Институтда замонавий карьера маркази иш бошлади
Сурхондарё вилоятидаги Денов тадбиркорлик ва педагогика институтида 28 та таълим йўналиши, 15 та магистратура мутахассислиги бўйича 8 мингдан ортиқ талаба таълим олиб, ўзлари танлаган соҳа сирларини чуқур ўрганмоқда.
Олий таълим муассасасининг 2024-2026 йилларга мўлжалланган истиқболли режасида ташкил этилиши белгиланган замонавий карьера маркази талаба-ёшларнинг дарсдан бўш вақтида мустақил таълим олиши, ҳунар ўрганиши, ўз билими, қобилият ва иқтидорини тижоратлаштириш имкониятини яратади. Бунинг учун пазандачилик, тикувчилик-бичувчилик цехлари, эркаклар сартарошхонаси, гўзаллик салони, амалий санъат тўгараги, корейс, япон, хитой, немис, турк, инглиз, итальян ва рус тилларини ўргатувчи ўқув курслари ташкил этилди. Мазкур касб ва тилларни ўрганувчиларга ўз соҳасининг тажрибали мутахассислари сабоқ беради.

– Хорижий тиллар факультетининг рус тили йўналишида ўқийман, – дейди бухоролик талаба Гулчеҳра Облақулова. – Марказнинг барпо этилгани қўшимча касбларни ўрганишимиз учун қулай имконият яратди. Энди дарсдан бўш вақтимизни шу ерда ўтказиб, турли касбларни чуқур ўрганамиз. Мен барча шароитларга эга гўзаллик салонига келиб, хотин-қизларга оро бериш сирларини ўрганишдан бошладим. Кейин пазандачилик билан шуғулланишни ҳам кўнглимга тугиб қўйдим.

“Ташаббусли бюджет” лойиҳаси маблағи эвазига қад ростлаган икки қаватли бинода илмий ғоя ва инновацион ишланмаларни қўллаб-қувватловчи Бизнес – инкубатор ҳам ташкил этилган. Бу ерда таълим йўналишлари ва мутахассисликлар бўйича стартап ҳамда инновацион лойиҳалар молиялаштиришга тайёрланмоқда. Айни пайтда институтда 1 та инновацион, 3 та стартап лойиҳа молиялаштирилган. Ҳозир давлат илмий лойиҳалар танловига 5 та амалий, 2 та стартап лойиҳа тақдим этилган. Қурилиш муҳандислиги, иқтисодиёт, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини сақлаш ва қайта ишлаш, кимё технологияси, озиқ-овқат технологияси каби таълим йўналиши талабаларининг илмий ғоя ва таклифлари маҳаллий иш берувчилар, ҳокимиятлар билан муҳокама этилиб, молиялаштирилиши кутилмоқда.

– Бугунги кунда иш берувчилар янги ходимнинг нафақат олган билимини, балки янги билимларни қанчалик тез ўзлаштириши, янги шароитга қанчалик тез мослашуви ва мувофиқ ҳаракат қилишини юқори баҳолайди, – дейди институт ректори О.Рўзиев. – Институтимизда барпо этилган бу марказ талабаларга қўшимча касблар ўргатади, ишга жойлашишига ёрдам беради. Шу мақсадда талабалар танлов асосида саралаб олиниб, ўз қизиқуви асосида қўшимча касб ўргатилади. Тил билишни ўрганмоқчи бўлган талабалар учун алоҳида дастурлар асосида машғулотлар ташкил этилади. Барча тил курси дастурлари тингловчиларни хорижий тил билиш сертификати олиш имтиҳонига тайёрлайди.

Марказ фаолиятини институтнинг маркетинг ва талабалар амалиёти бўлими мувофиқлаштириб боради. Бу ерда иш берувчилар, аҳоли бандлигини таъминлашга масъул ташкилотлар билан учрашувлар ташкил этиб бориш ҳам режалаштирилган.

Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов, воҳадаги олий таълим муассасалари раҳбарлари, институт билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйган ташкилот, муассасалар вакиллари марказда бўлиб, бу ерда талаба-ёшларга яратилган шароитлар билан яқиндан танишди. Институт ўқитувчилари ва талабалари амалга ошираётган инновацион ишланмалар, стартапдаги истиқболли лойиҳалар кўздан кечирилди. 400 ўринли давлат шериклик асосидаги янги ётоқхона қурилишига старт берилди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири