Ипотека субсидиялари бир йилгача амал қилади (+видео)
Хабарингиз бор, Президентимизнинг 2026 йил 24 февралдаги “Аҳолини уй-жой билан таъминлаш ишларини жадаллаштириш ва кўп квартирали уйлар қурилишини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига асосан 2026 йил учун бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитлари орқали аҳолини уй-жой билан таъминлаш Дастури қабул қилинди.
Мазкур Фармонга асосан ипотека кредитлари бўйича субсидиялар ажратиш юзасидан аризалар тасдиқланган параметрлар доирасида 16 март кунидан бошлаб ипотека кредитлари бўйича давлат субсидияси учун аризалар қабул қилиш бошланди. Ушбу дастур фуқароларнинг уй-жой шароитини яхшилашга қаратилган бўлиб, ипотека кредити бўйича фоиз тўловларининг бир қисмини давлат томонидан қоплаб беришни назарда тутади.
Маълумотларга кўра, субсидия олиш учун фуқаролар белгиланган ижтимоий мезонлар асосида баҳоланади. Шунингдек, даромад даражаси, уй-жойга эгалик ҳолати ва кредит тарихи каби қатор талаблар ҳам инобатга олинади. Аризалар Давлат хизматлари марказлари, my.gov.uz портали ёки my.Gov.uz мобил иловаси орқали қабул қилинади. Ипотека субсидияси бериш тартиби, ариза бериш жараёни ва асосий талаблар ҳақида батафсил маълумот олиш мақсадида Иқтисодиёт ва молия вазирлиги бош мутахассиси Зокиржон Бобоев билан суҳбатлашдик.
– 2026 йилда ипотека кредити учун субсидия дастурида қандай янгиликлар бор?
– Асосий янгиликлардан бири шуки, ипотека кредитлари бўйича субсидия олишда ижтимоий мезонлар таркибига ариза берувчи баҳолаш натижасига кўра 30 ва ундан юқори балл тўплашидан ташқари, унинг кредит тарихи дастурда иштирок этувчи камида битта тижорат банкининг ички талабларига мос бўлиши кераклиги киритилди.
Шу билан бирга, 2026 йил 1 июлдан бошлаб йил якунига қадар илғор хорижий тажрибалар асосида аҳолининг вақтинча бўш турган пул маблағлари ҳисобидан уй-жой сотиб олинишини рағбатлантириш учун Ипотека дастури доирасида ажратиладиган ипотека кредитлари бўйича мақсадли ипотека омонати амалиёти тажриба-синов тариқасида жорий этилмоқда.
Бунда ипотека кредити бўйича субсидия ажратиш тўғрисида ижобий хабарномага эга фуқаролар ихтиёрий равишда хабарноманинг амал қилиш даврида тижорат банкининг жамғарма ҳисобварағида ипотека омонатини тўлиқ шакллантиради.
Ипотека омонатини шакллантирган фуқароларга банкларнинг буюртманомасига асосан субсидиялар олдиндан ўтказиб берилади.
– Субсидия олиш учун фуқаро қайси асосий талабларга жавоб бериши керак?
–Бугунги кунда кўп квартирали уйлардаги хонадонларни сотиб олиш учун субсидия ажратиладиган фуқароларнинг ижтимоий мезонларга мувофиқлигини баҳолаш жараёни Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг “subsidiya.idm.uz” дастурий таъминот тизими орқали тўлиқ автоматлаштирилган ҳолда инсон омилисиз амалга оширилади.
Даромад ўртача миқдори Тошкент шаҳрида МҲТEКнинг 2,7 бараваридан 9,2 бараваригача, қолган ҳудудларда 8,0 бараваригача бўлиши керак. Шунингдек, ариза берувчи ва унинг турмуш ўртоғининг номида турар жой бўлмаслиги лозим.
Ипотека кредитлари бўйича субсидия олишда ариза берувчи ижтимоий мезонлар асосида баҳолаш натижасига кўра 30 ва ундан юқори балл тўплаши ҳамда кредит тарихи дастурда иштирок этувчи камида битта тижорат банкининг ички талабларига мос бўлиши керак.
Ариза берувчида, шу жумладан, унинг турмуш ўртоғининг номида республиканинг барча ҳудудлари миқёсида мулк ҳуқуқи билан турар жой мавжуд бўлмаслиги, шунингдек, ўртача ойлик даромади миқдори белгиланган ижтимоий мезонлар доирасида бўлиши лозим.
Фуқаролар субсидия олиш учун Давлат хизматлари марказларига мурожаат қилиши, my.gov.uz портали ёки MyGov мобил иловаси орқали ариза топширишлари мумкин.
Шуни ҳам эслатиб ўтиш жоиз, ариза берувчи томонидан ариза топшириш (баҳолаш) даврида OneID тизимида шахсга доир маълумотларни бошқариш панели орқали иштирок этувчи тижорат банкларига кредит тарихини баҳолаш мақсадида тегишли маълумотлардан фойдаланиш учун рухсат берилган бўлиши лозим. Шунингдек, кредит тарихини олишга чеклов вақтинча ўрнатилмаган бўлиши керак. Акс ҳолда, ариза берувчининг кредит тарихини ўрганиш имконияти чекланиб, унинг аризаси рад этилишига сабаб бўлади.
– Субсидия олишда балл тизими қандай ишлайди ва баллар нималарга қараб берилади?
– Ипотека кредитлари бўйича субсидия олишда ариза берувчи ижтимоий мезонларга мувофиқ баҳоланади ва шу балл натижасига кўра субсидия ажратиш ёки ажратишни рад этиш бўйича тизим томонидан автомат тарзда хулоса берилади.
Юқорида таъкидлаганимдек, асосий иккита мезон мавжуд. Агар ариза берувчи иккита асосий мезон бўйича 30 балл тўплай олмаган тақдирда, аризачи ёшлар, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизлар, миграция, ногиронлиги бўлган шахслар ёки олис ҳудудда ишловчи педагог ёки тиббиёт ходими категориясидан бирига тўғри келса қўшимча 5 балл берилади.
– Ариза берувчининг даромади қанча бўлиши керак? Минимал ва максимал чегаралар борми?
– Албатта, даромад миқдорлари бўйича минимал ва максимал чегаралар белгиланган. Бунда ариза берувчи, шу жумладан, унинг турмуш ўртоғи ва яқин қариндошларининг (бунда, яқин қариндошлар аризада кўрсатилган ҳолларда) ўртача ойлик даромад миқдори Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда – МҲТEКМнинг 2,7 бараваридан (3 млн. 431 минг 700 сўм) 8 бараваригача (10 млн. 168 минг сўм), Тошкент шаҳрида эса 9,2 бараваригача (11 млн. 693 минг 200 сўмгача) бўлиши зарур.
– Ипотека кредити олишда кредит тарихи қанчалик муҳим?
– Ипотека кредити олишда кредит тарихи жуда муҳим омиллардан бири ҳисобланади. Банклар мижознинг олдинги қарзларини қандай тўлаганини кўриб, унинг ишончлилигини баҳолайди.
Агар сиз кредитни ўз вақтида тўлаган бўлсангиз банк сизга ипотека беришга кўпроқ тайёр бўлади, акс ҳолда тўловлар кечиккан бўлса кредитлар бўйича қарздорлик бўлган бўлса кредит берилмаслик эҳтимоли ошиб боради.
–2026 йилда Тошкент шаҳри ва ҳудудларда ипотека кредити миқдори қанча қилиб белгиланган?
– Жорий йилдан бошлаб Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан ипотека кредитларини қайта молиялаштиришнинг энг кўп миқдорлари 15 фоизга оширилди. Бунда, битта квартира учун ажратиладиган ипотека кредитларининг миқдори Тошкент шаҳрида 480 млн. сўм (амалда 420 млн. сўм), ҳудудларда 380 млн. сўм (330 млн. сўм) этиб белгиланди.
– Агар ариза рад этилса, фуқаро қайта мурожаат қилиши мумкинми?
– Ҳа мумкин, субсидия ажратишни рад этиш тўғрисида хабарнома олган фуқаро такроран ариза бериш ҳуқуқига эга. Бунда ариза рад этилганда такрор ариза топширишга ҳеч қандай чеклов ўрнатилмаган.
– Субсидия дастурида иштирок этаётган банклар қандай танланади?
– Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 5 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг маблағлари ҳисобидан ипотека кредитлари ажратиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида” қарори қабул қилинган.
Мазкур қарорга асосан Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан маблағлар ажратишда ёки ипотека кредитларини қайта молиялаштиришда банкларга қуйидаги мувофиқлик мезонлари белгиланган. Хусусан, банкда янги тартиб доирасида ипотека кредитларини ажратиш юзасидан аниқ белгиланган ички тартиб мавжуд бўлиши, банк «Fitch Ratings» ёки «Standard & Poorʼs» рейтинг агентликларининг «В» даражасидан ёки «Moodyʼs Investors Service» рейтинг агентлигининг «В2» рейтингидан паст бўлмаган даражада узоқ муддатли кредит рейтингига эга бўлиши зарур.
Шунингдек, охирги уч йиллик молиявий ҳисоботлар бўйича аудиторлик ташкилоти ижобий хулосасининг мавжудлиги, банкнинг регулятив капитали 500 миллиард сўмдан кам бўлмаслиги, банк Давлат бюджети маблағлари, шу жумладан, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан янги тартибга мувофиқ жойлаштирилган ёки қайта молиялаштирилган маблағлар бўйича муддати ўтган қарздорликка эга бўлмаслиги лозим.
Марказий банк томонидан белгиланган пруденциал нормативлар бузилгани сабабли унга нисбатан ипотека кредити берилишига тўсқинлик қилувчи амалдаги чора ва санкциялар мавжуд бўлмаслиги лозим.
– Ёш оилалар ва кам таъминланган аҳоли учун алоҳида имтиёзлар борми?
– Субсидия олишда ариза берувчи ёшлар тоифасига мансуб бўлса қўшимча 5 балл тақдим этиш амалиёти жорий этилган. Шунингдек, давлатимиз раҳбарининг жорий йилнинг 24 февраль куни ёшлар билан учрашувида Ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида уй-жой ипотека дастури доирасида кредит ставкасининг 14 фоиздан ошган қисми бюджетдан қоплаб берилиши эълон қилинди.
– Субсидия олиш учун аризани онлайн топширишда кўп учрайдиган хатолар нималар?
– Ариза берувчи ипотека кредитлари бўйича субсидия олиш учун исталган туман (шаҳар) давлат хизматлари марказига ўзи келиб мурожаат этади ёки Ягона интерактив давлат хизматлари порталида давлат хизматидан электрон тарзда фойдаланиш учун рўйхатдан ўтади.
Ўзи келиб мурожаат этганда, Давлат хизматлари маркази ходими ариза берувчи номидан, ЯИДХП орқали мурожаат қилинганда эса ариза берувчи мустақил равишда давлат хизматидан фойдаланиш учун анкета-аризани электрон тарзда тўлдиради.
Бугунги кунда субсидияга электрон онлайн тарзда ариза топширишда барча маълумотлар my.gov.uz порталида автомат тарзда шаклланиши йўлга қўйилган. Бунда фуқароларимиз электрон тарзда ариза топширишда хатоликка йўл қўйиш эҳтимоли мавжуд эмас.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/WWnNFZOpJjA" title="Ipoteka subsidiyalari bir yilgacha amal qiladi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Шаҳноза Маматуропова, ЎзА