Иқтисодий ва ижтимоий лойиҳалар тақдимоти
Сирдарё вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Эркинжон Турдимов Сирдарё туманида бўлиб, иқтисодий ва ижтимоий соҳаларни ривожлантиришга қаратилган бир қатор лойиҳалар билан танишди.
Аҳолига қулай шароитлар яратиш ва инфратузилмани янада яхшилаш мақсадида аниқ вазифалар белгиланди. Лойиҳаларни амалга оширишга масъул ишчи гуруҳларга ҳам керакли топшириқлар берилди.
Биринчи манзил Сирдарё туманидаги спорт мактаби бўлди. Унда спортнинг гандбол тури билан шуғулланувчилар учун янги спорт иншооти лойиҳаси тақдим этилди. Бу лойиҳа аҳолининг спортга бўлган қизиқишини ошириш ва юксак профессионал спортчиларни тарбиялашда муҳим аҳамиятга эга. Спорт инфратузилмасини ривожлантириш, унинг сифатли ва замонавий даражада бўлишини таъминлаш мақсадида ҳоким масъулларга қурилиш ишларини тезлаштириш ва сифатга алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги юзасидан вазифалар белгилади.
Сирдарё туманида ўтувчи М-34 халқаро трассасидаги лойиҳалар билан танишувда йўл бўйида қурилиши режалаштирилган кўпқаватли тураржойлар ва савдо мажмуалари муҳокама қилинди. Лойиҳалар замонавий архитектура талабларига жавоб берадиган, аҳоли учун қулай шарт-шароитлар яратишга қаратилган. Бу лойиҳалар нафақат эстетик, балки функционал жиҳатдан ҳам аҳоли эҳтиёжларига жавоб бериши керак. Вилоят раҳбари аҳоли ҳаётини осонлаштириш ва инфратузилмани ривожлантириш мақсадида ҳар бир лойиҳага алоҳида эътибор қаратишни топширди.
Адолат маҳалласида ўтказилган учрашувда аҳолининг яшаш шароитларини яхшилашга қаратилган лойиҳалар муҳокама қилинди. Аҳоли билан суҳбатлашиш, уларнинг фикрларини инобатга олиш ва мавжуд муаммоларни тез фурсатларда ҳал этиш зарурлиги таъкидланди. Маҳалла аҳли учун қулай ва соғлом яшаш муҳитини яратиш мақсадида янги лойиҳалар ишлаб чиқилади.
Вилоят раҳбари Бахт шаҳар маркази ва Бахт деҳқон бозорида бўлиб, ҳудуд инфратузилмасини ривожлантиришга қаратилган қатор лойиҳаларни муҳокама қилди. Лойиҳаларда савдо расталарини тартибга солиш, санитария-гигиена ҳолатини яхшилаш, шунингдек, аҳоли ва тадбиркорларга қулайликлар яратиш мақсад қилинган. Вилоят раҳбари бозорни замонавий талабларга жавоб берадиган ҳолатга келтириш учун тегишли топшириқлар берди.
[gallery-22183]
Хуллас, Сирдарё туманида ўтказилган лойиҳалар тақдимоти туманнинг ижтимоий ва иқтисодий ривожланишига қаратилган муҳим қадам бўлди. Лойиҳалар аҳолига қулай шароитлар яратиш, инфратузилмани яхшилаш ва умумий фаровонликни таъминлашга йўналтирилган.
Ғулом Примов, Шаҳриёр Ортиқбоев (сурат),
ЎзА мухбирлари