Инсон қадр-қимматининг мезон ва ўлчовлари акс этган манзил
“Миллат Шавкати” асари ҳақида сўз
Инсоният пайдо бўлибдики, ҳар бир шахс ҳаётда ўз ўрнини топишга интилиб келади. Кимдир умри давомида халқи, миллати ва Ватанининг тараққиётига муносиб ҳисса қўшади, шу билан бирга, келгуси авлодлар учун ибратли ҳаёт мактабини яратиб қолдиради. Айнан шундай инсонларнинг меҳнати ва матонати жамиятнинг маънавий таянчига айланади.

Шу боис жамият дунёқарашини бойитадиган адабиётга эҳтиёж тобора ортиб бормоқда. Тоҳир Маликнинг “Одамийлик мулки”, Чингиз Айтматовнинг “Асрга татигулик кун”, Тоғай Муроднинг “Отамдан қолган далалар”, Ўткир Ҳошимовнинг “Икки эшик ораси”, Шукруллонинг “Кафансиз кўмилганлар”, Қўчқор Норқобилнинг “Дарё ортидаги йиғи” каби асарларини ўқиганимда ҳаётнинг аччиқ фалсафаси, инсон умрининг мазмунли довонлари, қатъият ва ирода, муҳаббат ва нафрат ўртасидаги чегаралар ҳамда машаққатли, аммо зафарли синовлар доимо диққатимни тортган. Бу асарлар чинакам тарбия мактаби вазифасини ўтайди, десак муболаға бўлмайди.
Қайта-қайта ўқиладиган ана шундай китоблар қаторидан сенатор ва сиёсатшунос Қудратилла Рафиқовнинг “Миллат Шавкати” асари ҳам ўрин олганини мамнуният билан таъкидлаш жоиз.

Китобда муаллиф янгиланаётган Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни чуқур таҳлил қилиб, ватанпарварлик руҳи билан суғорилган публицистик мақолалари орқали китобхон қалбига кириб боради. Ўқувчи асарни мутолаа қилар экан, янги Ўзбекистоннинг бугуни ва истиқболи ҳақида мушоҳада юрита бошлайди, беихтиёр миллатнинг улғайиши, ватаннинг келажаги, тинчлиги ҳамда равнақи учун ўз зиммасидаги масъулият ва бурчни ҳис этади. Аслида, асарнинг асл кучи ҳам мана шунда.
Шу билан бирга, ушбу китоб сиёсий арбоб, давлат раҳбари – Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев портретига берилган сиёсий баҳо ва маърифий эътирофдир. Президентнинг билим ва тафаккури, шижоати, фидойилиги, халқпарварлиги ҳамда ватанпарварлиги ҳаётий мисоллар ёрдамида, содда ва тушунарли тилда баён қилинган.
Муҳими шундаки, асар орқали бугунги ислоҳотлар фақат янги қонунлар ёки муҳташам иншоотлар билан эмас, балки энг аввало одамларнинг тафаккури билан ўлчанишига гувоҳ бўлиш мумкин. Бу анъанавий ёндашувлардан фарқ қилиб, янгиланишлар жамият онгидаги ўзгаришлар, инсон қадр-қиммати ва келажакка бўлган ишонч мезонлари орқали таҳлил этилади.
Ҳар бир инсон комилликка интилар экан, бу жараёнда тафаккур асосий мезон ва ўлчов эканига гувоҳ бўламиз. Муаллиф ушбу фикрни Туркия Республикаси асосчиси Мустафо Камол Отатурк фаолияти мисолида асослаб беради. Унинг қайд этишича, Отатурк халққа европача бош кийим кийишни мажбурий қилганда, шунчаки кийиниш услубини эмас, балки одамларнинг ички руҳияти ва дунёқарашини ўзгартиришни мақсад қилган эди. Бу орқали муаллиф шахс шаклланишида ва ижтимоий эврилишларда психология нақадар муҳим роль ўйнашини ҳамда бу ҳақиқат фанда аллақачон исботланганини таъкидлайди.
Асар муаллифининг фикрича, мустабид тузумдан кейинги ўтиш даврида одамлар дунёқараши ва сиёсий тафаккурининг ўзгариши, давлат тузилмалари ҳамда жамиятни ислоҳ қилишдан ҳам оғирроқ кечган. Бу жараёнда узоқ вақт давомида евроцентризм ғоялари ва муайян ҳис-туйғулар устуворлик қилди. Шу сабабли ҳам китобда бугунги янгиланишлар ва ислоҳотларнинг муваффақияти бевосита инсон тафаккурининг ўзгариши билан боғлаб таҳлил этилади.
Китобнинг кириш қисмида Тошкентнинг бир ҳудуди тарихи тасвирланади. Муаллиф пойтахт тарихини яхши биладиган китобхонлар ёдига бир пайтлар машҳур бўлган “Ўқчи”, “Эгарчи” ва “Олмазор” маҳаллаларини солади. 1980 йилларнинг охири – “қайта қуриш” даври ва мустақилликнинг дастлабки йилларида Навоий кўчаси ҳамда Хадра майдони яқинида ўзига хос чайқов бозори шаклланган эди. Китобда бу ер “тижорат қатори” деб аталган ва мустақилликдан кейин ҳам кўп йил давомида шу ном билан юрган.
Илгари ташландиқ жарлик ва эски лой сувоқ уйлардан иборат бўлган ушбу ҳудудда давлат раҳбарининг ташаббуси билан бугун муҳташам “Tashkent City” халқаро ишбилармонлик маркази қад ростлади. Мазкур улкан эврилишларнинг китобда гўзал туйғулар ва жонли тасвирлар орқали кўрсатиб берилгани ўқувчи қалбида беихтиёр шукроналик ҳиссини уйғотади.
Шунингдек, асарда давлат раҳбарининг “Tashkent City Mall” савдо-кўнгилочар маркази фаолияти билан танишиш жараёни алоҳида баён этилган. Бу тасвирларда юрт фарзанди, миллат етакчисининг чин дилдан қувонгани, халқига бўлган самимий меҳри ва садоқати яққол намоён бўлади. Мутолаа давомида ўқувчи мазкур замонавий мажмуа ҳақида қизиқарли ва керакли маълумотларга ҳам эга бўлади.
Шу ўринда Амир Темур бобомизнинг ҳикматли иборалари беихтиёр ёдингизга тўшади: “Агар сиз бизнинг қудратимизга шубҳа қилсангиз, биз қурган иморатларга боқинг”.
Дарҳақиқат, бугун Янги Ўзбекистоннинг қиёфаси ўзгача тус олган. Йирик иншоотлар, янгиланган шаҳарлар, обод маҳаллалар, қайта таъмирланган буюк обидалар ҳаммамизнинг кўз ўнгимизда жилоланиб турибди.
Шу билан бирга, “Гиннесс рекордлари китоби”дан ўрин олган Тошкентдаги Ислом цивилизацияси марказининг бунёд этилиши ҳам халқимизга буюк туҳфа, десак, муболаға бўлмайди. Асарда давлат раҳбарининг оддий одамлар, ёшлар ва болалар билан дилдан суҳбатлашиши, Ўзбекистон халқи ҳам ўз навбатида Президентига ишониши ва уни қўллаб-қувватлаши акс эттирилган.
Муаллиф китобда касаба уюшмалари фаолиятидаги туб бурилишлар ва ислоҳотларни ҳам ишончли далиллар асосида кўрсатиб беради. Жумладан, охирги йиллардаги энг муҳим тарихий воқеалардан бири сифатида янги таҳрирдаги Меҳнат кодексининг ишлаб чиқилиб, ҳаётга татбиқ этилгани, касаба уюшмаларининг меҳнат муҳофазаси соҳасидаги ваколатлари кенгайтирилиб, масъулияти янада оширилгани алоҳида белгилаб ўтилган.
Китобда мамлакатимиздаги ижтимоий ислоҳотлар таҳлил этилар экан, “Аёллар дафтари” тизими Президентнинг ўхшаши йўқ бренд лойиҳаси ҳамда инсон қадрини улуғлашнинг олий намунаси сифатида эътироф этилади. Муаллифнинг фикрича, ушбу ноёб тажрибага дунёнинг кўплаб мамлакатлари иқтисодчилари, сиёсатчилари ва жамиятшунослари катта қизиқиш билдираётгани ҳам лойиҳанинг нечоғли аҳамиятли эканидан далолат беради.
Айнан мана шу нуқтада асарнинг бош ғояси ва мақсади намоён бўлади – юртдаги туб ўзгаришларни шунчаки рақамларда эмас, балки уларни халқ тафаккури ва ижтимоий ҳаёти билан узвий боғлиқликда кўрсатиб бериш.
Давлатимиз раҳбарининг “Мен умримни шу халққа тикканман”, деган чуқур маъноли сўзлари таг-замирида инсон қадрини юксалтириш, халқ манфаатларини ҳимоя қилиш ва фаровон турмушни таъминлашдек устувор вазифалар мужассамдир. Бу ҳақиқат вақт ўтиши билан ҳаётимизда янада яққолроқ акс этмоқда. Зеро, бугун янгиланаётган Ўзбекистон ҳар бир фуқароси учун эркин, обод ва фаровон ҳаётни таъминлаб бераётган халқчил давлатга айланиб бормоқда.
Бугун амалдорлар халқ орасига кирди. Халқимиз давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилмоқда. Ҳар бир фуқаронинг мурожаати ижобий ечим топмоқда.
Муаллиф сиёсатчи нуқтаи назаридан: “...айни тамойиллар асосига қурилган давлат ҳокимиятигина том маънода халқчил, демократик ҳокимият ҳисобланади. Бундай давлат ва жамиятнинг сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий ва маънавий-маърифий илдизлари мустаҳкам ва бақувват бўлади”, дея эътироф этади.
Шунингдек, китобда иқтисодий ислоҳотлар ҳам атрофлича сарҳисоб қилиниб, пахта яккаҳокимлиги ҳамда мажбурий ва болалар меҳнатига чек қўйилгани алоҳида таъкидланади. Муаллиф туризмнинг ривожланиши, солиқ тизимидаги янгиланишлар, валюта бозорининг эркинлаштирилиши ва нақд пул билан боғлиқ муаммоларнинг бартараф этилиши каби муҳим ўзгаришларни таҳлилий маълумотлар билан бойитган. Банк-молия соҳасидаги янгиланишлар ҳамда халқаро молиявий операцияларнинг жаҳон андозалари асосида йўлга қўйилгани ҳам асар саҳифаларида кенг очиб берилган.
Ушбу китобни мутолаа қилар экансиз, Ўзбекистон тараққиёти фақат қуруқ иқтисодий кўрсаткичлар билан эмас, балки одамларнинг тафаккури, қадр-қиммати ва бугунги эришаётган ютуқлари нуқтаи назаридан таҳлил этилганига гувоҳ бўласиз. Асар нафақат илмий-таҳлилий хулосалар чиқаради, балки инсонлар қалбига шукроналик ва ватанпарварлик туйғуларини ҳам сингдира олади.
Муаллиф ўз ҳаёт тажрибаси ва теран билимига суянган ҳолда, бир нечта соҳани қамраб олган публицистик мақолаларида ҳам сиёсатчи, ҳам иқтисодчи, ҳам маърифат тарғиботчиси сифатида намоён бўлади ва жамият учун илғор ғояларни илгари суради.
Асарда тасвирланган воқеалар муаллифнинг шахсий иштирокидаги кузатувлари асосида ёритилгани китобхонни бефарқ қолдирмайди.
Эркин БАЙНИЯЗОВ,
Ўзбекистон Агросаноат мажмуи ходимлари
касаба уюшмаси республика кенгаши
раиси ўринбосари,
қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди.
ЎзА