Инсон капитали ва демографик дивиденд нима?
Бугунги кунда иқтисодий ривожланиш жараёнларида кўп учрайдиган ушбу тушунчалар мамлакатларнинг барқарор ўсиш стратегияларида муҳим ўрин эгалламоқда. Инсон капитали ва демографик дивиденд моҳиятини англаш эса замонавий иқтисодиётда юз бераётган ўзгаришлар ва имкониятларни тўғри баҳолашда катта аҳамият касб этади.
Ўзбекистонда демографик жараёнларнинг иқтисодий ўсишга таъсирини чуқур таҳлил қилиш, мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш ҳамда узоқ муддатли стратегик ёндашувларни шакллантириш давлат сиёсатининг устувор йўналишлари сифатида қаралади.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Болалар жамғармаси (UNICEF) вакиллари иштирокида бўлиб ўтган учрашувда ушбу масалалар атрофлича муҳокама қилинди. Тадбирда мамлакатда демографик жараёнлар, уларнинг иқтисодий ривожланишга таъсири ҳамда демографик дивиденд имкониятларидан самарали фойдаланиш йўллари кўриб чиқилди.
Муҳокамалар давомида демографик дивиденддан фойдаланиш истиқболлари, инсон капиталига инвестициялар ҳажмини ошириш ва барқарор иқтисодий ўсишни таъминлашга қаратилган устувор вазифалар таҳлил этилди. Шунингдек, аҳоли сони ўсиши ва ёш таркибидаги ўзгаришлар шароитида инсон капиталини ривожлантириш иқтисодий тараққиётнинг асосий омили экани қайд этилди.
Мутахассислар қайд этганидек, таълим сифатини ошириш, соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш, ижтимоий ҳимоя ва бандлик имкониятларини кенгайтириш орқали аҳоли салоҳиятини ошириш иқтисодий ўсишни жадаллаштиришда муҳим аҳамият эга.
Шунга кўра, улар демографик жараёнларни прогноз қилиш сифатини ошириш, ҳудудлар кесимида таҳлилларни такомиллаштириш, рақамли технологиялардан кенг фойдаланиш ҳамда илмий-тадқиқот ишларини кучайтириш орқали соҳадаги самарадорликни янада ошириш бўйича фикр алмашди.
Мулоқот якунида демографик сиёсат ва иқтисодий ривожланиш ўртасидаги боғлиқликни янада мустаҳкамлашга қаратилган амалий ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олинди.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА