"International Leadership Awards" лойиҳаси доирасида ишбилармонлик форуми ўтказилди
Мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантириш, хусусий секторнинг иқтисодиётдаги ўрнини мустаҳкамлаш ва бизнес вакилларини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Тадбиркорлар учун қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш, уларнинг лойиҳаларини амалга ошириш, инвестицияларни жалб этиш ҳамда янги ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш борасида тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Бу борада Президентимизнинг 2021 йил 21 апрелдаги “Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш, ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори муҳим ҳуқуқий асослардан бири ҳисобланади. Ҳужжатда тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг молиявий имкониятларини кенгайтириш ва ишбилармонлик муҳитини янада яхшилашга қаратилган чора-тадбирлар белгиланган.
Бундай имкониятлар тадбиркорларнинг янги лойиҳаларини амалга ошириши, фаолиятини кенгайтириши, инвестиция жалб қилиши ва ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириши учун муҳим аҳамият касб этади. Айни пайтда улар ўртасида тажриба алмашиш, янги бизнес алоқаларини ўрнатиш ва истиқболли лойиҳаларни муҳокама қилишга қаратилган ишбилармонлик тадбирлари ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Шу каби тадбирлардан бири Тошкент шаҳрида "International Leadership Awards" лойиҳаси доирасида ташкил этилган ишбилармонлик форуми бўлди. Унда Ўзбекистон, Қозоғистон, Озарбайжон, Туркия, Франция, Қирғизистон каби давлатлардан турли соҳаларда фаолият юритаётган тадбиркорлар, компания ва лойиҳа асосчилари ҳамда бизнес вакиллари иштирок этди. Тадбир давомида иштирокчилар ўз фаолияти ва лойиҳалари ҳақида маълумот бериб, тажриба алмашди, янги ғоя ва ташаббусларни муҳокама қилди ҳамда ҳамкорлик истиқболларини белгилади.
Форум доирасида Ўзбекистон энергетиклари миллий ассоциацияси бошқаруви раиси Бахтиёр Эргашев, "International Business Awards" асосчиси Нилуфар Худойбердиева, "Andijan Gold Center" кластери асосчиси Ирода Жаҳонгирова, "Afsona Travel" ва "Rovet DMC" компаниялари асосчиси Негина Мухтарова, "DomoUz" лойиҳаси ҳаммуассиси Жасурбек Ўролбоев, Марказий Осиё аёл етакчилари ва тадбиркорлари ассоциацияси президенти Динара Орозбаева ва бошқалар сўзга чиқиб, тадбиркорлар ўртасида тажриба алмашиш, янги ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш муҳимлигини таъкидлади.
Тақдимотларда тадбиркорлик, молия, энергетика, тиббиёт, туризм, архитектура ва бошқа йўналишларда амалга оширилаётган лойиҳалар ҳақида маълумот берилди. Қайд этилганидек, бундай учрашувлар тадбиркорлар ўртасида ўзаро тажриба алмашиш, янги ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш ва истиқболли лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш учун муҳим майдон бўлиб хизмат қилади.

– Ўзбекистонда илк бор бундай йирик халқаро тадбир ўтказилаётгани жуда қувонарли. Турли соҳаларда фаолият юритаётган етакчи тадбиркорларнинг бир жойга жамланиши янги ҳамкорликлар ўрнатиш, тажриба алмашиш ва истиқболли лойиҳаларни йўлга қўйиш учун катта имконият яратади.
Энг муҳими, Ўзбекистон тадбиркорларининг халқаро бозорларга чиқиши, хорижий ҳамкорларни мамлакатимизга жалб этиши ва улар билан алоқаларни кенгайтириши учун янги имкониятлар пайдо бўлади. Бу эса "Made in Uzbekistan" брендини жаҳон бозорида янада кенг тарғиб қилишга хизмат қилади.
2025 йил апрель ойида Андижон заргарлик кластерини ташкил этдик. Айни пайтда кластерда 60 га яқин тадбиркор фаолият юритмоқда. Асосий мақсадимиз заргарлик саноатини ривожлантириш, маҳаллий хомашёни қайта ишлаш ва мамлакатимизда ишлаб чиқарилган заргарлик буюмларини жаҳон бозорига олиб чиқишга қаратилган.
Илгари Озарбайжон, Туркия ёки бошқа мамлакатларда ишлаб чиқарилган заргарлик маҳсулотлари ҳақида кўп эшитардик. Ўзимизда ишлаб чиқарилаётган, "Made in Uzbekistan" бренди остидаги заргарлик буюмларини ҳам дунёга танитишни жуда истардим. Бугун бу мақсадга эришиш учун имкониятлар тобора кенгайиб бормоқда.

Президентимиз томонидан заргарлар ва тадбиркорлар учун яратилаётган шароитлар соҳанинг ривожига катта туртки бермоқда. Заргарлик йўналишида қабул қилинаётган янги қарорлар тадбиркорлар учун қўшимча имкониятлар яратмоқда. Биз ҳам ушбу имтиёзлардан самарали фойдаланиб, маҳсулотларимизни хорижий бозорларга экспорт қилишни мақсад қилганмиз, – деди "Andijan Gold Center" кластери асосчиси Ирода Жаҳонгирова.
Тадбир давомида тадбиркорлик соҳасида ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш, янги бизнес алоқаларини ўрнатиш ва истиқболли лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
– Муҳит инсоннинг шаклланишида, айниқса, бизнесда муҳим аҳамиятга эга. Бугун бу ерда ўз касби ва мамлакатининг кўплаб етакчилари билан танишдим, янги дўстлар орттирдим. Мамлакатларимизда туризм ва бизнес соҳалари ривожланиб, янги имкониятлар очилаётгани қувонарли.
Марказий Осиё аёл етакчилари ва тадбиркорлари ассоциацияси таълим, тиббиёт, IT технологиялари, молия ва бошқа соҳаларда фаолият юритаётган аёлларни бирлаштиради.

Биз ушбу ташаббусни янада ривожлантириш ва узоқ йиллар давом эттириш учун қўлимиздан келган барча ишни қилишга тайёрмиз. Шунингдек, 1-2 октябрь кунлари Бокуда "Kamka Invest Forum" ўтказилади. Барчангизни ушбу тадбирда иштирок этишга таклиф қиламан, – деди Марказий Осиё аёл етакчилари ва тадбиркорлари ассоциацияси президенти Динара Орозбаева.
"Royal Catering" компанияси асосчиси Аслиддин Ҳалимовнинг қайд этишича, саккизта давлатдан тадбиркорларнинг бир жойга жамланиб, бир-бирининг фаолияти билан танишиши ва ҳамкорлик имкониятларини муҳокама қилиши жуда муҳим.
– Улар бизнинг фаолиятимизга қизиқиб, Ўзбекистонга инвестиция киритиш истагини билдирмоқда. Биз ҳам, ўз навбатида, ушбу давлатларда фаолиятимизни йўлга қўйиш ва янги бозорларга чиқиш имкониятларига қизиқяпмиз. Бундай учрашувлар тадбиркорлар учун муҳим аҳамиятга эга. Чунки бир жойда жамланиб, бир-биримиздан билим ва тажриба ўрганиш, илғор тажрибани ўз фаолиятимизда қўллаш имконияти пайдо бўлади. Шунинг учун бундай тадбирлар янада кўпроқ ўтказилишини истаймиз, – деди "Royal Catering" компанияси асосчиси Аслиддин Ҳалимов.
Форум якунида иштирокчилар ўртасида ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган бир қатор меморандумлар имзоланди. Келишувлар турли соҳаларда янги ҳамкорлик лойиҳаларини амалга ошириш, тажриба алмашиш ва ўзаро алоқаларни янада кенгайтиришга қаратилган.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА