Ирода ва матонат тимсоллари янги ғалабалар сари одимламоқда
Юртимизнинг матонатли пара спортчилари деярли ҳар ҳафта қайсидир спорт тури бўйича чемпионат ёки халқаро турнирларда қатнашмоқда. Эътиборлиси, деярли ҳеч бир мусобақадан улар совринсиз қайтишмаяпти.
Францияда якунланган пара ўқ отиш бўйича Жаҳон кубоги, шу кунларда Португалиянинг Мадейра шаҳрида давом этаётган пара сузиш бўйича Жаҳон чемпионати, Жанубий Кореяда пауэрлифтинг бўйича ўтаётган халқаро мусобақада Ўзбекистон пара спортчиларининг ўз ўрни борлигини намойиш этмоқда.

“Париж-2024” ёзги Паралимпия ўйинларига муҳим рейтинг очколарини тақдим этадиган пара сузиш мусобақасида ҳозирча ҳамюртларимиздан Музаффар Турсунхўжаев кумуш, Ислом Асланов бронза медалларига эга бўлиб туришибди. Чемпионат 20 июнгача давом этади.
Мамлакатимизнинг 13 нафар пара пауэрлифтингчилари эса Жанубий Кореянинг Пхёнтхэк шаҳрида ёзги Паралимпия ўйинларига муҳим рейтинг очколарини тақдим этадиган турнирда медаллар учун курашмоқда. Ушбу мусобақа баҳслари 20 июнь куни поёнига етади.

Пара сузувчиларимиз ва пауэрлифтингчиларнинг матонатига ҳамоҳанг тарзда пара стол теннисчиларимиз 23-25 июнь кунлари Чехияда бўладиган Европа очиқ чемпионатига ҳозирлик кўрмоқда. Мусобақада қатнашиши режалаштирилаётган 6 нафар кичик ракетка усталари пойтахтимизда ташкил этилаётган машғулотларда маҳоратини оширмоқда.
Ёзги мусобақаларда қатнашиш, тайёргарлик кўриш асносида Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси қишки Паралимпия ўйинлари дастурига киритилган спорт турларини ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратмоқда.

Қишки Паралимпия ўйинлари дастуридан жой олган следж-хоккейни жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган ёшлар ўртасида оммалаштириш, иқтидорлиларни саралаш ҳамда ушбу спорт тури бўйича халқаро мусобақаларда қатнашадиган жамоани шакллантиришга бағишлаб йиғилиш ўтказилди.
Унда Миллий паралимпия қўмитаси қишки спорт турлари клуби директори Комил Холматов мазкур йўналишда амалга оширилиши лозим бўлган ишлар юзасидан тақдимот ўтказди.

Ўзбекистон Давлат жисмоний тарбия ва спорт университети Қишки спорт турлари назарияси ва услубияти кафедраси мудири А.Каримов, Қишки ва мураккаб техник турлар бўйича олий спорт маҳорат мактаби ходими А.Агзамов, хоккей спорт тури бўйича тренер Р.Каримов ҳамда мутахассислар бу борада ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Халқаро мусобақаларда муносиб қатнашиш, янги пара спорт йўналишларини ривожлантириш масалаларига эътибор қаратиш билан йиллик календарь режадаги ички чемпионатларни, ўқув-машғулотларни белгиланган тартибда ўтказиш ишлари ҳам жадал олиб борилмоқдаки, бу, Ўзбекистон пара спортининг матонат мактабида ирода, жасорат тимсоллари янги-янги марралар сари дадил одимлаётганлигидан далолат.

Яна бир гап. Ўтказилаётган пара спорт машғулотлари, саралаш тадбирлари, семинарлар, «Беш ташаббус олимпиадаси» доирасидаги мусобақалар натижасида мамлакатимизда имконияти чекланган юзлаб инсонлар фаол турмуш тарзига жалб этилмоқда. Уларнинг қалбида улуғ мақсадлар, юксак орзулар уйғонишига замин яратилмоқда. Муҳими ҳам шу.
Т.Рўзиев, ЎзА