Инсон қадри – улуғ, хотираси – муқаддас
Инсон хотиралар билан яшайди. Кечаги куннинг машаққатларини эслаб, оғир дамларни бугунги фараҳбахш ҳаёт билан муқояса қилсак, эзгулик, яхшиликни улуғлаб яшашга кўпроқ интиламиз. 9 май — Хотира ва қадрлаш куни мамлакатимизда умумхалқ байрами сифатида нишонланиши замирида ҳам эзгулик фалсафаси мужассам. Муҳими, халқимиз, айниқса, ёшларимиз онгу шуурида ўтганларни ёд этиш, тирикларни қадрлашдек инсоний фазилатлар тобора мустаҳкам қарор топмоқда.
Шу кунларда нафақат уруш ва уруш ортида меҳнат қилган, балки юртимиз ривожида ўзининг муносиб ҳиссасини қўшган инсонларни эслаб, хотирламоқдамиз. Ана шундай юртдошларимиздан бири Турғун Обидов. Т.Обидов ҳаётининг аксарият қисмини гидромелиорация ҳолатини яхшилаш масалаларига бағишлади. Унинг саъй-ҳаракатлари билан ўз даврида Аму-Бухоро сув узатгич канали қурилиши туфайли Амударё суви билан суғориладиган ер майдони 73 минг гектарга етди. Зеро, мазкур каналнинг қурилиши, азалдан сув танқислигини бошидан кечириб келаётган Ўзбекистондаги энг йирик пахтачилик ҳудудларидан бири бўлмиш Зарафшон водийсини сув билан таъминлашга хизмат қилди.
Шунингдек, Бухоро, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларининг ерларини сув билан таъминлашни 370 минг гектарга кўтариш ва 15 минг гектардан ортиқроқ янги ерларни ўзлаштиришга эришилди. Йиллар давомида тизимда меҳнат қилган Турғун Обидов Бухоро вилоятида Парсанкўл, Маханкўл, Аяк-агитма ва бошқа магистрал зовурларнинг қурилиши ва қайта таъмирлаш лойиҳаларини тайёрлашда фаол иштирок этди.
1984-1997 йилларда эса “Ўздавсувлойиҳа” институтига раҳбарлик қилди. Бу даврда институтда 200 минг гектардан кўпроқ майдонда суғориш тармоқлари, 8 минг километр магистрал ва хўжаликлараро каналлар, 3 та катта, 20 та ўртача ва кичик сув омборининг лойиҳа ҳужжатлари ишлаб чиқилди. Унинг институт фаолиятидаги бой тажрибасидан нафақат Ўзбекистонда, балки чет давлатларда ҳам унумли фойдаланилган. Хусусан, Афғонистон, Гвинея, Эфиопия, Сурия ва қатор давлатларда суғориладиган ерларни комплекс реконструкция қилиш принциплари, сув хўжалиги маъзуларини яхшилаш бўйича лойиҳа-ҳужжатлари арид иқлимли, яъни чўл ҳудудли минтақалар учун ўрнак сифатида тавсия этилган.
Мустақиллик йилларида Турғун Обидов жамоаси билан биргаликда илк бора мелиорацияни ривожлантириш ва Ўзбекистоннинг етакчи вилоятларида ер майдонларини суғориш схемалари ишлаб чиқилди. Мутахассисни тақдир сув хўжалиги соҳасининг қайси бошқарув органи, лавозимга йўналтирмасин, ҳар жойда нафақат тажрибали мелиоратор, балки сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва муҳофаза қилишнинг илғор курашчиси сифатида ўзини намоён эта олди.
Шу тариқа, юртимизнинг сув хўжалиги ҳолатини яхшилаш, янги йирик магистрал суғориш тизимларини лойиҳалаш, мавжудларини реконструкция қилиш, юз минглаб янги ерларни ўзлаштириш, янги суғориш техникаларини жорий қилиш, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш борасидаги янгиланишлар бу инсоннинг номи билан боғлиқ бўлиб қолди.
Албатта, юртимизда меҳнат қилган инсон ҳамиша эътироф ва эътиборга сазавор бўлган. Турғун Обидовнинг меҳнатлари турли мукофотлар билан тақдирланди. “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ирригатор” унвони, “Халқлар дўстлиги” ордени шулар сирасидандир.
Турғун Обидов жорий йилнинг февралида 85 ёшда оламдан ўтди. Инсон – ҳаётнинг гултожиси. Унинг қадри, ҳурмати ҳар доим эъзозга лойиқдир. Халқимизга хос хислатлар ҳақида гапирганда, албатта, қадр-қиммат, меҳр-оқибат каби фазилатлар тилга олинади. Хотира шундай руҳий-маънавий қудратки, у инсоннинг инсонлигини англатувчи, уни ўтмиш ва истиқбол билан боғлаб турувчи буюк қадрият, илоҳий қудратдир. У оламдан ўтган аждодларни эслашгина эмас, балки йиллар давомида садоқат билан меҳнат қилган устозлар хотирасини ҳурматлаш ҳамдир.
С.Шоева.