Иқлим инқирози "Пармезан"ни хавф остига қўйди
“Биз "Пармезан"ни ейдиган охирги авлод бўлиб қолишни истамаймиз”. Италиянинг машҳур “GranTerre” озиқ-овқат компанияси вакили Паоло Ганцерлининг бу сўзлари мамлакатдаги иқлим инқирозининг қанчалик жиддий тус олганини кўрсатади. Саккиз асрдан буён тайёрланиб келаётган "Parmigiano Reggiano" (Пармезан) пишлоғи энди экстремал иссиқлик синовига дуч келмоқда.
Италиянинг Эмилия-Романья вилоятида ҳарорат 40 даражадан ошиб кетгани сабаб фермерлар молхоналар эшик-ромларини кечаю кундуз очиқ қолдирмоқда. Вентиляторлар ва сув пуркагичлар тинимсиз ишлаяпти. Жазирамада сигирлар камроқ ем ейди, камроқ сут беради ва сут сифати ҳам пасаяди. Бу эса “Пармезан” ишлаб чиқариш занжирининг энг муҳим бўғинига зарба беради.
Муаммо фақат фермалар билан чекланмайди. Тайёр пишлоқ бир неча йил етиладиган омборхоналарда ҳам совитиш тизимлари тўлиқ қувватда ишламоқда. Энг иссиқ кунларда электр энергияси сарфи қарийб 30 фоизга ошган. Қурғоқчилик эса сигирлар учун ўт ва пичан етиштиришни тобора қийинлаштирмоқда.

Йиллик айланмаси 4,5 миллиард еврони ташкил этадиган “Пармезан” Италиянинг энг машҳур гастрономик рамзларидан бири ҳисобланади. Агар экстремал иссиқликлар тез-тез такрорланса, мутахассислар нафақат ишлаб чиқариш ҳажми, балки асрлар давомида сақланиб келган маҳсулот сифати ҳам хавф остида қолишидан хавотир билдирмоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА