Инвестиция – тараққиёт омили
Президентимиз раҳнамолигида саноатни модернизация ва диверсификация қилиш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, экспортни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айниқса, ҳудудлар саноат салоҳиятини мустаҳкамлашга қаратилган дастурлар ўзининг амалий самараларини бермоқда.
Президентимиз раҳнамолигида саноатни модернизация ва диверсификация қилиш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, экспортни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айниқса, ҳудудлар саноат салоҳиятини мустаҳкамлашга қаратилган дастурлар ўзининг амалий самараларини бермоқда.Хусусийлаштириш жараёнини чуқурлаштириш ҳамда хусусий мулкнинг ролини ошириш бугунги кунда иқтисодиётимизни изчил ва барқарор ривожлантиришнинг муҳим омилларидан биридир. Бу жараёнда мамлакатимизда амалда қўлланилаётган давлат ва бизнес субъектлари ўртасидаги ўзаро муносабатларни тартибга соладиган самарали меъёрий-ҳуқуқий база алоҳида аҳамият касб этмоқда.
– Тегишли давлат дастурларига асосан чет эллик ҳамкорлар 329 корхонанинг давлат активларини 715 миллиард сўм ва 27 миллион АҚШ долларига харид қилди, – дейди Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси Фарғона вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи М.Турдиқулов. – Ишбилармонлик муҳитининг янада яхшиланаётгани, тадбиркорлик субъектларини ташкил этиш ва фаолияти жараёнидаги рухсат берувчи тартиботларнинг соддалаштирилиши, ҳисоботларнинг қисқартирилиши, солиқ қонунчилигида яратилган имтиёзлар ва солиқ юкининг камайтирилиши тадбиркорларнинг молиявий аҳволини барқарорлаштиришга хизмат қилмоқда. Имтиёзлар туфайли иқтисод қилинган маблағ рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқариш учун замонавий технологиялар харид қилишга сарфланаётир. Тадбиркорларга 36 фойдаланилмай турган объект 39,2 миллиард сўм инвестиция киритиш ва 2 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратиш шарти билан “нол” қийматда сотилгани вилоятда ишлаб чиқаришни янада ривожлантириш имконини берди.
Президентимизнинг 2014 йил 3 июлдаги “Давлат мулки объектларини кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига сотиш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 15 июлдаги “Зарар кўриб ишлаётган ва иқтисодий ночор, паст рентабелли ташкилотларнинг фойдаланилмаётган ва ортиқча ишлаб чиқариш майдонларини янада оптимизация қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари бу борада муҳим аҳамият касб этаётир.
Фарғона шаҳридаги фойдаланилмай турган иншоот “Фергана Юниформ текс” масъулияти чекланган жамияти 1,2 миллиард сўм инвестиция киритиш ва янги иш ўринлари яратиш шарти билан “нол” қийматда сотилди. Ҳозир замонавий услубда таъмирланган корхонада саксондан ортиқ янги иш ўрни яратилиб, махсус кийимлар тикиш йўлга қўйилди. Шунингдек, вилоятдаги 74 яроқсиз объект бузилиб, бўшаган ер майдонларида 75 лойиҳа амалга оширилмоқда. Бунинг натижасида 830 дан ортиқ янги иш ўрни яратилади. Масалан, Қўқон шаҳрида “Раш текстиль” масъулияти чекланган жамияти томонидан 2,9 миллиард сўмлик инвестиция жалб этилиб, трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхонаси ишга туширилди. 65 киши ишли бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси Фарғона вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан давлат мулклари мунтазам равишда хатловдан ўтказилиб борилмоқда. Бўш турган давлат объектларидан келгусида самарали фойдаланиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилиб, мазкур объектларни тадбиркорлик субъектларига ижарага бериш ташкил этилган.
Ўтган йили тадбиркорларга 2 мингга яқин бўш турган бино ижарага берилди ва 3 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилди. Мазкур лойиҳаларнинг амалга оширилиши хусусий мулкнинг иқтисодиётдаги улуши ортиб, рақобат муҳитини янада ривожлантириш ва янги иш ўринлари ташкил этилишига кенг имкониятлар яратмоқда.