Иқтидорли битирувчилар муносиб эътироф этилди
Боёвут тумани Ёшлар марказида 2025/2026-ўқув йилини юқори натижалар билан якунлаган умумтаълим мактаблари битирувчиларини тақдирлашга бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Унда Боёвут тумани ҳокимининг ўринбосари Авазбек Алашукуров, туман Мактабгача ва мактаб таълими бўлими раҳбари Одил Ғаймназаров, таълим муассасалари раҳбарлари, педагоглар, битирувчилар ҳамда уларнинг ота-оналари иштирок этишди.


Маросимда тумандаги 56 та умумтаълим мактабида таҳсилни аъло натижалар билан тамомлаган иқтидорли ёшлар муносиб эътироф этилди. Хусусан, икки нафар битирувчига олтин медаль, уч нафар битирувчига эса кумуш медаль тантанали равишда топширилди.

Тадбирда сўзга чиққанлар ёшларни эришган юксак натижалари билан самимий қутлаб, бу муваффақият уларнинг билимга чанқоқлиги, матонати, устозларининг фидокорона меҳнати ҳамда ота-оналарининг доимий қўллаб-қувватлаши самараси эканини таъкидлашди. Шунингдек, битирувчиларга олий таълимда ҳам юқори натижаларга эришиш, ўз салоҳиятини юрт тараққиёти ва Ватан равнақи йўлида намоён этиш борасида эзгу тилаклар билдирилди.

Тадбир якунида мукофотланган битирувчиларга эсдалик совғалари топширилди ҳамда улар ота-оналари ва устозлари билан хотира суратларига тушишди. Бундай эътирофлар ёшларни янги марралар сари руҳлантириш, уларнинг билим олишга бўлган интилишини янада кучайтиришда муҳим аҳамият касб этади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири