Иқтидор, маҳорат ва истеъдод намойиши
Андижон шаҳридаги вилоят Қўғирчоқ театрида “Келажак” болалар фольклор жамоалари республика фестивали бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Маданият ва туризм вазирлиги, Андижон вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ўтказилган фестивалда 7 ёшдан 14 ёшгача бўлган болалар иштирок этди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳрининг ижодий жамоалари ўзига хос ижод намуналарини намойиш этди.
Мамлакатимизда кейинги йилларда миллий қадрият ва анъаналарни, хусусан, миллий санъатимизнинг ўзига хос анъаналарини ривожлантириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Болалар фольклор санъатини ривожлантириш, халқ оғзаки санъати, оғзаки шеърий ижодиёт, халқ достонлари, ҳунармандчилик, миллий либослар, халқ ўйинлари, қадимий урф-одат ва миллий анъаналарни асраб-авайлаш, кенг тарғиб этиш, болаларда фольклор санъатига бўлган қизиқишни ошириш, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ва самарали ташкил этиш, ижодий алоқаларни кенгайтириш, тинчлик, бирдамлик ғояларини улуғлаш, маданий-маънавий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш мақсадида ўтказилган “Келажак” болалар фольклор жамоалари республика фестивали ҳам ана шу йўналишдаги тадбирлардан бири бўлди.
Энг муҳими, мазкур фестиваль ёш санъаткорларни қўллаб-қувватлаш, иқтидор ва салоҳиятини юзага чиқаришларига кенг имконият яратиб берди. Ҳар бир ҳудудининг ўзига хос анъаналарини намойиш этган ижодий жамоаларнинг қизиқарли ва ранг-баранг чиқишлари фестиваль иштирокчилари ҳамда меҳмонларида унутилмас таассуротлар қолдирди.
[gallery-10653]
Жамоаларнинг белгиланган шартлар – дилхирож куйига рақсга тушиш, ўлан, лапар айтиш, миллий ўйинлардан бири ва ҳудуднинг ўзига хос санъати намойиши асосидаги чиқишлари нуфузли ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳолаб борилди.
Фестивалнинг якуний натижаларига кўра, биринчи ўринни Самарқанд ва Андижон вилояти жамоалари эгаллади. Иккинчи ўринни Қорақалпоғистон Республикаси ва Жиззах вилояти жамоалари, учинчи ўринни эса Хоразм ва Тошкент вилояти жамоалари эгаллади. Ғолибларнинг ҳар бири диплом, 10 миллион сўмдан 20 миллион сўмгача пул мукофоти ва овоз кучайтириш мосламаси билан тақдирланди.
– Фестивалда мактабимизнинг “Бойчечак” фольклор жамоаси ғолиблар қаторидан жой олди, – дейди Андижон шаҳридаги 3-сонли болалар мусиқа ва санъат мактаби директори Муножатхон Исоқова. – Бундан ташқари, жамоамизнинг энг ёш аъзоси Файзулло Файзуллаев фестивалнинг “Энг яхши ёш раққос” номинацияси бўйича ғолиб бўлгани бизни беҳад қувонтирди.
Фестивалда “Энг яхши миллий чиқиш”, “Энг яхши болалар жамоаси”, “Энг яхши тарғибот дастури”, “Энг яхши ҳудудий жамоа”, “Энг яхши ҳудудий тарғибот”, “Энг яхши ёш раққос”, “Энг яхши ижрочи” сингари номинациялар бўйича ҳам ғолиблар аниқланиб, муносиб рағбатлантирилди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА.