Иқлим интеграцияси: минтақавий ҳамкорлик ва барқарор тараққиётнинг янги модели
Иқлим ўзгариши бугун инсоният олдида турган энг жиддий глобал муаммолардан бирига айланди. Унинг оқибатлари табиий муҳит билан чекланиб қолмаяпти. Сув ресурслари тақчиллиги, қишлоқ хўжалиги маҳсулдорлиги пасайиши, озиқ-овқат хавфсизлиги, аҳоли саломатлиги ва иқтисодий барқарорлик билан боғлиқ муаммолар тобора кескинлашмоқда. Бундай вазиятда экологик таҳдидларга қарши курашишда алоҳида давлатлар саъй-ҳаракатининг ўзи етарли эмас. Минтақавий ҳамжиҳатлик, халқаро ҳамкорлик ва умумий ёндашувларга эҳтиёж ортиб бормоқда.
Жорий йил 11 ноябрь куни Туркиянинг Анталия шаҳрида БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича Ҳадли конвенцияси иштирокчилари конференциясининг 31-сессияси (COP31) доирасида ўтказилган Жаҳон етакчилари саммитида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган минтақавий иқлим интеграцияси модели ана шу заруратга жавоб берадиган муҳим ташаббус бўлди.
Унинг аҳамияти шундаки, иқлим ўзгаришига қарши курашиш фақат экологик сиёсат доирасидаги вазифа сифатида эмас, балки иқтисодий тараққиёт, технологик янгиланиш, инвестициявий шериклик ва минтақавий интеграцияни рағбатлантирувчи омил сифатида қаралмоқда.
“Яшил” тараққиёт – иқтисодий сиёсатнинг устувор йўналиши
Сўнгги йилларда юртимизда табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва “яшил” технологияларни жорий этиш давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бирига айланди. Давлатимиз раҳбари саммитда мамлакатимизда амалга оширилаётган ишлар натижаларига тўхталиб, ялпи ички маҳсулот бирлигига тўғри келадиган газ чиқиндиларини 35 фоизга қисқартириш бўйича белгиланган мақсад муддатидан олдин бажарилганини таъкидлади. Энди 2035 йилга қадар ушбу кўрсаткични 50 фоизга етказиш вазифаси белгиланмоқда.
Бу натижалар иқтисодиётда энергия самарадорлигини ошириш, ишлаб чиқариш жараёнларини такомиллаштириш ва ресурс тежовчи технологияларга ўтиш борасидаги ўзгаришларни акс эттиради. Шунингдек, сўнгги ўн йилда иқтисодиётда сув сарфи деярли икки баробарга, сув ҳавзаларидан олинаётган сув миқдори эса бешдан бир қисмга камайгани, суғориладиган ер майдонларининг 60 фоизида сув тежовчи технологиялар жорий этилгани ресурслардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш борасида муайян натижаларга эришилаётганини кўрсатади.
Ерларни тиклаш ва ўрмонзорлар майдонини кенгайтириш ҳам экологик барқарорликни таъминлашнинг муҳим таркибий қисмидир. Хусусан, ўлкамизда ўрмонлар майдони 6 миллион гектарга етказилган бўлиб, унинг учдан бир қисми Оролбўйи ҳудудига тўғри келади.
Экологик ислоҳотларнинг самараси аввало, уларнинг иқтисодиётга таъсирида намоён бўлади. “Яшил” технологияларни ишлаб чиқаришга татбиқ этиш корхоналарда энергия ва сув сарфини камайтириш, маҳсулот таннархини мақбуллаштириш, рақобатбардошликни ошириш ҳамда янги инвестиция имкониятларини шакллантиришга хизмат қилади. Шу боис, “яшил” иқтисодиётга ўтиш табиатни муҳофаза қилиш билан бирга, узоқ муддатли иқтисодий ўсишнинг ҳам муҳим шарти ҳисобланади.
Марказий Осиё: умумий муаммолар ва ҳамкорликдаги ечимлар
Марказий Осиё иқлим ўзгариши оқибатларига энг сезгир минтақалардан бири саналади. Музликларнинг қисқариши, сув ресурсларининг камайиши, қурғоқчилик ва ерлар деградацияси нафақат экологик муҳитга, балки иқтисодий ва ижтимоий хавфсизликка ҳам бевосита таъсир кўрсатмоқда.
Айниқса, қишлоқ хўжалиги, энергетика ва аҳоли фаровонлиги сув ресурсларининг барқарорлигига бевосита боғлиқ бўлган минтақада мазкур муаммоларни биргаликда ҳал этиш стратегик аҳамият касб этади, чунки табиий жараёнлар давлат чегараларини тан олмайди. Бир мамлакатда юзага келган экологик ўзгаришлар бутун минтақанинг сув таъминоти, озиқ-овқат хавфсизлиги ва иқтисодий ривожланишига таъсир қилиши мумкин.
Шу нуқтаи назардан, Президентимиз томонидан илгари сурилган минтақавий иқлим интеграцияси модели алоҳида аҳамиятга эга. Унинг замирида давлатлар саъй-ҳаракатини мувофиқлаштириш, илмий билим ва технологиялар алмашинувини кенгайтириш, шунингдек, молиявий ресурсларни умумий мақсадлар йўлида самарали сафарбар этиш ғояси мужассам.
Ташаббус доирасида ҳамкорликнинг учта устувор йўналиши таклиф этилди.
Биринчи йўналиш – ахборот интеграцияси. Жаҳон метеорология ташкилоти кўмагида иқлим хавф-хатарлари тўғрисидаги маълумотлар алмашинуви инфратузилмасини яратиш таклиф этилди. Бу иқлим жараёнларини илмий асосда кузатиш, табиий офатларни олдиндан прогноз қилиш ва уларнинг иқтисодиётга эҳтимолий таъсирини баҳолаш имкониятларини кенгайтиради. Зеро, ишончли маълумотлар ва аниқ прогнозлар ўз вақтида, асосланган қарорлар қабул қилишнинг муҳим шартидир.
Иккинчи йўналиш – технологик интеграция. “Eco Expo” кўргазмасини минтақа эҳтиёжларига мос замонавий экологик ечимларни тақдим этадиган доимий инвестиция ва технологиялар майдонига айлантиришга тайёрлик билдирилди. Бу орқали “яшил” технологиялар бозорини ривожлантириш, инновацион ишланмаларни амалиётга жорий этиш, хусусий сектор ва инвесторларнинг иштирокини кенгайтириш кўзда тутилмоқда.
Учинчи йўналиш – молиявий интеграция. Иқлим ўзгаришига мослашиш ва унинг салбий оқибатларини юмшатиш катта молиявий ресурсларни талаб этади. Шу боис, тараққиёт банклари ва мақсадли жамғармалар билан ҳамкорликда имтиёзли грантлар ҳамда молиялаштириш механизмларини ишлаб чиқиш ташаббуси илгари сурилди. Бундай воситалар сув ресурсларини муҳофаза қилиш, иқлим ўзгаришига мослашиш ва экологик лойиҳаларни амалга ошириш учун қўшимча имконият яратади.
Ушбу уч йўналишнинг ўзаро уйғунлиги ташаббуснинг муҳим жиҳатидир. Яъни, аниқ маълумотлар самарали технологик ечимларни танлашга, уларни ҳаётга татбиқ этиш эса мақсадли молиялаштириш механизмларини ишлаб чиқишга асос бўлади. Натижада ҳамкорлик алоҳида лойиҳалар доирасидан чиқиб, яхлит минтақавий тизимга айланиши мумкин.
Экологик маданият ва инсон капитали – “яшил” келажак пойдевори
Иқлим ўзгаришига қарши курашиш давлат дастурлари, инвестициялар ва технологик ечимлар билангина чекланмайди. Бу жараёнда инсон омили, айниқса, ёш авлоднинг экологик билими ва маданияти ҳал қилувчи аҳамият касб этади.
