Инсон саломатлиги олий қадрият
Жорий йилнинг октябрь ойи мамлакатимиз кексалари учун эътибор ва эъзозга ойлиги сифатида қаралди.
Жорий йилнинг октябрь ойи мамлакатимиз кексалари учун эътибор ва эъзозга ойлиги сифатида қаралди.
Тошкент шаҳар Халқ қабулхонаси, Республика Маҳаллалар кенгаши ҳамда “Соғлом авлод учун” ҳукуматга қарашли бўлмаган халқаро хайрия фонди ҳамкорлигида “Инсонларнинг дарду ташвишларини ўйлаб яшаш – инсонийликнинг энг олий мезони” мавзусида Тошкент шаҳрининг 41 та, Тошкент вилояти Қуйи Чирчиқ туманининг 9 та маҳалласида ташкил этилган хайрия тадбирларида 2 минг 122 кам таъминланган оилалар аъзолари, кексалар ва фахрийлар, боқувчисини йўқотган беморнинг саломатлиги назоратга олинди.
Тиббий кўрикдан ўтказилганларининг 1 минг 100 нафари УТТ, 779 нафари ЭКГ, 572 нафари окулист, 905 нафари лаборатория, 16 нафари кольпоскопия текширувларидан ўтказилиб, хасталиклар аниқланганлари рўйхатга олинди ва тегишли тавсиялар берилди. 1056 фуқарога 1,22 миллиард сўм миқдорида дори-дармон ва гигиеник воситалар бепул тақдим этилди.

Аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзи тарғиботи ва касалликлар профилактикаси бўйича тиббиёт ходимлари томонидан жами 27 марта маъруза ва давра суҳбати ташкил этилди.
Ушбу хайрли тадбирлар давом эттирилаётгани кексалар ва фахрийларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканлигининг яна бир амалий исботидир.
Бугун пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманидаги Юзработ маҳалласида айни шу йўналишда хайрия тадбири ташкил этилди.
Тадбир давомида Юзработ, Яланғоч, Бешкапа, Уйғониш, Мунаввар қори маҳалласидан 400 дан ортиқ кам таъминланган оилалар аъзолари, ижтимоий ҳимояга муҳтож нуронийлар, шу жумладан, ҳаракат қилиши чекланган ва ётоқ ҳолдаги кекса беморлар мутахассислар томонидан чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди. 116 фуқарода турли даражадаги касалликлар аниқланиб, уларнинг 39 нафари даволаниш учун назоратга олинди. 43 фуқарога 12 турдаги зарурий дори-дармонлар тарқатилди.
Тадбир давомида Тошкент шаҳар Халқ қабулхонаси, Республика Маҳаллалар кенгаши раҳбариятининг сайёр қабули ташкил этилди. Республика маҳаллалар кенгаши раиси ўринбосари Ботир Парпиев томонидан 12 фуқаро қабул қилиниб, улардан 9 нафарининг муаммоси жойида ҳал этилди.

Тадбир жараёнида 17 кекса ва фахрий, 20 ногиронлиги бор фуқаро, 13 кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган оилага борилиб, озиқ-овқат маҳсулотлари, зарурий дори-дармонлар тақдим этилди.
Хайрия тадбирида иштирок этган барча фуқаролар ва ташриф буюрган ташкилот вакиллари учун дастурхон ёзилиб, маданий дастур намойиш этилди.
Тадбирда Мирзо Улуғбек тумани ҳокими Ш.Эргашев, Республика маҳаллалар кенгаши раиси ўринбосари Б.Парпиев, “Соғлом авлод учун” ҳукуматга қарашли бўлмаган халқаро хайрия фонди раиси С.Инамова, туман прокурори Р.Ҳакимов фуқаролар билан суҳбатлашди.
