Интернет тезлиги паст, нархлар эса қиммат
Юртимиз бўйича 237 та объектда магистрал телекоммуникация тармоқлари кенгайтирилиб, телекоммуникация ускуналари модернизация қилинди.
Сўнгги икки йилда амалга оширилган ишлар таҳлилига назар соладиган бўлсак, мамлакатимизда замонавий электрон давлат хизматларини кўрсатишнинг яхлит тизимини яратиш, давлат органларининг аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари билан ўзаро ҳамкорлигининг янги механизмларини жорий этиш юзасидан изчил ишлар олиб борилди.
Маълумотларга кўра, ҳозирда юртимизда бешта мобил алоқа хизматларини кўрсатувчи ҳамда 30 дан ортиқ симли тармоқлар орқали телекоммуникация хизматларини кўрсатувчи оператор ва провайдерлар фаолият юритмоқда.
– Ҳозирда мобиль алоқа тармоқлари абонентлари 24 миллион бўлса, шундан 19 миллионтаси интернет фойдаланувчилари ҳисобланади, –дейди Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги матбуот котиби Шерзод Аҳматов. – 2020 йилнинг 1 январидан оператор ва провайдерларга интернет хизматлари учун тариф ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 34 фоизга арзонлаштирилди. Бозор иқтисодиёти талабларига кўра, тизимли равишда интернет хизматлари нархлари камайтирилиб борилмоқда.
Юртимиз бўйича 237 та объектда магистрал телекоммуникация тармоқлари кенгайтирилиб, телекоммуникация ускуналари модернизация қилинди. “Оптик толали алоқа линияларини қуриш” лойиҳаси доирасида 16,0 минг км. оптик толали алоқа линиялари қурилиб, умумий узунлиги 36,6 минг км. га етказилди.
Интернет тармоғига кенг полосали симли уланишни кенгайтириш лойиҳаси бажарилди. Мобил алоқа тармоқларини ривожлантириш мақсадида 6 000 ортиқ мобил алоқа база станцияси ўрнатилиб, уларнинг умумий сони 26 мингтадан ортди. Бу эса аҳолини мобил алоқа билан таъминлашни 97 фоизга, мобил интернет тармоғига кенг полосали уланиш қамровини эса 70 фоизга етказишда қўл келди.
Шу кунга қадар асосан телефон хизматларини кўрсатувчи 2G мобил тармоқларни кенгайтириш амалга оширилган бўлса, ҳозирда тармоқнинг қамровини ошириш бўйича барча лойиҳалар 3G/4G тармоқларини кенгайтиришга йўналтирилмоқда. Шу йилнинг ўзида 2200 дан ортиқ 3G/4G база станциялари ўрнатилиб ишга туширилади.
Интернет тезлиги бўйича 2020 йил март ойи натижаларига кўра SpeedtestGlobalIndexрейтингида Ўзбекистон яна 7 поғонага кўтарилиб, интернет тезлиги бўйича рейтингда 176 давлат орасида 95-поғонани эгаллаб турибди.
Айни кунларда ҳам карантинда қолган юртдошларимизни охирги янгиликлардан хабардор қилиш мақсадида телекоммуникация операторлари абонентларига энг кўп ўқийдиган оммавий ахборот воситаларининг манбаларидан бепул фойдаланиш имкони тақдим этилди. Бир қатор хорижий телеканаллар очиқ режимда (кодланмаган ҳолда бепул) вақтинча тарқатилиши таъминланмоқда.
Бу каби талабнинг ортиб бориши эса, албатта интернет тезлигига таъсир қилиши шубҳасиз. Шу боис унинг тезлиги паст деган фикрлар айтилмоқда.