизиқиши, қобилияти ва эҳтиёжи ўрганилди. Шу асосда улар учун ишга жойлашиш, касб эгаллаш, тадбиркорлик ёки ўзини ўзи банд қилишнинг мақбул йўналиши белгиланди.
Касб-ҳунар ўрганиш истагидаги ёшлар учун ҳам ўқув курслари ташкил этилди. Йил бошидан буён 203 нафар ишсиз ёш автомобилларга техник хизмат кўрсатиш, аёллар ва эркаклар сартарошлиги, бухгалтерия, электромонтёрлик, карвинг, компьютер графикаси каби йўналишларда ўқитилди. Ўқувларни тамомлаган ёшларга сертификатлар берилди.
Касбга ўқитишда меҳнат бозоридаги талаб ҳам инобатга олинмоқда. Муайян касбни эгаллаган ёшнинг иш топиши ва даромад манбаини шакллантириши учун имконияти кенгаяди. Шу жиҳатдан, Мирзаободда касб-ҳунарга ўқитиш ишлари ёшлар бандлигини таъминлаш чоралари билан узвий боғланган.
Тадбиркорликка қизиққан ёшларга молиявий кўмак ҳам кўрсатилмоқда. Ёшлар тадбиркорлиги жамғармаси маблағлари ҳисобидан 3 та лойиҳага 300 миллион сўм, Миллий банкнинг «Келажакка қадам» дастури доирасида 19 нафар олий таълим муассасаси битирувчисига 627 миллион сўм кредит ажратилди.

“Алоқабанк”нинг «Ёшлар бизнес дастури» доирасида яна 3 нафар ёшга 2 миллиард 387 миллион сўм имтиёзли кредит берилди. Умуман, йил бошидан буён 183 нафар ишсиз ёшнинг бандлигини таъминлаш ва тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш учун 4 миллиард 215 миллион сўм имтиёзли кредит маблағлари йўналтирилди.
Меҳнат бозорига кириб келаётган битирувчилар билан ҳам манзилли иш ташкил этилди. Туманда 1 минг 491 нафар битирувчи ва ишсиз ёшга 26 нафар масъул раҳбар бириктирилди. Бугунга қадар 607 нафар ёшнинг бандлиги таъминланди. Уларнинг айримлари ўқишни давом эттирди, бошқалари доимий ишга жойлашди, касб-ҳунар ўрганди ёки тадбиркорлик фаолиятини бошлади. Қолган 884 нафар битирувчининг бандлигини таъминлаш бўйича ишлар давом эттирилмоқда. Бу ҳақда ёшлар бандлиги масалаларига бағишланган очиқ мулоқотда туман ҳокимининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари Сирожиддин Кенжаев маълум қилди.
Мулоқотда ёшларни меҳнат бозорида талаб юқори бўлган замонавий касбларга йўналтириш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, касб-ҳунарга ўқитиш қамровини кенгайтириш ҳамда ҳали бандлиги таъминланмаган ёшлар билан манзилли ишлашни кучайтириш бўйича вазифалар белгилаб олинди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири