Иқтисодий ҳамкорликнинг янги босқичи
Кўҳна ва боқий Бухоро шаҳрида Афғонистон Ислом Амирлиги Саноат ва савдо вазири Нуриддин Азизий бошчилигидаги делегациянинг ташрифи икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий муносабатларни янада мустаҳкамлаш йўлида муҳим қадам бўлди. Ушбу ташриф нафақат ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш, балки Бухоро вилоятининг экспорт салоҳиятини намоён этиш, маҳаллий тадбиркорлар учун янги имкониятлар яратиш нуқтаи назаридан ҳам аҳамиятли бўлди.
Меҳмонларнинг Бухорога ташрифи вилоятнинг янги маъмурий марказидан бошланди. Бу ерда Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов ҳамда Афғонистон Саноат ва савдо вазири Нуриддин Азизий иштирокида расмий учрашув бўлиб ўтди. Самимий ва дўстона руҳда кечган мулоқотда икки мамлакат раҳбарларининг қатъий сиёсий иродаси туфайли кейинги йилларда ўзаро ишонч, қардошлик ва иқтисодий алоқалар сезиларли даражада мустаҳкамланаётгани таъкидланди.

Вилоят ҳокими Ботир Зарипов учрашув икки томон ишбилармон доиралари учун янги имкониятлар эшигини очиши, савдо муносабатларини янада фаоллаштириши ва янги бизнес шерикликни шакллантиришга хизмат қилишини қайд этди.

Учрашув давомида Афғонистон бозорига сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари, ун ва дон, текстиль саноати маҳсулотлари, тайёр кийим-кечак, қурилиш материаллари ҳамда фармацевтика маҳсулотларини етказиб бериш ҳажмини ошириш масалалари кўриб чиқилди. Бу эса Бухоро вилояти ишлаб чиқарувчилари учун экспорт географиясини кенгайтириш имконини беради.

Музокараларда қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамкорликка ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, Бухоро вилояти тажрибаси асосида Афғонистон ҳудудида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришни ташкил этиш, замонавий агротехнологияларни жорий этиш бўйича фикр алмашилди.

Шунингдек, тиббиёт ва зиёрат туризмини ривожлантириш, икки давлат тадбиркорлари ўртасида тўғридан-тўғри кооперация алоқаларини йўлга қўйиш, самарали логистика занжирларини шакллантириш юзасидан аниқ таклифлар билдирилди. Бу каби ташаббуслар икки мамлакат иқтисодиёти учун манфаатли бўлиши шубҳасиз.

Ташриф дастурига мувофиқ, Афғонистон делегацияси Бухоро вилоятидаги қатор саноат корхоналарига ташриф буюриб, ишлаб чиқариш қувватлари, маҳсулот сифати ва экспорт имкониятлари билан яқиндан танишади. Бу эса амалий ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.
Афғонистон делегациясининг Бухорога ташрифи икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий муносабатларни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади. Айниқса, Бухоро вилояти учун бу ташриф экспорт ҳажмини ошириш, янги бозорларга чиқиш ва халқаро ҳамкорлик кўламини кенгайтиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилиши кутилмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.