Иқтидорли ёшларимиз ҳар жабҳада тенгдошларига ўрнак
Бугунги кунда дунёнинг турли мамлакатларида таҳсил олаётган, меҳнат фаолиятини олиб бораётган юртдошларимиз орасида спорт орқали юртимиз шаънини муносиб ҳимоя қилаётган ёшлар сафи тобора кенгаймоқда. Ана шундай ёшларимиздан бири – Асадбек Сулаймонов.
Асадбек 2000 йил 19 апрель куни Самарқанд вилояти Пайариқ тумани Челак шаҳрида таваллуд топган. Ҳозир Жанубий Кореядаги “Seowon University” олий таълим муассасасида “Global Sport” йўналиши бўйича ўқийди. У илм олиш билан бирга армрестлинг билан мунтазам шуғулланиб, Корея армрестлинг федерацияси ташаббуси билан турли даражадаги халқаро мусобақаларда фаол иштирок этиб келади.
Спортга жиддий қизиқиш, қатъият ва тинимсиз меҳнат туфайли оддий ўзбек йигити халқаро миқёсда юқори натижаларга эришди. У ўз устида тинимсиз ишлайди. Ҳар бир турнирга пухта тайёргарлик кўриб, юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиш масъулиятида собит.
2025 йил Жанубий Кореяда армрестлинг бўйича ўтказилган мусобақада 95 килограмм вазн тоифасида эришган ғалабаси Сулаймоновнинг халқаро майдондаги энг муҳим ютуқларидан биридир. Шунингдек, у Австрияда ҳам халқаро турнирда 1-ўринни қўлга киритиб, Ўзбекистон байроғини баланд кўтарди. Қаҳрамонимизнинг спортдаги муваффақиятлари ортида йиллар давомида олиб борилган машаққатли меҳнат, кучли ирода ва қатъият мужассам.

Бугунги кунда Асадбек халқаро мусобақаларда фаол қатнашиш учун тажрибасини янада бойитиш устида ишламоқда. Келгусида ҳам Осиё, Европа ва жаҳон чемпионатларида муваффақиятли иштирок этиш, армрестлинг бўйича дунёнинг энг кучли спортчилари сафидан муносиб ўрин эгаллаш орқали байроғимизни доимо мағрур ҳилпиратиш унинг асосий мақсадидир.
Спорт билан бир қаторда илм олишни ҳам устувор вазифа сифатида эътироф этадиган ҳамюртимиз Корея Республикасида олган билими ва тажрибасини келажакда спортимиз ривожи йўлида сарфлашни дилига тугиб қўйган. Унинг ютуқлари ёшлар учун меҳнатсеварлик, интилиш ва Ватанга садоқат намунасидир.
Ғ.Хонназаров, ЎзА