Саммитда Президентимиз болаларнинг экологик тарбияси оила, маҳалла ва мактабдан бошланишини алоҳида таъкидлади. Сувни тежаш, дарахтларни парвариш қилиш, атроф-муҳитни асраш каби оддий кўникмаларнинг болаликдан шаклланиши келажакда табиатга масъулият билан муносабатда бўладиган авлодни тарбиялашга хизмат қилади.
Аҳолининг катта қисмини ёшлар ташкил этадиган Ўзбекистон учун бу масала янада долзарбдир. Бугун экологик билим ва кўникмаларни эгаллаган авлод эртага ишлаб чиқариш, тадбиркорлик, илм-фан ва давлат бошқарувида муҳим қарорлар қабул қилади. Шу маънода, экологик таълимга киритилган сармоя барқарор тараққиёт учун ҳам хизмат қилади.
Шу боис, таълим муассасаларида “яшил” иқтисодиёт ва барқарор ривожланиш тамойилларини кенг ўргатиш, ёшларни экологик инновациялар ва амалий лойиҳаларга жалб этиш муҳим вазифалардан биридир. Экологик маданиятни кундалик ҳаёт меъёрига айлантириш эса давлат сиёсати ва жамият саъй-ҳаракатларининг муштараклигини талаб этади.
Иқлим интеграцияси – барқарор тараққиёт сари муҳим қадам
Давлатимиз раҳбари томонидан COP31 саммитида илгари сурилган минтақавий иқлим интеграцияси ташаббуси Ўзбекистоннинг глобал экологик жараёнлардаги фаол позициясини намоён этди. Энг муҳими, унда минтақавий ҳамкорликнинг аниқ механизмлари – ахборот алмашинуви, технологик шериклик ва молиявий кўмак бир-бири билан узвий боғлиқ ҳолда таклиф этилмоқда.
Албатта, ҳар қандай ташаббуснинг ҳақиқий қиймати унинг амалий натижалари билан белгиланади. Бунинг учун таклифларни минтақавий келишувлар, қўшма дастурлар, инвестиция лойиҳалари ва самарали институционал механизмлар билан мустаҳкамлаш зарур. Айни жараёнда давлат идоралари, халқаро ташкилотлар, молиявий институтлар, илмий-тадқиқот муассасалари ва хусусий секторнинг мувофиқлашган фаолияти муҳим ўрин тутади.
Бугун иқтисодий тараққиёт ва экологик барқарорликни бир-бирига муқобил мақсадлар сифатида қараб бўлмайди. Аксинча, улар узоқ муддатли ривожланиш стратегиясининг ўзаро боғлиқ таркибий қисмларидир. Табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, инновацион технологияларни ривожлантириш, “яшил” инвестицияларни жалб қилиш ва инсон капиталини мустаҳкамлаш орқали экологик хавф-хатарларни камайтириш билан бирга, янги иқтисодий имкониятларни ҳам рўёбга чиқариш мумкин.
Шу маънода, Ўзбекистон томонидан илгари сурилган минтақавий иқлим интеграцияси модели Марказий Осиёда умумий экологик манфаатлар асосида ҳамкорликни чуқурлаштириш, иқтисодий барқарорликни мустаҳкамлаш ва келажак авлодлар учун муносиб ҳаёт муҳитини яратишга қаратилган муҳим ташаббусдир.
Бинобарин, иқлим ўзгариши сарҳад танламайди. Демак, унинг оқибатларига қарши курашиш ҳам умумий масъулият ва биргаликдаги ҳаракатларни талаб этади. Бугун йўлга қўйиладиган ҳамкорлик эртанги экологик хавфсизлик ва барқарор тараққиётнинг мустаҳкам асосига айланиши шубҳасиз.
Нигора Маҳмасобирова,
Тошкент давлат шарқшунослик университети доценти.
ЎзА