Интилганга толе ёр
Устоз, ўқитувчи ҳақида сўз кетганида шууримизда беихтиёр касбига фидойи, ҳалол, камтар, барчамиз учун азиз ва меҳрибон инсонлар гавдаланади. Уларнинг борлиги, ёнимизда эканлигидан қувонамиз, қалбларимизда эса фахр-ифтихор, миннатдорлик туйғулари жўш уради.
Дарҳақиқат, устозлар ҳалол ва камтарона меҳнати, олиб бораётган хайрли ва эзгу ишлари билан барчага ибрат бўлади. Улар ўз зиммасидаги вазифани адо этишга нафақат билими, салоҳияти, балки қалб қўрини, меҳрини бахшида этади. Касбига бўлган садоқати, фидоийлиги туфайли эл-юрт орасида ҳурмат-эътибор топади.
Андижон давлат тиббиёт институтининг Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректори, госпиталь терапия ва эндокринология кафедраси доценти, тиббиёт фанлари бўйича фалсафа доктори Гулҳаё Холматова ана шундай ҳурмат ва эътиборга сазовор ёш педагоглардан.
Халқимизда “Интилганга толе ёр” деган нақл бежиз айтилмаган. Бунга ёш бўлса-да, интилиши, изланиши, ўз устида тинимсиз ишлаши, меҳнатсеварлиги билан кўплаб ютуқларга эришаётган ёш олима Гулҳаё Холматованинг фаолияти ёрқин мисол бўла олади.
У 2013 йилда Андижон давлат тиббиёт институтининг бакалавр йўналишини, 2016 йилда эса Тошкент тиббиёт академияси магистратурасини тамомлаган.
[gallery-31686]
Гулҳаё талабалик давридан “Болаларда сколиоз касаллиги ва унинг олдини олиш” мавзусида илмий-тадқиқот ишларини олиб борди. Илмий изланишлари доирасида “Сколиоз хасталиги” номли ўқув қўлланма тайёрлаб, чоп эттирди. Сколиоз касаллигининг олдини олиш учун мактаб ўқувчиларига мўлжалланган янги турдаги парта моделини ишлаб чиқиб, “Рационализаторлик таклифлар ва ихтиролар” республика танловида 1-ўринни қўлга киритди. Шунингдек, талабалик йилларида “Йилнинг энг яхши талабаси” унвони, Ибн Сино номли давлат стипендияси соҳиби бўлди.
Ёш олима илмий изланишлар йўналишида “Қандли диабет 2 тур беморларда остеопороз хавф омиллари” мавзусида магистрлик ишини ёқлаган. 2023 йилда эса “Сил билан бирга кечган қандли диабет 2 тур беморларда витамин Д ва Б12 гомеостазининг аҳамияти” мавзусида PhD диссертация ишини муваффақиятли ҳимоя қилган.
Институтдаги педагогик фаолияти давомида доимий изланди, ўз устида тинимсиз ишлади, ўқиди, ўрганди. Иш жараёнида ноанъанавий усуллар, илғор педагогик технологиялар асосида дарс ўтишга алоҳида эътибор қаратди. Дарсларни ижодий ўтиш борасидаги илғор иш услубларидан кенг фойдаланди. Ўзининг ташкилотчилик, ташаббускорлик, ижодкорлик салоҳиятларини юзага чиқарди. Натижада ижодкор ва фидоий ўқитувчи сифатида эътибор топди.
Гулҳаё Холматова АҚШнинг нуфузли халқаро тиббиёт илмий журналларидан бири “The American Journal of Medical Sciences and Pharmaceutical Research” ҳамда Германиянинг “Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш бюллетени” (Journal impact factor) халқаро журналининг таҳрир ҳайъати аъзосидир.
Ўзбекистон хотин-қизлари “Олима” уюшмаси, ЮНЕСКОнинг Тошкентдаги ваколатхонаси ҳамкорлигида “Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда хотин-қизларнинг роли” мавзусидаги халқаро илмий-амалий анжуманда унинг “Қандли диабет 2 тури ҳамда сил хасталиги билан оғриган беморларнинг клиник-демографик ва рентгенологик хусусиятлари” мавзусидаги маърузаси анжуманнинг “Энг яхши маърузаси” номинацияси ғолиби деб топилди.
– Билимли, рақобатбардош, малакали ва юқори салоҳиятли шифокор кадрларни тарбиялаш институт педагоглари зиммасидаги энг муҳим вазифадир, – дейди Гулҳаё Холматова. – Ана шу вазифани бугунги кун талаби даражасида адо этиш учун ҳар бир педагог ташаббускор, ўз ишининг фидойиси бўлиши керак.
2024 йилда Туркия Республикасининг Истанбул шаҳридаги Башкент университетида малака ошириб қайтган ёш олима талабалар, клиник ординатор, магистр ва шифокорлар учун илғор хорижий тажрибалар, уларни амалиётга татбиқ этиш ва самарали фойдаланиш бўйича маърузалар ўқимоқда, маҳорат дарслари ўтиб келмоқда.
Ўтган йили эса Гулҳаё Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори билан ташкил этилган “Раҳбар аёллар мактаби”нинг махсус ўқув дастурини муваффақиятли тамомлаб, бошқарувга оид билим, амалий кўникма ва малакаларини ҳам оширди.
Гулҳаё Холматова 2023 йилда “Ислоҳотлар билимдони” танловининг республика босқичида “Энг фаол хотин-қизлар маслаҳат кенгаши раиси” номинациясида 1-ўринни эгаллади. “Йил аёли” миллий танловининг вилоят босқичида “Йилнинг энг кучли маънавий-маърифий тарғиботчиси” номинацияси бўйича ғолиб бўлди.
– Шифокор, педагог касбини танлаб кам бўлмадим, – дейди Гулҳаё. – Аҳил ва ҳамжиҳат жамоада ишлаяпман, меҳнатларим эътироф этилиб, ҳурмат-эътибор топдим, ишлаш учун барча имкониятлар бор, оилам тинч, фарзандларим бағримда. Президентимиз ташаббуси билан юртимизда мен каби ёш олималарга кенг имкониятлар эшиги очиб берилган. Ана шу имкониятлардан унумли фойдаланиб, кўплаб ютуқларга, юқори натижаларга эришдим.
Ҳа, Гулҳаё Холматова сингари, интилувчан, фаол, фидойи, ташаббускор устоз ва мураббийлар бор экан, таълим муассасаларида таълим сифати, малакали мутахассислар тайёрлаш ишлари янада юқори босқичга кўтарилади.
Фахриддин Убайдуллаев,
Зуҳриддин Умрзоқов (фото),
ЎзА мухбирлари.