Инсон манфаатлари устувор бўлган юрт
Мамлакатимизда 11 ноябрь – Ўзбекистон касаба уюшмалари куни сифатида кенг нишоланмоқда. Ўзбекистон касаба уюшмалари федерациясининг Меҳнат ва ижтимоий муносабатлар академиясида ҳам ушбу кунга бағишлаб бир қатор тадбирлар ташкил этилди.
Жумладан, академияда таҳсил олаётган талабаларнинг Ўзбекистон Республикаси “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги қонуни бўйича билимини ошириш, ушбу қонун моддаларини тўлақонли ўрганиш ва ҳаётга кенг татбиқ этиш кўникмаларини бойитиш, уларнинг ҳуқуқий онгини шакллантириш, фаол фуқаролик позицияси, мустақил фикрлаш, дунёқараш ва мустаҳкам нуқтаи назарни шакллантириш ҳамда соҳага оид қонунчилик ҳужжатларини кенг тарғиб қилиш мақсадида “Касаба уюшмаси билимдони” кўрик-танлови юқори савияда ўтказилди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 20 январдаги “Заковат” интеллектуал ўйинини аҳоли ўртасида оммавий-маърифий ҳаракатга айлантириш ва бошқа интеллектуал ўйинларни ривожлантиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори ижросини таъминлаш, талабаларнинг иқтидорларини намойиш этиши учун имконият яратиш ҳамда уларни рағбатлантириш, Касаба уюшмалари ходимлари кунини кенг нишонлаш, талабаларнинг меҳнат ҳуқуқларига доир билимларини бойитиш мақсадида “Заковат” интеллектуал ўйинлари ҳам ғоят қизиқарли ва самимий руҳда бўлиб ўтди.
Ушбу мусобақалар давомида академияда таҳсил олаётган иқтидорли талабаларни аниқлаш, улар орасида интеллектуал ўйинларни кенг тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, талабалар ўртасида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан илгари сурилган "Беш ташаббус"ни кенг тарғиб этиш, жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш мақсадида спортнинг мини-футбол, волейбол, баскетбол, стол тенниси ва шахмат-шашка турлари бўйича “Талабалар лигаси” мусобақалари ташкил этилди.
Ушбу беллашувларда барча академик гуруҳлар талабаларидан таркиб топган жамоалар ва талабалар ғолиблик учун кураш олиб борди.
Шунингдек, мазкур академияда 11 ноябрь — Касаба уюшмалари ходимлари куни муносабати билан тантанали тадбир ташкил этилди. Ушбу тадбирда спорт мусобақалари ва кўрик- танловлар ғолиблари муносиб тақдирланди.

Тақдирлаш маросимида Меҳнат ва ижтимоий муносабатлар академияси ректори Сайфулло Аҳмедов мамлакатимизда кечаётган янгиланиш жараёнларида инсон манфаатларига устувор аҳамият қаратилаётганини таъкидлади. Шунингдек, касаба уюшмалари тизимида академиянинг тутган ўрни, талабаларнинг ҳар томонлама мукаммал билим олиши, касб-ҳунар эгаллаши алоҳида қайд этилди.
Тадбир давомида “Касаба уюшмаси билимдони” кўрик-танлови, “Заковат” интеллектуал ўйини ҳамда спортнинг мини-футбол, волейбол, баскетбол, стол тенниси ва шахмат-шашка турлари бўйича “Талабалар лигаси” мусобақалари ғолиб ва совриндорлари тақдирланди. Ғолиб ва совриндорларга дипломлар, медаллар, кубок ва қимматбаҳо совғалар тақдим этилди.
Академия талабалари томонидан тайёрланган бадиий-мусиқий дастур маърифий тадбирга янада баланд руҳ бағишлади.
Н.Усмонова, ЎзА