Иқтисодиётимизга инвестиция киритадиган чет эл фуқаролари рағбатлантирилади
Парламент қуйи палатаси мажлисида чет эл фуқаролари учун махсус солиқ режимини жорий этиш ҳамда касбий кўникмаларга эга кадрларни тайёрлаш тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси биринчи ўқишда муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, мазкур қонун лойиҳаси билан чет эл фуқароларини мамлакатимиз иқтисодиётига сармоя киритишини рағбатлантириш, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилишда уларга қулай шарт-шароитлар яратиш кўзда тутилмоқда. Шунингдек, малакали ва замонавий касбий кўникмаларга эга кадрларни тайёрлашда дуал таълим тизимини янада ривожлантириш лойиҳанинг асосий мақсади ҳисобланади.
Ушбу қонун лойиҳасида чет эл фуқароларига махсус солиқ режими жорий этилиши ва уларнинг солиқ резидентлари деб эътироф этилиши белгиланмоқда. Махсус солиқ режими доирасига кирувчи чет эл фуқаролари белгиланган миқдорда йиғим тўлаши, ваколатли банкда ҳисобварақ ёки крипто-биржада крипто-ҳамён очиши, шунингдек, уларнинг вояга етган яқин қариндошларини Ўзбекистон Республикасидан ташқарида олган даромадлари солиқдан озод қилинишига оид нормалар назарда тутилмоқда. Чет эл фуқароларидан йиғиладиган махсус йиғим давлат бюджетига йўналтирилади.

Лойиҳада саноат корхоналарида дуал таълим шаклида таҳсил олаётган ходимлар учун ижтимоий солиқ икки баравар камайтирилади. Ҳозирда ижтимоий солиқ ставкаси 12 фоиз бўлса, 6 фоизга туширилади. Бунинг ҳисобига жами 49,8 млрд. сўмлик маблағлар корхона ҳисобида қолиши ҳисоб-китоб қилинди.
Қайд этилганидек, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши чет эл фуқароларини рағбатлантириш ҳамда уларга нисбатан махсус солиқ режимини қўллаш орқали мамлакатнинг инвестицион жозибадорлигини ошириш мумкин. Бундан ташқари, дуал таълимни амалиётга самарали жорий этиш, иқтисодиёт соҳаларида зарур билим, малака ва кўникмаларни олган кадрлар тайёрлашни рағбатлантиришда муҳим аҳамият касб этади.
Муҳтарама Комилова, ЎзА