Иқтидор, ташаббус ва имконият: ёшлар билан барпо этилаётган янги давр
Муносабат
Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг энг устувор йўналишларидан бири – инсон капиталига сармоя киритиш, айниқса, ёшларнинг билим олиши, касб эгаллаши, ўз иқтидорини намоён қилиши ва жамият ҳаётида муносиб ўрин эгаллаши учун кенг имкониятлар яратишдан иборат. Бу борада мамлакатимизда сўнгги йилларда шаклланган давлат сиёсати бугун аниқ натижалар бераётгани Президент Шавкат Мирзиёевнинг ёшлар билан учрашувида яна бир бор ўз ифодасини топди.
Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, ёшлар масаласи фақат битта идора ёки ташкилотнинг вазифаси эмас. Бу – мамлакат келажаги, миллат тақдири ва Янги Ўзбекистон тараққиёти билан бевосита боғлиқ бўлган умуммиллий вазифадир. Шу боис ҳам кейинги йилларда ёшларни қўллаб-қувватлаш бўйича мутлақо янги тизим шакллантирилди.

Бунинг амалий натижаси сифатида билим олиш, касб-ҳунар эгаллаш, тил ўрганиш, иш топиш ёки тадбиркорликни бошлашда қийинчиликка дуч келган 1,5 миллион нафар ёшнинг муаммоси “Ёшлар дафтари” орқали ҳал этилди. Бу рақам ортида минглаб тақдирлар, юз минглаб орзу-умидлар ва ўз ҳаётини янгидан бошлаган ёшлар турибди.
Ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш борасида ҳам салмоқли натижаларга эришилди. Яратилган қулай бизнес муҳити, имтиёзли молиявий ресурслар ва давлат қўллаб-қувватлови натижасида ёш тадбиркорлар сони беш баробар ошиб, 287 минг нафардан зиёдга етди. Бугун улар нафақат ўзини иш билан таъминламоқда, балки янги иш ўринлари яратиб, мамлакат иқтисодиёти ривожига муносиб ҳисса қўшмоқда.
Хусусан, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, йиллик айланмаси 500 миллиард сўмдан ортиқ бўлган ёш тадбиркорлар сони 15 нафарга, 100 миллиард сўмдан ошганлари 194 нафарга, 50 миллиард сўмлик маррадан ўтганлари эса 68 нафарга етди. Бу рақамлар мамлакатимизда ёшлар тадбиркорлиги янги босқичга кўтарилганининг яққол исботидир.
Илм-фан ва таълим соҳасида ҳам катта ўзгаришлар кузатилмоқда. Таълим марказлари фаолиятини кенгайтириш учун яратилган имкониятлар туфайли 3,5 миллион нафар ёш хорижий тилларни чуқур ўрганмоқда. Бу эса уларнинг халқаро меҳнат бозорида рақобатбардошлигини ошириш, замонавий билимларни ўзлаштириш ва дунё билан ҳамқадам бўлишга хизмат қилмоқда.
Мамлакатимиз ўқувчилари ва талабалари халқаро фан олимпиадаларида 434 та медални, спортчиларимиз эса 2245 та медални қўлга киритгани ёшлар салоҳиятининг юксак даражада эканини кўрсатади. Бу ютуқлар тасодиф эмас, балки тизимли ислоҳотлар самарасидир.
Ушбу ютуқларни янада тизимли амалга ошириш учун мутлақо янги механизм – “Ўзбекистон ёшлар лигаси” платформаси ишга туширилади. Ушбу рақамли тизим орқали ҳар бир ёш ўз ютуқлари, ташаббуслари ва фаолиятини электрон тарзда шакллантириб боради. Тўпланган баллар асосида таълим грантлари, контракт тўловларига чегирмалар, “касб ваучери”, хорижда ўқиш харажатларини қоплаш, имтиёзли кредитлар, хорижий стажировкалар, давлат хизмати учун кадрлар захирасига киритиш ҳамда имтиёзли ипотека имкониятлари тақдим этилади. Бу эса ёшларнинг интилишини янада кучайтирувчи адолатли баҳолаш тизимига айланади.
