Инвестиция форуми самаралари
Президентимиз ташаббуси билан 5-6 ноябрь кунлари Тошкентда бўлиб ўтган Халқаро инвестиция форумида “Қўқон механика заводи”, “Фарғона ёғ-мой” ва “Қўқон ёғ-мой” акциядорлик жамиятлари ҳам хорижлик ҳамкорлар билан янги инвестиция лойиҳалари бўйича шартнома тузди.
Президентимиз ташаббуси билан 5-6 ноябрь кунлари Тошкентда бўлиб ўтган Халқаро инвестиция форумида “Қўқон механика заводи”, “Фарғона ёғ-мой” ва “Қўқон ёғ-мой” акциядорлик жамиятлари ҳам хорижлик ҳамкорлар билан янги инвестиция лойиҳалари бўйича шартнома тузди.Мамлакатимизда қулай инвестициявий муҳитни янада яхшилаш, хорижий инвесторларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, улар учун имтиёз ва преференциялар тизими яратишга қаратилаётган алоҳида эътибор иқтисодиётимиз тараққиётига хизмат қилмоқда.
Фарғона вилоятидаги 150 дан ортиқ корхонага хорижий инвестициялар жалб этилган. 2015 йилнинг ўтган даврида ишлаб чиқаришни модернизация ва диверсификация қилиш, янги қувватларни ишга тушириш мақсадида 38 миллион 584 минг долларлик тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар йўналтирилди. 182 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинди.
Вилоятда 2015 йилнинг тўққиз ойида умумий қиймати 150,7 миллиард сўмлик 541 лойиҳа ҳаётга татбиқ этилган. Маҳаллийлаштириш дастури асосида рақобатбардош, импорт ўрнини босувчи, экспортбоп маҳсулот ишлаб чиқаришга йўналтирилган 29 лойиҳа амалга оширилган. Маҳаллий хомашёдан тайёрланган 208 минг долларлик маҳсулот экспорт қилинган.
Тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар ижроси доирасида 2015 йилда вилоятда 1 минг 767 кичик бизнес субъекти ташкил этилган. Тижорат банклари томонидан ажратилган 670 миллиард сўмдан ортиқ кредит маблағлари соҳа ривожида муҳим аҳамият касб этаётир.
“Қўқон механика заводи” акциядорлик жамиятида мазкур йўналишда кенг кўламли ишлар амалга оширилиб, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техник ва технологик янгилашга эришилди. Натижада корхонада импорт ўрнини босувчи бир неча турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқариш ўзлаштирилди.
Нефть-газ соҳасига бутловчи қисмлар тайёрлаб берувчи корхонада Италия, Германия, Швеция, Португалия, Швейцария каби мамлакатлардан энг замонавий технологиялар келтириб ўрнатилди. Ҳозирги кунда ёш мутахассислар ушбу дастгоҳлар ёрдамида ички бозорда тобора харидоргир бўлиб бораётган бутловчи қисмлар, тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқармоқда.
– Корхонада тайёрланаётган муқобил иситиш қозонлари, юқори босимга чидамли газ баллонларига буюртмалар кўп, – дейди корхона директори Шарифжон Йўлдошев. – Нефть ва газ саноати корхоналари учун мўлжалланган ўнлаб турдаги бутловчи қисмлар, тайёр маҳсулотлар ҳам юқори сифати билан ажралиб туради. Айни пайтда янги лойиҳаларни амалга ошириш, хорижлик ҳамкорларни жалб этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ноябрь ойида Тошкентда ўтказилган инвестиция форуми доирасида хорижлик ишбилармонлар корхонамиз фаолияти ва бу ердаги шароитлар билан танишди. Жанубий Кореянинг “Би Эйч Ай” компанияси билан ҳамкорлик меморандуми имзоладик. Бу корхонамизда ишлаб чиқариш ҳажмини янада ошириш, иқтисодий салоҳиятини юксалтиришга хизмат қилади.