Бугун замонавий тараққиётнинг асосий драйвери ҳисобланган рақамли технологиялар соҳаси ҳам давлат сиёсати марказида турибди. Мамлакатимизда биринчи суперкомпьютер кластери ишга туширилди ва келгуси йил унинг қуввати уч баробарга оширилади. Жорий йилнинг ўзида 20 та олий таълим муассасасида сунъий интеллект лабораториялари ташкил этилади. Ёшлар ушбу имкониятлардан мутлақо бепул фойдаланиб, илмий ва амалий лойиҳаларини амалга оширади.
Президент томонидан илгари сурилган яна бир муҳим ташаббус – “1000 та муаммога – ёшлардан 1000 та ечим” лойиҳасидир. Энди ҳар бир вазирлик ва ҳудуд раҳбарлари ўз тизимидаги долзарб муаммоларни очиқ платформага жойлаштириб, энг яхши ечим таклиф қилган ёшларни рағбатлантиради. Бу мақсад учун ҳар бир вазир ва ҳоким томонидан камида 10 миллиард сўмлик венчур жамғармаси ташкил этилади.
Стартаплар соҳасида ҳам мамлакатимизда улкан ютуқлар қўлга киритилди. Кейинги тўққиз йилда маҳаллий стартап экотизими 15 баробар ўсиб, 4 миллиард доллардан ошди. Венчур жамғармалари сони 23 тага, уларнинг умумий капитали эса 200 миллион долларга етди. Бу даврда 1200 дан зиёд истиқболли стартап лойиҳалари яратилди. Халқаро экспертлар томонидан Ўзбекистоннинг “Global Startup Index” рейтингида 31 поғона юқорилаб, дунёдаги энг тез ривожланаётган стартап экотизимларидан бири сифатида эътироф этилгани ҳам ана шу ислоҳотларнинг халқаро тан олинишидир.
Ахборот технологиялари соҳасида кадрлар тайёрлаш мақсадида янги ўқув йилидан бошлаб “Муҳаммад ал-Хоразмий” давлат стипендияси ҳамда қизлар учун “Муҳандис қизлар” стипендиялари таъсис этилади.
Ёшлар маънавияти ва миллий ғояни мустаҳкамлаш масаласи ҳам Президент нутқининг муҳим йўналишларидан бири бўлди. Бугун рақамли маконда ўсиб келаётган авлод қалбида миллий қадриятлар, Ватанга муҳаббат ва халққа садоқат туйғуларини мустаҳкамлаш долзарб вазифага айланмоқда. Шу мақсадда мамлакатимизда миллий руҳдаги компьютер ва мобиль ўйинлар яратиш учун давлат буюртмалари жорий қилиниши, ҳар йили камида 20 та миллий мазмундаги рақамли маҳсулот ишлаб чиқилиши белгиланди.
Шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида “Ватан меҳри – ижтимоий ташаббуслар” танлови ҳамда ижтимоий хавф гуруҳига кирувчи болалар билан ишлашга қаратилган “Қанот” лойиҳаси амалга оширилади. Бу ташаббуслар орқали ёшлар спорт, санъат, таълим ва касб-ҳунарга кенг жалб қилиниб, ҳуқуқбузарликларнинг олди олинади.
Энг муҳими, давлат раҳбарининг ёшларга бўлган ишончи ҳар бир ташаббусда, ҳар бир қабул қилинаётган қарорда ўз ифодасини топмоқда. Бугунги кунда яратилаётган имкониятлар фақат бугуннинг эмас, балки эртанги Янги Ўзбекистоннинг интеллектуал ва иқтисодий пойдеворини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Хусусан, учинчи Ренессансни барпо этиш ҳақида сўз кетганда, энг катта бойлик ер ости ёки ер усти ресурслари эмас, балки билимли, фидойи ва ташаббускор инсонлар экани яна бир бор намоён бўлмоқда. Ана шундай инсонлар сафида юртимизнинг миллионлаб ёшлари бор. Уларнинг ҳар бирига ишонч билдириш, иқтидорини қўллаб-қувватлаш ва орзуларини рўёбга чиқариш учун шароит яратиш Янги Ўзбекистон тараққиётининг энг мустаҳкам кафолатидир.
Мавлуда АДҲАМЖОНОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
“Адолат” СДП фракцияси аъзоси.
ЎзА